ИСТИСНА БИТИМИ ДОИРАСИДАГИ БИР ҲОЛАТ ЮЗАСИДАН САВОЛ:
Шариат кенгашининг розилигини/ маъқулловини олгандан кейин Ислом банки ўз мижозлари учун турар-жой мажмуаси қурилишини молиялаштириш бўйича молиявий маҳсулот ишлаб чиқди. Маҳсулотнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
• Мижоз Ислом банки томонидан молиялаштирилиши керак бўлган турар жой мажмуасининг тўлиқ тафсилотларини (спецификация) тақдим этади;
• Банк шу тафсилотлар асосида турли қурувчи-пудратчилардан тижорат таклифларини (батафсил қурилиш режаси билан бирга) қабул қилади. Ушбу тижорат таклифларида қурилиш ишларини бажариш учун зарур бўлган харажат, вақт ҳамда мажмуанинг топширилиш муддатлари баён этилган бўлади. Шу билан бир қаторда, мижоз ўзи танлаган пудратчидан банк номига ёзилган тижорат таклифини олиб келиши ҳам мумкин;
• Қурилиш ишларини бошлаш учун Ислом банки пудратчига харид буюртмасини беради;
• Бир вақтнинг ўзида, Ислом банки мижоз билан техник тафсилотларга мос бўлган мажмуани қуриб топшириш бўйича шартнома тузади, лекин бу шартноманинг нархи банк устамасини ҳисобга олган ҳолда қимматроқ бўлади ва уй қуриб топширилгандан кейин бир ой ўтгач бошланадиган муддатли тўлов шартини ўз ичига олади.
• Қурувчи-пудратчи томонидан юзага келиши мумкин бўлган кечикишларни ҳисобга олган ҳолда, банк мижозга уйни қуриб топшириш муддатини пудратчи билан келишилган етказиб бериш санасидан бошлаб бир ойдан кейин белгилайди.
Одатий вазиятда юқоридаги тартиб яхши ишлайди. Бироқ, агар пудратчи томонидан қуриб битказиш бирор сабабга кўра бир ойдан кўпроқ муддатга кечикса, жараён мураккаблашади. Бундай ҳолларда мижоз билан келишилган тўлов жадвалларини қандай ҳал қилиш бўйича шариат кўрсатмалари қандай бўлиши мумкин?
ЮЗАГА КЕЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ҲОЛАТ БЎЙИЧА ТАКЛИФ ҚИЛИНГАН ЕЧИМ:
Юқоридаги ҳолат Истисна ва параллел (ёндош) Истисна бўлиб, банк Истисна шартномасига киришиш орқали мижозга тавсифланган мулк (актив)ни сотиш бўйича шартнома тузади. Шу билан бир пайтда, банк ўша хусусиятларга эга мулкни қурувчи-пудратчидан параллел Истисна шартномаси орқали сотиб олиш бўйича шартнома тузади. Иккала шартнома ҳам шариат нуқтаи назаридан бир-бирига боғлиқ бўлмаган мутлақо мустақил битимлардир.
Шуни таъкидлаш керакки, Истиснада нархни (яъни мижоз томонидан турар жой мажмуасини сотиб олиш нархини) тўлаш активни етказиб бериш билан бевосита боғлиқ эмас. Бу борада келишув қуйидагича бўлиши мумкин:
• Мижоз Истисна шартномасида кўрсатилган нарх (битим нархи)ни шартнома имзолангандан сўнг дарҳол банкка тўлаб беришига келишиб олишлари мумкин;
• Томонлар, шунингдек, маълум бир келишилган босқичлар асосида ишни якунлаш даврида мижоз Истисна нархини тўлаши ҳақида келишиб олишлари ҳам мумкин;
• Томонлар мижоз Истисна нархини актив топширилгандан сўнг дарҳол тўлашига келишиб олишлари ҳам мумкин;
• Томонлар Истисна нархини актив етказиб берилгандан сўнг, келишилган тўлов жадвалига мувофиқ бўлиб-бўлиб тўлаш кўринишида тўлашга келишиб олишлари ҳам мумкин.
Агар банк мижоз билан муайян бир етказиб бериш муддати ва шунингдек, маълум бир тўлов жадвали бўйича келишиб олган бўлса, банк мижоздан турар жой мажмуасини фойдаланишга топшириш ҳолатидан қатъий назар, унга риоя қилишни сўраши мумкин.
Бироқ, қурувчи-пудратчи турар жой мажмуасини банкка қуриб топширишни кечиктирган тақдирда ва натижада банк виллани мижозга топширишни кечиктирган ҳолатда, у ўз хоҳишига кўра вазиятни кўриб чиқиши ва мижозга тўловларнинг бошланишини мулкни топшириш/етказиб бериш санасига мослаштиришга рухсат бериши мумкин.
Қандай бўлмасин, Истисна нархининг умумий миқдори бир хил бўлиб қолади ва фақат тўлов жадвали ўзгартирилади. Чунки, Истисна шартномаси тузилгандан сўнг, Истисна шартномаси доирасида тўланиши керак бўлган тўлов (мулкнинг нархи) харидорнинг зиммасидаги қарзга айланади ва шариат тамойилларига кўра, қарз миқдори ўз табиатидан келиб чиқиб, активни топшириш санаси ўзгариши сабабли ўзгартирилиши мумкин эмас.
Манба: Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган “Dar Al Sharia” муассасасининг фатвоси асосида тайёрланди.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар аш-Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.