Молиявий зулмга қарши кураш ҳар даврнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланиб келган. Судхўрлик (арабчада рибо) жамиятнинг ривожланишга тўсқинлик қиладиган энг катта омиллардан биридир. Унга йўл очиб берган жамият ўз оёғига болта урган ҳисобланади. Судхўрлик жамият тараққиёти учун жуда ҳам хатарли бўлгани сабабидан ҳам уни ўрганиш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Давлатлар Судхўрлик жамият тараққиётига салбий таъсир қилгани учун унга қарши жиддий курашган, баъзилари эса рибо билан муомала қилишни узул-кесил ман қилган. Рибо билан курашиш қадимги асрлар иқтисодиётида ҳам муҳим масалалардан ҳисобланиб келган.
Доктор Маҳмуд Ориф Ваҳба 1980-йил “Ал-муслим ал-муосир” журналининг 23-сонида “Иқтисод фикрида фойда назариялари” номли мақоласида қадимги халқлар давлатчилиги урф ёки қонунчилигида мавжуд бўлган рибовий муомала кўринишларини келтириб ўтган. Жумладан:
Мисрда фиръавнлар даврида
Фиръавнлар давридаги Мисрда қарз ва тижорат муомалаларидаги фойданинг даражаси 100% га етган эди. Ҳукуматнинг ўзи ҳам қарз масалаларида рибо билан амалий шуғулланар, ҳатто ибодатхонадаги коҳинлар ҳам рибога шўнғиб кетган эди.
Мисрда яшовчилар қайси миллат бўлишларидан қатъий назар мисрликми, яҳудийми, юнонми ёки римликми рибо билан шуғулланишни мол-давлат тўплаш учун касб қилиб олган эди.
Мисрдаги яҳудийлар ўзаро рибо билан муомала қилишар эди. Бу ҳақида устоз Чир Cовер ёзишича, Мисрдаги яҳудийлар Таврот таълимига зид равишда эллинизм қонунларига мувофиқ тарозида тўғри ўлчамас ва ўзаро рибо билан муомала қилар эдилар.
Бобил маданиятида
Бобил қадимги шарқ давлатлари ичида тижоратда муҳим ўрин тутган катта давлат бўлган. Рибо тижорат билан ёнма-ён юрадиган асосий омиллардан ҳисобланган. Диндор кишилар ҳам рибо эвазига қарз беришар эди. Ўртача фойда пулларда 30%, буғдой ва арпада 50% атрофида бўлар эди. Инсонлар бундай ҳолатларга оддий қарашар, бундан зиёда бўлса, ўзларининг урфида рибо фаҳш дейишар эди. Фойда баъзан 120% , баъзан эса 240% га кўтарилиб, рибонинг хунук оқибатлари жиддийлашиб кетар эди.
Тахтга Ҳаммурапи келгач, биринчи қилган иши рибода муаммо келтириб чиқараётган қонун-қоидаларни тартибга солиш бўлди. Унда рибонинг фойдаси қандай вазият бўлса-да, олган қарз бароборидан зиёда бўлмаслиги шарти қўйилди. Бу билан рибонинг устидаги фоизи баъзи ҳолатларда 450% гача кўтарилиб, ҳаддидан ошишининг олди олинди.
Ҳаммурапининг қонуни фоиз ставкасини кўтаришда ҳаддидан ошган ибодатхона кишиларига қаратилган бўлиб, улар ҳар ойда олишган фойдани йиллик 20% га туширишди.
Қадимги Ҳиндистон маданиятида
Қадимги Ҳиндистон маданиятида рибо муомаласини тушуниш учун қадимги ҳинд минтақасида ҳинд жамиятида қадимдан юзага келган табақаланишни билиш керак. Уларда бошқалардан ажраб турадиган тўртта ижтимоий табақа мавжуд:
1. Брахманлар яъни коҳинлар табақаси;
2. Кшатрий, яъни жангчилар табақаси;
3. Вайшлар, яъни деҳқон ва савдогарлар табақаси;
4. Шудра табақаси. Буларни хизматкорлар табақаси дейиш мумкин.
Ушбу табақаларнинг ҳар бири ҳудудлари ва касби-корларига кўра яна бир қанча қуйи табақаларга бўлинади.
Ҳиндистондаги энг қуйи табақа далитлар деб аталади, улар энг қора ишлар билан шуғулланишади, уларни “тегиб бўлмайдиганлар” деб ҳам аташади (илгари уларга тегинган одам ҳам шу табақага тушиб қолганлардан ҳисобланган). Бугунги кунда ушбу табақага Ҳиндистон аҳолисининг тахминан 20 фоизи мансуб бўлиб, улар давлат идораларига ва ҳатто жамоат транспортларига қўйилмайди.
У ернинг амалдаги қонунлари брахман ва акштарийя табақаларига рибо эвазига қарз беришни тақиқлайди. Ҳатто икки табақа аъзоларидан бири арзон пулга озроқ ер сотиб олиб кейин уни қимматроққа сотса ҳам рибо билан шуғулланган ҳисобланган. Вайш табақасига тижорат ва рибо билан шуғулланиш мумкин бўлган. Шудра табақасига эса бойлик тўплашнинг ҳар қандай йўли узил-кесил тақиқланган.
Қадимги Хитой маданиятида
Хитойда асрлар давомида рибо тақиқда бўлиб келган. Хитой тарихида рибо билан муомала қилгани ҳақида бирор маълумот берилмаган.
Хитойда рибо тақиқланишининг асосий сабабларидан бири қадимги Хитой файласуфлари рибонинг гуноҳ ва зарарларини тўғри англаганликларида бўлган. Шунинг учун рибо билан муомала қилишдан узил-кесил қутилишган.
Яҳудийлар маданиятида
“Эски аҳд” китоби (Таврот)да яҳудийлар ўзаро бир бирлари билан рибо муомаласи ҳаром қилинган, бошқалар билан эса бундай муомала мубоҳ бўлиши баён қилинган.
Бунда қуйидаги ҳужжатлар келтирилган: “Биродарингга кумушни ёки рибога бериладиган нарсани рибога берма. Бегонага рибога қарз бер. Лекин биродарингга рибога қарз берма.”
Яҳудийларда бу матнларда келган “биродар” ва “бегона” сўзларини ишлатишдан асосий мақсад нима эканини баён қилиш керак.
Эски аҳд китобида биродар сўзи икки маънони эҳтимол қилади:
1. Тор маънода бўлиб, ақидаларини Мусо алайҳиссалом рисолатлари бирлаштирадиган яҳудийларнинг ўзлари билан чегараланади. Шунинг учун бу маъно қаерда яшаши, қаерда ишлаши, бир давлатда яшайдими, бошқа давлатда яшайдими яҳудий динидаги кишиларга тегишлидир.
2. Кенг маънода бўлиб, Мусо алайҳиссаломга эргашган яҳудийлар ва у зот башорат берган Исо алайҳиссалом ҳаворийларига ҳам далолат қилади. Бу маънога қаралса масиҳийлар яҳудийларга биродар, деб эътибор қилинади. Лекин яҳудийлар тор маънони олиб “биродар” сўзини ўзларининг миллатларигагина қўллашади.
Тарихдан маълумки, яҳудийлар асирликдан қайтиб келганларидан сўнг ўзаро рибо билан муомала қилишга келишганлар. Бу билан ўзларининг саркаш қавмларига пайғамбарларининг ғазабини қўзидилар ва ўзларига лаънат тилаб олдилар. Исо алайҳиссалом рисолатлари келганигача уларнинг ўзаро рибо муомаласидаги фойда даражаси 1% бўлган.
Қадимги Юнонистонда
Юнонларда рибо кенг тарқалган бўлиб, қарз берувчи қарздор қарзини узмаса, уни қул қилиб унга эгалик қилар, хоҳласа ўлдириши ҳам мумкин эди. Бунинг натижасида эса юнон жамиятида норозилик ва низолар келиб чиқар эди.
Милоддан аввалги олтинчи асрдаги “Сулун” дастури рибонинг хунук оқибатларини яхши йўл билан ҳал қилишни кўрсатган. Қарздорни қул қилишни тақиқлаган, баъзи қулларни озод қилган, кўп қарзларни камайтирган, баъзиларини узил-кесил бекор қилган, ҳатто фойданинг чегарасини белгилаган бўлсада, рибо муомаласини буткул тақиқланмаган.
Бутпарастлар даврида
Римликлар рибо муомаласига оддий масала сифатида қарагани учун уларда рибо кенг тарқаган, маълум ва машҳур эди. Империя бошланишида қарз эвазига ҳар қандай фойда олишни ман қилган эди. Лекин империянинг мавқеи ошиб савдо ишлари ривожлангани учун бу қонун доимий бўлмади ва рибо йўллари очилиб кетди.
Бу орада юнон мутафаккирларининг қараши ҳам турлича бўлди, баъзилари уни мумкин эмас деса, баъзилари маълум чегарада мумкин дейишди.
Файласуф Цицерон рибодан фойдаланишни мутлақо мумкин эмас, деган ва унинг фикрича рибонинг жаримаси қотиллик қилганнинг жаримаси билан баробар ҳисобланади.
Сенека эса рибонинг баъзи кўринишлари маълум чегара ва шартлар асосида мумкин деган:
Рим қонунларида ҳам фойданинг энг юқори чегараси 12% дан ошмаслиги белгиланган.
Насронийлар мабаларида
Рим империяси заифлашиб парокандаликка юз тута бошлаганда масиҳийлик дини юзага чиқди. Масиҳийлар шариатида рибо масаласига қараш қўйидагича бўлган:
1. “Ким сендан сўраса унга бер. Сендан қарз олмоқчи бўлган кишини қайтарма”. (матто 5: 42)
2. “Ким сендан сўраса унга бер. Ким сендан олса ундан сўрама”. (луқо 6: 30 ) (луқо 6: 34, 35)
Масиҳийлар рибо борасида яҳудийларга нисбатан тамоман бошқа йўлдан юришади.
Яҳудийларда рибони ўзаро ҳаром қилиб, бошқалар билан рибо қилишга рухсат берилса, масиҳийлар таълимотида қарз олувчидан қарзни сўрамаслик бор.
Масиҳийлар қарз берувчи қарздордан қарзни кечишни адолатдан ҳам юқори фазилат деб ҳисоблашади. Бу фазилат қарздор камбағал бўлса, бой бўлгунича кутиш ёки тўлаб беришга имконияти бўлмаса, кечиб юборишда намоён бўлади.
Одиллик қарзнинг аслини, зиёдасини сўрамасдан олиш бўлади. Шунинг учун бу фазилатни одилликдан устун дейилмоқда.
Марҳум доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Дарроз айтганлар: “Черковдаги кишилар ва уларнинг бошлиқлари Исо алайҳиссалом таълимотлари рибо билан муомала қилишни қатъий ҳаромлигига иттифоқ қилишган. Ҳатто ҳаётга енгил қараб, кўп нарсаларни рухсат бериш билан айбланадиган иезуитларнинг боболаридан рибо ҳақида қуйидаги сўзлар ривоят қилинган: “Рибохўрлар бу дунёда шарафларини йўқотадилар, ўлганларидан кейин кафанланишга ҳақли эмаслар”.
Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, Судхўрлик илгари бошқа динлар ва тамаддунларда ҳам тақиқланган ёки қоралаган. Буни ўз вақтида англаган халқлар ундан узоқ бўлишга ҳаракат қилишган экан. Афсуски бугунги кунда ҳолат бошқача…
Мақола муаллифи: Нодирбек Нишонов
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
Фойдаланилган манбалар:
- Маҳмуд Ориф Ваҳба. Иқтисод фикрида фойда назариялари // Ал-муслим ал-муосир. 23 сон. Байрут 1980. 88 б.
- Теодор (Милоддан аввалги 340 – Милоддан аввалги 250, Юнонистон)
- Миср фиравнларининг ўттизинчи сулола охирги вакилларидан бўлиши мумкин.
- Эрамиздан олдинги ИИИ-И асрларда юнон ва Миср маданиятларининг қўшилиб ривожланган даври.
- Маҳмуд Ориф Ваҳба. Иқтисод фикрида фойда назариялари // Ал-муслим ал-муосир. 23 сон. Байрут 1980. 88-90 б.
- Бобил подшоси (мил. ав. 1792—1750). Унинг даврида Бобил давлати равнақ топган.
- Саййид Муҳаммад Ошир. Ар Рибо ‘индал яҳуд. “Дорул иттиҳодил аробийя. Қоҳира 1972, 6 бет.
- Маҳмуд Ориф Ваҳба. Иқтисод фикрида фойда назариялари // Ал-муслим ал-муосир. 23 сон. Байрут 1980. 93 б.
- Библя (Муқаддас китоб)нинг бир қисми /Таврот ва Забур деб номланган китоблар киради.
- Библя, Эски аҳд, Мусонинг беш китоби, қонунлар (второзаконие). 23 боб, 19-20-жумлалар. Библия, Российскоэ Библейскоя Обшество. Москва, 2000. 204-бет.
- Маҳмуд Ориф Ваҳба. Иқтисод фикрида фойда назариялари // Ал-муслим ал-муосир. 23 сон. Байрут 1980. 95 б.
- юнонларнинг машҳур етти файласуф-ҳакимларидан бири Сулун (mil.av. 640 йилда туғилган)
- Цицерон Марк Туллий (м.а. 106-43 йй.) таниқли давлат арбоби ва машҳур нотик бўлган.
- СEНEКА Кичик Луций Анней (Милоддан аввалги (тахминан) 4 йилда туғилиб, милоднинг 65 йилида вафот этган). Қадимги Рим шаҳрида яшаб ўтган файласуф, шоир ва сиёсий арбоб, асл ватани Испания эди.