«Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир.»
Олди-берди чоғида ўлчашни тўғри олиб бориш, бирор нарсани тортиб беришда адолат тарозуси ила тортиш аҳдга вафо қилишнинг кенг тарқалган кўринишларидан биридир. Кишилар ўртасидаги таомилда доимо мавжуд омилдир. Тўғри ўлчаб, тўғри тортиш омонатдир; қалб поклигининг аломатидир; ўзаро ишончга боғлиқ нарсадир; хайр-барака омилидир.
Исломнинг кўпгина юртларда кенг тарқалишига айнан мусулмон савдогарларнинг тўлиқ ўлчовлари, тўғри тортишлари, бировнинг ҳақига хиёнат этмасликлари, омонат ила муомала қилишлари сабаб бўлган. Умрида бундай гўзал ахлоқни, омонатли, ҳалол-пок кишиларни кўрмаган турли халқлар вакиллари мусулмон савдогарлардан ушбу адолатли муомалаларни кўриб, бу гўзал шарофатларнинг манбаи бўлган Ислом динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлаганлар.
Афсуски, кейинги пайтларда мусулмонларда бу сифатлар камайиб, мунофиқларга хос иллатлар – ваъдага вафо қилмаслик, омонатга эътиборсизлик, ёлғон ишлатиш каби иллат-нуқсонлар кўпайиб қолди, бу эса ўз салбий натижаларини кўрсата бошлади. Ёлғон аралаштириб топилган мол-мулк луқмага ҳаром аралашди дегани. Ҳаром луқмани биринчи асоратларидан бири эса, дуоларнинг қабул бўлмай қолишидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: «Эй Раббим, эй Раббим», дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин», деганлар. (Муслим ривояти).
Дуоси қабул бўлмаслик инсоннинг ўзи ва оиласи учун муаммо бўлса, омонатга беэътиборлик, савдо-сотиқда ёлғон ишлатиш, бошқаларнинг ҳақларига риоя қилмаслик каби иллатлар бутун жамиятга таъсир қилади, мусулмонларнинг обрўсига путур етказади, бошқаларда (ғайридинлар, дахрийлар…) ислом ва мусулмонлар ҳақида салбий фикр шаклланишига сабаб бўлади. Албатта, ҳаром ёки шубҳали луқма билан боқилган авлодлар ҳам шунга яраша қисматга эга бўлади. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло бизларни оқибати гўзал бандаларидан бўлишимизни насиб этсин.
Манба: “Тафсири ҳилол” асосида тайёрланди.