“Етимнинг молига то у вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар.”
Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки, молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам, етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.
«Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг».
Бу ҳам ижтимоий алоқаларни яхшилаш, бировнинг ҳаққини емаслик йўлида кўрилган чора. Олди-берди вақтида ўлчаб берилган бировнинг ҳаққини ейиш ҳаром. Тарозида тортиладиган нарсаларни қинғир тортиб, бировнинг ҳаққини емоқ ҳам ҳаром.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлчов ва тарози билан ишлайдиганларга: «Сизлар ўзингиздан олдинги умматлар ҳалокатига сабаб бўлган ишни олгансизлар», – деганлар. Бу ишда жуда ҳам адолатли бўлиш зарурлиги, бошқа ояти карималар ва ҳадиси шарифларда ҳам таъкидланган.
«Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз».
Ақийда бобида, ибодат ва муомала бобида ҳам қоида – шу. Ўлчов ва тарозида адолатли бўлиш эса ҳеч кимга ҳеч қандай оғирлик туғдирмайди (яъни бу иш инсонни тоқатидан ташқари нарса эмас).
«Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг».
Мумин-мусулмон одам доимо Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш олиб бориши зарур. Бу эса, унинг доимо адолат ила гапириши лозимлигини тақозо қилади. Шунинг учун, ҳақиқий мусулмон инсоний заифликка бориб, қариндошларига ноҳақ ён босишга имкон бермайди. Адолат Аллоҳнинг амри бўлиб, барча унинг олдида баробар. Бир ҳукмда қариндошга бир хил, бошқага ўзгача муомала қилиш мумкин эмас.
«Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг».
Аллоҳга берган аҳдда ушбу оятларда зикр қилинаётган ҳодисалар, жумладан, қариндошга бўлса-да адолат қилиш, ўлчов ва тарозини адолат билан адо этиш, Аллоҳга ширк келтирмаслик ва бошқалар бор.
«Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар».
Яъни, ғофил бўлмасдан, ҳар бир нарсани эслаб, қилар амалларингизни Аллоҳ амрига мувофиқ олиб борсангиз.
Манба: Тафсири ҳилол