وَهُوَ ٱلَّذِىٓ أَنشَأَ جَنَّـٰتٍۢ مَّعْرُوشَـٰتٍۢ وَغَيْرَ مَعْرُوشَـٰتٍۢ وَٱلنَّخْلَ وَٱلزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُۥ وَٱلزَّيْتُونَ وَٱلرُّمَّانَ مُتَشَـٰبِهًۭا وَغَيْرَ مُتَشَـٰبِهٍۢ ۚ كُلُوا۟ مِن ثَمَرِهِۦٓ إِذَآ أَثْمَرَ وَءَاتُوا۟ حَقَّهُۥ يَوْمَ حَصَادِهِۦ ۖ وَلَا تُسْرِفُوٓا۟ ۚ إِنَّهُۥ لَا يُحِبُّ ٱلْمُسْرِفِينَ
“У (ишкомларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмо ва экинларни, емагини хилма-хил қилиб, зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган Зотдир. Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар. Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас.”
«У (ишкомларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни», пайдо қилган зотдир.
Ояти каримада зикр қилинган «(ишкомларга) кўтариладиган боғлардан» мурод узумга ўхшаш, кўтариб парвариш қилинадиган мевалардир. Кўтарилмайдигани бошқа неъматлардир. Буларнинг ҳаммасини яратган йўқдан бор қилган зот Аллоҳ таолонинг Ўзи. Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай зот бирор баргни ҳам йўқдан бор қила олмайди. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, турли гулларни чанглатиш ёки мевалар новдасини пайванд қилиш «яратиш» эмас. Аслида, бор нарсани Аллоҳ, берган ақл, қўл ва бошқа воситаларни ишлатиб парвариш қилиш, холос. У ҳам Аллоҳ истаса, самара беради, бўлмаса, йўқ.
«…хурмо ва экинларни емагини хилма-хил қилиб», йўқдан бор этган зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи. Ундан бошқа ҳеч бир зот навини хилма-хил қилиш у ёқда турсин, бир дона хурмо, бирорта экин донини ёки маҳсулотини ҳам пайдо қила олмаган ва олмайди ҳам. Хурмо навларининг ва бошқа экинлар навларининг хилма-хиллиги Аллоҳнинг биру борлигига ва ризқ берувчи ягона зот эканига, бинобарин, ҳалолни ҳалолга, ҳаромни ҳаромга ажрим қилиш фақат унинг ҳаққи эканлигига далилдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло:
«…зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган Зотдир».
Мазкур меваларнинг дарахтлари, шох ва барглари бир-бировига ўхшаса ҳам, мевалари бир-бирига ўхшамайди. Зайтун дарахти бир-бирига жуда ўхшайди, улар орасидаги фарқни мулоҳаза қилиш қийин. Аммо зайтун меваларининг таъми ва ранги бир-биридан фарқ қилади. Шунингдек, турли навли анор дарахтларининг шох ва барглари бир-бирига жуда ҳам ўхшаш. Аммо, меваларига келсак, бири чучук, бири нордон, бошқаси йирик донли, учинчисини дони майда ва ҳоказо. Уларнинг жумласини дунёдаги барча нарсаларни йўқдан бор қилган Аллоҳ таолонинг ёлгиз Ўзи яратгандир.
Шу боис ҳам, у зот куйидаги амрни қилишга тўла ҳақлидир:
«Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар».
Ушбу меваларни йўқдан бор қилган Зот сизга демоқдаки, мевалар ҳосилга кирган кун унинг ҳосилидан тановул қилинглар. У сиз учун ҳалолдир. Фақат ўша мева ва экинлар сизнинг мулкингиз бўлса, йиғим-терим куни ҳаққини беринглар. Ушбу мева ва зироат экинлари йигим-теримидан ҳаққини бериш, улардан закот чикариш демакдир. Шундан келиб чикиб, уламолар ушбу оят ҳақида турлича фикрлар айтганлар. Мева ва зироат экинларидан закот Маккада нозил бўлган ва у пайтда закот фарз бўлмаган эди, дейишади. Бошқалари, айнан ушбу оят Мадинада нозил бўлган, деб гумон қиладилар. Бу ҳақдаги ҳамма маълумотларни ўрганиб чиққан муҳаққиқ уламолар эса, ояти карима Маккада тушгани аник, ўша пайтдан бошлаб мева ва зироат экинларидан ўз хоҳишига қараб камбағалларга бирор нарса бериш вожиблигига амал қилина бошлаган, аммо иккинчи ҳижрий санада, закот фарз бўлгандан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мева ва экинларнинг закот микдорини ҳадислари билан баён қилиб берганлар, дейишади. Ушбу охирги фараз тўғри деб қабул қилинган.
Агар экинлар суғорилмайдиган бўлса, унинг ўндан бир ҳиссаси закот тариқасида ҳақдорларга берилади. Бу амал ушр дейилади. Аммо, экинларни ўстиришда деҳқон сув чиқариб, ўзи қўшимча мехнатлар қилган бўлса, йигирмадан бир ҳиссасини закотга беради. Ана шунда мазкур экин ва меваларнинг ҳақиқий эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг амрини бажо этган бўлади. Аллоҳнинг мева ва экинлар ҳақидаги яна бир амри:
«Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас».
Исроф қилмаслик умумий маънода: йиғиб-териб олишда, сақлашда, бировга беришда ва нихоят, тановул қилишда ҳам. Жумладан, ўша нарсаларни (кофир ва шайтонларнинг гапига кириб), ҳаромга чиқариб, емай юриш ҳам исрофга киради. Ким исроф қилса, Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлади. Чунки:
«Албатта, у исроф қилгувчиларни севмас».
Манба: “Тафири ҳилол”