Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан хеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида олаверасизми?
Ва кандай хам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам ахду паймон олганлар-ку?!
Уйланаётган пайтда аёлга берган маҳрини қайтариб олиш учун аёлларга турли зулм ва жабру ситам ўтказиш жоҳилий арабларнинг одати эканини аввалги оятлар баён этган эди. Ушбу оятларда Аллох, таоло мўмин-мусулмонларга қайтадан хитоб қилиб, мазкур ишнинг ғоятда нотўғри эканлигини баён қилмоқда.
Аввалги оятларнинг кўрсатмаларига амалан, қийин бўлса-да, сабр этиб, чидаб, яхшиликда яшашга уриниб, тузалиб кетишидан умидвор бўлиб қилинган ҳаракатлар барибир фойда бермасаю, ажралишдан ўзга чора қолмаса:
«Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан хеч нарсани қайтариб олманг!»
Биз «хаддан зиёд» деб таржима қилган маъно ояти каримада «қинтарон» деган лафз билан ифодаланган. Араблар бу сўзни кўп миқдордаги молга нисбатан ишлатадилар.
Баъзилар худди шу ояти каримани далил қилиб, маҳрига ҳар қанча кўп мол берса бўлади, дейдилар.
Уламоларимиз бу мавзуда сўз кетганда ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоху анхунинг машҳур қиссаларини эслатадилар. Ҳофиз Абу Яло Шаьбийдан, у киши Масруқдан ривоят қиладилар:
«Халифалик даврида Умар ибн Хаттоб Расулуллох соллаллоҳу алайхи васалламнинг минбарларига чиқиб:
«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз- ку! Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам ва у кишининг саҳобалари тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар. Ундан ҳам оз бўлар эди. Агар махрни зиёда қилиш Аллохга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг махрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» деди-да, минбардан тушди. Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқди-да:
«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» деди. Умар:
«Ҳа», деди. Аёл:
«Аллоҳ Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг?!» деди. Умар:
«У қандай ҳукм экан?» деб сўради. Шунда аёл:
«Аллоҳнинг «…ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам…» деган оятини эшитмаганмисан?!» деди. Умар: «Парвардигор, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», деди-да, қайтиб бориб яна минбарга чиқиб: «Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликка амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Аёл тўғри айтди», деди».
Аммо, уйланаётган вақтида озми-кўпми маҳрини бериб қўйиб, ажрашаётганда уни қайтариб олишга уриниш мусулмон кишига хеч тўғри келмайдиган иш. Ушбу оятда бу ишни очиқ ман этиш билан бирга ҳикмати ҳам баён қилиниб, эркаклар виждонида нозик ҳиссиётлар қўзғатилмоқда. Куръоний таъбирга эътибор беринга, қандай ҳам ҳассос, қандай ҳам таъсирли!
«Ва кандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам ахду паймон олганлар-ку?!»
Никоҳ туфайли эру хотин нафақат жисман, балки руҳан хам қўшилади. Уларнинг ҳис туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту саодатлари барча-барча нарса қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳнинг исми ила, Пайғамбарнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир. Ана ўша қудусият ҳурмати, бирга ўтказган ҳаёт ҳурмати, қовушиб кетган нарсалар ҳурмати, ажрашганда хам яхшилик билан ажралмоқ керак. Бир вақтлар рози бўлиб берган маҳрни ўзи билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаган аёлдан қайтариб олишга уриниш мусулмон одамга, қолаверса, эркак зотига хеч ярашмайди. Ояти каримадаги, «…улар сиздан мустахкам аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳакида Суфён ас-Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деганлар. Робеъ ибн Анас эса: «Бу, Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васалламнинг:
«Сиз уларни Аллохнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.
Манба: “Тафсири ҳилол”