Эй, иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла мерос қилиб олиш ҳалол эмас. Очик, фаҳш иш (бузуқлик) қилмасалар, берган нарсаларингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик билан ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликлар пайдо қилса.
Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмокда (йўққа чиқармоқда). Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хохласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, беҳуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллох таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён килмокда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармокда.
Биз «уларни зўрлик-ла ушлаб турманг» деб таржима қилган маъно Куръоний таъбирда «азл» дейилади. «Азл»нинг бу оятдаги маъноси хақида уламолар қуйидаги фикрларни айтганлар: Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анху: «Азл» – қаҳр демакдир. Яъни, эр киши хотинини ёктирмай қолса ва унга берган маҳрини қайтариб олишни хохласа, унга қаҳр этиб, зулм ўтказиб, охири аёл чидаёлмай, маҳрини қайтариб бериб бўлса ҳам, ўзидан ажрашга мажбур қилишга уринади», дейдилар.
Абдурроҳман ибн Зайднинг айтишларича: «Қурайшийларнинг тушунчасида «азл» қуйидагича бўлган: Бир одам обрўли аёлга уйланади. Кейин, тўғри келмай ажрашади. Лекин узининг изнисиз у аёл бошқа эрга тегмаслигини шарт қилади. Агар у аёлга совчи келиб, хотин совчи берган молдан бериб уни рози қилса, эрга тегишга изн берар, бўлмаса, ушлаб тураверар эди».
Машҳур муфассир Ибн Касир бунинг тафсирида: «Яъни, аёлларга берган маҳрингизни қайтариб берсин учун, уларга турмушда зўрлик ўтказманг, дегани», дейдилар. Мазкур фикрларнинг хаммаси бир-бирини тўлдиради. Шу билан бирга, бу ривоятлар Ислом ҳукмлари бўлмаса, аёлларга қанчалик зулм бўлишини кўрсатиб турибди. Ислом таълимотлари, жумладан, ушбу ояти карима мазкур зулм ва жабрларни ман қилиш билан бирга эркакларга хотинлари ёкмай қолган тақдирда ҳам, улар ила яхшиликча яшашни буюради:
«…ва улар билан яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллох сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни пайдо қилса».
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа мухаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам, орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дархол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар.
Аллома Ибн Касир: «Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», деган. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига яхшиларингизман», деганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари аёлларига гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсанд, уларни эркалаган, лутф кўрсатган, нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар. У зот соллаллоху алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб кулишар эдилар. Ҳатто Оиша онамизнинг кўнгиллари учун у киши билан югуришда мусобақа ҳам қилганлар.
Муҳаддисларимиз бу ҳақида Оиша онамизнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Семирмасимдан аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан югуришда мусобақа қилиб ўзиб кетдим. Семирганимдан кейин яна югуришган эдик, у киши ўзиб кетдилар-да: «Буниси билан аввалгиси биру бир бўлди» дедилар». Бунга ўхшаш ривоятлар кўп.
Инсон ожиз, эртага нима бўлишини билмайди. Шунинг учун хам, ёқмай қолди, деб хотинига ёмонлик қилишга, уни талоқ қилишга шошилмаслик керак. Чунки: «Шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликлар пайдо килса».
Шоядки, бир муддат ёқмай қолган аёлга кейинчалик меҳр тушиб қолса ёки ундан ажойиб фарзандлар туғилса! Келаси ояти каримада жоҳилийларнинг ажрашиш пайтида аёлга зулм қилиб, унга берган маҳрларини зўрлик-ла қайтариб олишлари танқид қилинади.
Манба: “Тафсири ҳилол”