“Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан кандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар.”
Бу ояти каримани тафсирчи уламолар икки хил таъвийл килганлар. Иккови ҳам тўғри. Иккови ҳам бир-бирини тулдириб, ояти кариманинг маъносини янада ойдинлаштиради.
Биринчи таъвийлга биноан, отаси ўлиб етим қолган болаларни оталиққа олган одам ўша етим болаларнинг ўрнига ўз болаларини қўйиб тасаввур килсин. “Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар”. Гуё унинг ўзи вафот этиб, ортида заифҳол болалари қолганини ўйлаганда қандай қўрқса (нимани ҳис қилса), қўлидаги етим болаларга ҳам шундай назар (ҳис) билан карасин, деган маъно чикади. Бунда етимларни оталиққа олган кишида оталик меҳрини уйғотиш билан унинг етимларга бўлган раҳм-шафқати зиёда килинмокда. Шу билан бир вақтда, “Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар“, деб Аллох таолога тақво қилишга ҳам чорланмокда.
Иккинчи таъвийлга биноан, оятдаги амр ўлим тўшагида ётиб васият қилаётган одам олдида гувоҳ сифатидами ёки бошқа бир сабабданми ҳозир бўлган кишиларга қаратилган. Агар васият килувчи меросхўрларга зарар етказадиган васият қилмоқчи бўлса, мисол учун, «Ҳамма мол-мулкимни фалон нарсага сарфланглар», деса, ёнида турган одам васият килувчининг ортидан колаётган болаларини худди ўз болаларидек тасаввур килсин-да, унга насихат килиб, меросхўрларга зарар келтирадиган васиятдан воз кечишга ундасин.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят килишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом касал ётган Саъд ибн Аби Ваккос розияллоху анҳуни кўргани кирдилар. Саъд ибн Аби Ваккос розияллоху анҳу:
«Эй, Аллохнинг Расули, мен молдор одамман. Битта кизимдан бошка меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан иккисини садака килсам, майлими?» деди. Пайгамбар соллаллоху алайхи васаллам: «Йўқ», дедилар. Саъд розияллоху анху:
“Ярмини-чи?» деди. Пайғамбар соллаллоху алайҳи ва саллам:
«Йўқ», дедилар. Саъд розияллоху анҳу:
«Учдан бирини-чи?» деб сўради. Пайғамбар соллаллоху алайҳи ва саллам:
«Учдан бири майли. Учдан бири ҳам кўп», дедилар. Сўнгра эса: «Меросхўрларингни бой қолдиришинг уларнинг камбағал бўлиб, одамлардан тиланиб юришларидан яхшидир», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шариатда ўлим олдида килинган васият мол-мулкнинг учдан биридан бошқасига таъсир килмаслиги ҳукми жорий қилинган. Яъни, бир одам молининг учдан биридан кўпини бирор ишга, ҳатто хайрли ижобий ишга сарфлашни васият қилган бўлса ҳам, унинг васияти фақат молнинг учдан бирига ўтади, холос.
Манба: “Тафсири Ҳилол” китоби