Кўпчилигимиз баъзида ўзимизга қуйидаги саволни берамиз: нима учун динимизда шундай қадриятлар ва самарадорликни оширишга қаратилган тизим мавжудлигига қарамасдан, биз бугунги кунда самарадорлиги паст умматга айланиб қолдик?
Бу мураккаб савол устида шахсан мен анчадан бери бош қотираман.
Албатта, биз бу ҳолатимиз учун осонгина “ташқи кучларни” айблашимиз мумкин, аммо аслида биз ўзимизни ойнага солишимиз ва ўзимизга савол беришимиз керак: нима учун бундай ҳолатдамиз?
- Нега биз “Иқро” (ўқинг) уммати бўлсак-да, дунёдаги энг юқори саводсизлик кўрсаткичларига эгамиз?
- Нима учун биз “Иъмалу” (ишланг) уммати бўлсак-да, дунёдаги энг юқори ишсизлик даражасига эгамиз?
- Нега биз “Тафаккур” (мулоҳаза) уммати бўлсак-да, биз энг кам Нобел мукофоти совриндорларига эгамиз?
Бу саволга жавоб беришдан олдин биз мусулмон уммати доим ҳам шундай бўлмаганлигини тан олишимиз керак. Аслида ислом тамаддуни (цивилизацияси) 900 йил давомида дунёнинг катта қисмини бошқарган. Мусулмонлар самарадорлиги юқори меҳнаткаш уммат бўлган, ва шу туфайли илм-фан ва маданият соҳасида жуда катта натижаларга эришган. Лекин кейинчалик самарасизлик ботқоғига ботишни бошлаган. Бу, мустамлакага айланганлигимиз учун ёки яна бошқа ташқи омиллар туфайли эмас (бу сабаб эмас, балки натижа), балки умматнинг онг остига кириб ўрнашиб қолган бир қатор янглиш тушунчалар туфайлидир.
Қуйида ўша янглиш / нотўғри тушунчаларни кўриб чиқамиз:
I. БИЗ ДУНЁГА БЕПАРВО БЎЛИШИМИЗ КЕРАК
Биз кўпинча баъзи “диндор” одамлардан биз дунёга бепарво бўлишимиз ва унинг “ёвуз тузоқларига” тушиб қолмаслигимиз керак деган гапни эшитиб қоламиз. Келинг,
дунё ҳақида Қуръон оятларига қарайлик, биз унда кўплаб қизиқарли маълумотлар топамиз:
Сиз дунёни эътиборсиз қолдириш ёки ундан нафратланиш кераклиги ҳақида бирорта ҳам оят йўқлигини кўрасиз. Бирорта ҳам! Аммо сиз қуйидаги оятларчи дейишингиз мумкин: |
---|
“Бу дунё ҳаёти ўйин ва чалғитишдан бошқа нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми?” (6:32) |
“Эй, иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида қўзғалинг, дейилса, ерга ёпишиб олдингиз. Ёки охиратни қўйиб, дунё ҳаётига рози бўлдингизми? Охират олдида бу дунё ҳаёти жуда оз-ку?!” (9:38) |
“Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас дунё ҳаёти сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказувчи (шайтон) сизни Аллоҳ ила (Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи деб) ғурурга кетказмасин.” (35:5) |
Илтимос, шу оятларни яна бир марта ўқиб чиқинг. Уларда нима дейиляпти? Улар бу дунёга эмас, балки дунё ҳаётига бепарво бўлишга, уни яхши кўрмаслик, унга берилмасликка чақиряпти. Бу иккиси ўртасида фарқ бор эканми?
Ҳа, Қуръонда бу икки тушунча ўртасида фарқ кўрсатилган. Дунёнинг ўзи эсланганда одатда ижобий, дунё ҳаёти эсланганда эса салбий маънодаги оятларни кўришимиз мумкин. Мана, дунё ҳақида ижобий мазмундаги бир неча оятлар:
“Ва улардан баъзилари: “Роббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”, дейдилар.” (2:201)
“Ким бу дунё савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам у дунёнинг савоби бордир. Ва Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир.” (4:134)
“Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади.” (3:148)
Агар дунё шунчалик ёмон бўлса ва биз бу дунёни эътиборсиз қолдиришимиз керак бўлса, унда нега Аллоҳ ундаги ажрлар ҳақида ижобий оятларни нозил қилди? Биз бу оятлардаги маъноларни фарқлашимиз ва уларни аниқ-тиниқ тушуниб олишимиз керак.
Бу дунёда яшаш, инсоният ривожи ва жамият равнақи учун ундан манфаат олишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Ислом бизни Аллоҳнинг розилигини излаш ва топишга бўлган сайъ-ҳаракатни эсдан чиқариб, бу дунё неъматларига берилиб, кетишдан қайтаради.
Афсуски, биз бугунги кунда дунёдан нафратланиш керак деган фикр билан яшайдиган мусулмонлар ичидамиз. Ўйлашимизча, улар бу фикрни ўзларининг самарали мусулмон бўлмаганликлари учун қайсидир маънода “узр” сифатида илгари суришади. Ҳар гал сиз уларга бошқа жамиятлар (масалан, ғарб жамияти) қандай илгарилаб кетишгани ҳақида гапирсангиз, улар “бу дунё улар учун, бизга эса охират ҳаёти”, дейишади. Худдики, бу икки тушунча бир-бирига боғлиқ бўлмаган тушунчалардек. Ахир бу дунё охират экинзорику! Биз бу дунёда нима эксак, охиратда шуни ўрамиз. Биз охират мукофотига умид қилган ҳолда, бу дунёда яхши амаллар қилиб, жамият тараққиёти ва равнақини таъминлашга ҳаракат қилишимиз керак эмасми!? Эсимиздан чиқармайлик, дунё ва охират бир бирига чамбарчас боғлиқ!
Тасаввур қилиб кўринг, саҳобалар “бу дунё улар (яъни ғайридинлар) учун, бизга эса охират ҳаёти” деган тушунча асосида яшашганда, ислом тамаддуни (цивилизацияси) ўз олтин даврини кўрган бўлармиди?
Келинг, яхшиси ушбу тушунмовчиликни йўқ қилайлик ва уни бизнинг бахтсизлигимиз ва ачинарли ҳолатимиз учун сабаб қилиб кўрсатмайлик. Агар биз бу англашилмовчиликни йўқотсак, охират мукофоти умидида дунё билан шуғулланувчи, уммат ва умуман инсониятни яхшилашга ҳаракат қилувчи мусулмон авлод етишиб чиқиши мумкин бўлади.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров