Бизни инсонлигимизни белгилайдиган нарса бу руҳимиздир, усиз биз ҳеч қандай қийматга эга эмасиз. Самарадорлик илми танага қаратилган, гарчи руҳ танага қараганда самарадорлик учун кучлироқ омил бўлсада.
Замонавий жамиятда яшашимиз сабабли, қалб кўп ҳолатларда эътибордан четда қолмоқда, чунки бу жамият “агар сиз бирор нимани ушлаб кўролмасангиз, ҳидлолмасангиз, ҳис қилолмасангиз, кўролмасангиз, эшитолмасангиз, унда у нарса мавжуд эмас” дейди. Аллоҳ таоло Қуръон каримда қуйидагича марҳамат қилади: “(Пайғамбар), улар сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Сиз: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айтинг” (17:85). Аллоҳ бизга руҳ ҳақида кўп маълумот айтмаган бўлсада, У руҳни озиқлантириш йўлларини ва воситаларини очиб берган.
Ислом дини (энг охирги дин сифатида) инсониятга руҳни ва танани озиқлантиришнинг амалий ва мувозанатли тизимини таклиф қилувчи ягона диндир. Ислом дини беш вақт намоздан тортиб ҳар йилги Рамазон ойи рўзасича бизнинг қалбимизни озиқлантиришга қаратилган режага эга, шу билан бирга бизни бугунги замонавий ҳаётда фаол бўлишга ҳам ундайди.
Стивен Ковей (Steven Covey)нинг “Юқори самарали инсонларнинг етти одати” деб номланган китобида шу етти одатнинг бири бу – “оқибатини ёдда тутган ҳолда бошлаш” эканлигини таъкидлаган. Мусулмон учун “оқибат” тушунчаси бу – охиратдир. Бу, руҳни озиқлантириш, охиратга ишониш ва самарадорлик билан боғлиқ тушунча. Агар сиз охиратга, яъни жисмоний ўлимдан кейин ҳам ҳаёт борлигига ишонсангиз, демак сиз, бу дунё ҳаётидаги самарадорлигингиз охират мукофотларига бевосита боғлиқ эканлигини тушунасиз. Агар бундай бўлмаса, демак сиз, бу ҳақда етарлича ўйламайсиз.
Жаннат инсониятнинг “туғилган жойи”дир, чунки Одам (алайҳиссалом) у ерда яратилган ва яшаган. Қуръонда шундай дейилган: “Биз яна айтдик: “Эй, Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (унинг неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз” (2:35). Бироқ, Одам Ато ва унинг жуфти Аллоҳ тақиқлаган дарахтдан ейишди, сўнг Аллоҳ уларни (ҳатто улар кечирилгандан кейин ҳам) ва уларнинг авлодларини синаш ва улардан қайсилари жаннатга лойиқ эканлигини кўриш учун ерга туширди.
Афсуски, биз буни бутунлай унутдик. Биз бу дунёда гўёки абадий яшайдигандай яшамоқдамиз ва охират тўғрисида зикр қилган инсон дарҳол “ғалатироқ инсонлар” қаторидан жой олади. Шунга қарамай, охират, қиёмат куни ҳақлигини, жаҳаннамда ҳам, жаннатда ҳам абадий ҳаёт борлигини англаш, чинакам самарали ҳаёт тарзини истаган ҳар бир инсон ҳаракатга тушиши учун етарли ундовдир (мотивация).
Бундан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни биз қуйидаги нарсалардан сўралишимиз ҳақида айтганлар: илм, ундан қандай фойдаланганлигимиз, ёшлик, уни қандай ўтказганлигимиз, ҳаёт, унда қандай яшаганлигимиз ва бойлик, уни қаердан топиб, қаерга сарфлаганлигимиз. Агар ушбу саволлар ҳақида ўйлаб кўрсангиз, уларнинг барчаси самарадорлик билан боғлиқлигини топасиз. Илмимиздан самарали фойдаландикми, ёшлигимизни қандай ўтказдик, ва ҳоказо.
Шундай экан, охиратга бўлган эътибор бизни жамиятдаги турли вазифаларимиз ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилишни ўргатади. Бу ерда гап фақат самарали ходим ёки корхона раҳбари бўлиш ҳақида эмас, балки самарали ота/она, ўғил/қиз, эр/хотин, қўшни, фуқаро ва мусулмон бўлиш ҳақида ҳамдир.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров