Ислом инсонга бажаришни буюрган иккинчи вазифа, Aллоҳ таолонинг ердаги халифаси бўлишдир. Аллоҳ таолонинг: “..мен ер юзида халифа яратмоқчиман”, деган оятини [2:30] кўпчилик халифа бошчилигидаги исломий-сиёсий тузум маъносидагина тушунади. Лекин халифанинг Қуръондаги маъноси вақтинчалик масъулият юклатилган ноиб, васий ёки эҳтимолий вакил деган маънони англатади. Эътибор беринг, бу ерда “эҳтимолий” (инглиз тилида “potential”) сўзини қўлладик, чунки биз ер юзида ҳақиқий ноиб, васий ёки вакил бўлиш ҳуқуқини қўлга киритишимиз керак ва бу бизнинг туғма ҳуқуқимиз эмас.
Ер юзида Aллоҳнинг вакили/ноиби/халифаси бўлиш нимани англатади?
Қуйидаги ҳадис бу вазифани тушунишга ёрдам беради:
«Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг молу мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Демак, ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган)[1].
Биз бу ҳадисни кўп марта ўқиган бўлсак-да, лекин уни тўғри тушунмаганмиз, чунки биз ўзимизга юкланган масъулиятни бизга берилганларни ҳимоя қилиш ва сақлашдан иборат вазифа деб билганмиз. Аслида эса, ҳадисда ишлатилган арабча “қўриқчи” сўзи “раъ” бўлиб, араб тилида чўпонларга нисбатан қўлланади, лекин маъноси чуқурроқ. Aгар сиз чўпоннинг вазифаси ҳақида ўйлаб кўрсангиз, у шунчаки сурувни ҳимоя қилмайди, балки уларни парвариш қилади ва кўпайтиради (ривожлантиради). У янги яйловлар қидиради, касал жониворларга қарайди, ёшларига ғамхўрлик қилади ва ҳоказо. Демак, бу шунчаки оддий “қоровул” вазифасини бажариш эмас, балки жуда фаол вазифа экан. Агар ҳадисга қайтадиган бўлсак, биз нафақат бизга берилган неъматларни ҳимоя қилиш ёки сақлаб қолиш учун масъул эканмиз, балки биздан уларнинг ўсиши ва ривожланиши устида астойдил ҳаракат қилиш талаб қилинар экан.
Келинг, энди бошқа мисолни кўриб чиқамиз. Ўз вазифасини болаларни мактабга олиб бориб қўйишдан иборат, деб билган ота-онани тасаввур қилинг. Бу ота (ёки она) ўз болаларига нисбатан васийлик (раълик) вазифасини бажаряптими? Ҳақиқий васий ёки “чўпон” бўлиш учун ота-она нафақат фарзандларининг мактабга боришини, балки уларнинг мактабда қандай ўқиётгани, уй вазифаларини қилаётганлиги, нималарни ўзлаштираётгани, уларнинг ахлоқи ҳақида ҳам қайғуриши ва бу жараёнларни назорат қилиши ва бошқариши керак экан.
Ушбу ғояни ҳаётингизнинг турли жабҳаларида (мавқе, оилавий ҳаёт ва жамиятни ривожлантиришдаги ўрин) қандай қўллаш мумкинлигини ўйлаб кўринг. Эсингизда бўлсин, қиёмат куни биз васийлик вазифаларимиз юзасидан сўроқ қилинамиз, шундай экан, бу енгил-елпи қараладиган нарса эмас.
Самарадорлик исломда мақсадли бўлади, беҳуда/бемақсад бўлмайди, чунки мақсадли ҳаёт тарзи олиб бориш, бу бизнинг табиатимиз / фитратимизга хос. Бу Қуръони Каримда ҳам ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмасдан очиқ-ойдин баён этилган. Ушбу мақсадни тушуниш/англаб етиш ва уни кундалик ҳаётга татбиқ қилиш ҳар қандай инсонни ўзгартира олади, деб ишонамиз.
[1] *бошқа бир ривоятда: “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар, Подшоҳ ўз фуқароларига,эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир”, деб келган.
Муҳаммад Абдуллоҳ Фариснинг “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли китоби асосида тайёрланди.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров
Мундарижа
2 – БОБ. ИСЛОМ ВА САМАРАДОРЛИК
САМАРАДОРЛИКНИНГ ИСЛОМИЙ ШАКЛИ: МАҚСАДГА МУВОФИҚ САМАРАДОРЛИК