#САВОЛ:
Абдуллоҳ Исмоилга 30 миллион сўм қарз. Шу билан бирга, Абдуллоҳнинг бозор нархи 40 миллион сўмга тенг бўлган автомашинаси бор бўлиб, Исмоил Абдуллоҳга ўша машинани қарз эвазига беришни таклиф қилмоқда. Бу иш жоизми?
#ЖАВОБ:
Агар автомашинанинг бозор нархи 40 миллион бўлса, Исмоил 10 миллионни қайтариш шарти билангина ўша автомашинани қарз эвазига олиши мумкин. Ўзининг қарз берганлигидан фойдаланиб, қарздор қарзини тўлолмай қолганда унинг қиммат молини арзонга олиш ҳисобига фойда кўриш исломда тақиқлангандир.
Исмоил Абдуллоҳга машинани бозор нархида сотишга етадиган вақт бериши керак. Ушбу вақт одамларнинг одатда бу каби амалиёт учун керак бўладиган муддатидан келиб чиқади. Масалан, Тошкент шаҳрида ҳар шанба ва якшанба кунлари катта автомашина бозори ишлайди ва у ерда янги ёки фойдаланилган (ҳайдалган) автомашиналарни сотиш ва харид қилиш мумкин. Бундан ташқари, ҳозирги кунда замонавий савдо веб-саҳифалари ва платформалари ҳар қандай нарсани сотиш ёки сотиб олиш амалиётини янада осонлаштирмоқда.
Борди-ю, Абдуллоҳ берилган вақтда ҳам автомашинани сотмаса ёки сотолмаса, ушбу мулк икки тараф ҳам ишонч билдирадиган томон/томонлар ёки шу иш учун тузилган махсус жамоа (комиссия) тарафидан сотилиши мумкин. Бунда, икки тарафнинг ҳам манфаати кўзланган ҳолда (яъни автомашинага қиммат нарх белгилаб уни ушлаб туравермаслик ёки паст нархда сотиб қўймаслик учун) ҳаракат қилиниши таъминланади. Комиссия таркибига соҳа мутахассислари ҳам киритилиши мақсадга мувофиқдир.
Манба: Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Ислом молиясига кириш” китоблари асосида рус тилида тайёрланган ва 2021 йилда чоп этилган “Исламские финансы” китобидан олинди.