Агар харидор/мижоз муробаҳага олинган маҳсулот учун тўловларни шартномада белгиланган вақтда амалга ошира олмаса, у одатда сотувчи/банкдан тўловлар тартибини қайта кўриб, ўзгартириб беришни сўрайди.
Анъанавий банклар одатига кўра, қарзлар тўлови жадвалини қайта кўриб чиқиш, қўшимча фоиз ҳисоблаш эвазига амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, мижоз маълум сабабларга кўра кредит тўлови жадвалида ҳар ой учун белгиланган пул миқдорини тўлаш тартибини ўзгартиришни сўраши мумкин, агар банк рози бўлса бу ишни қўшимча тўлов ҳисобига амалга ошириб беради.
Муробаҳа тўловларида мазкур амалиётни бажаришнинг иложи йўқ. Чунки Муробаҳа бу олди сотди шартномаси, сотиб бўлинган нарсани нархи эса одатда қайта кўриб чиқилмайди. Лекин, бордию тўлов тартиби қайта кўриб чиқилган тақдирда ҳам, бу иш учун қўшимча тўлов олиниши мумкин эмас. Муробаҳада белгиланган қиймат ўзгармаслиги ва бошида келишилган пул бирлигида қолиши керак.
Айрим ислом банклари муробаҳа битимидаги маҳсулот баҳосини илк келишилган пул бирлигидан (валютадан), бошқа пул бирлигига, яъни қадри баландроқ пул бирлигига ўзгартиришни таклиф қилишади (масалан, шартнома қозоқ тенгесида тузилган бўлса, уни АҚШ долларига ўзгартириш). Бундай пул бирлиги ўзгариши натижасида ўша ислом банкларига маълум миқдорда фойда келтириши мумкин. Бу каби манфаат тўлов жадвалини ўзгартириш ҳисобига бўлгани сабабли жоиз эмас. Тўлов жадвалини ўзгартириш умумий тўловнинг кўпайишига олиб келмаслиги керак.
Айни пайтда, мижоз сотувчининг розилиги билан тўловни бошқа пул бирлигида амалга ошириши мумкин. Бунда, тўлов ўша кундаги бозор курсида амалга оширилиши шарт, шартнома тузилган кундаги бозор курси бўйича эмас.