Савдо номи ва белгисининг ҳукми борасида айтилганлар савдо рухсатномаси-лицензияга ҳам тўғри келади. Бу амалиётнинг кўриниши қуйидагича: кўпчилик давлатларда хориждан баъзи турдаги маҳсулотларни олиб кириш (импорт) ёки олиб чиқиш (экспорт) билан боғлиқ савдо амалиёти олиб бориш учун тегишли давлат идоралари томонидан махсус рухсатнома берилади, яъни экспорт-импорт билан шуғулланиш учун шундай рухсатнома олиш керак бўлади. Aлбатта, бу бир қарашда савдогарларни эркин савдодан тўсишнинг бир тури, лекин бу асосан ички ишлаб чиқарувчиларни ёки истеъмолчиларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланади.
Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб шундай савол пайдо бўлади: бундай рухсатноманинг эгаси уни бошқа бир тижоратчига сотиши шаръан жоизми?
Ушбу рухсатнома моддий айн (нарса) эмас, балки хориждан мол олиб кириш ёки олиб чиқиш ҳуқуқидан иборат. Бу ерда ҳам юқорида савдо номи ва белгиси ҳақида айтилган масала ва ҳукмлар тўғри келади. Яъни, бу ҳуқуқлар мустақил равишда (асолатан) собит бўлган, шундай экан улардан мол ёки пул эвазига кечиш мумкин. Ушбу рухсатномага эришиш кўп вақт, куч ва маблағ сарфлашни талаб этади. Бундан ташқари лицензия уни қўлга киритган шахс ёки ташкилотга давлат ҳужжатларида тасдиғини топган, қонуний кучга эга ҳуқуқ беради ва унинг воситасида тижоратчилар ҳукумат тарафидан яратиб бериладиган енгилликларга эга бўладилар. Шу билан бирга ушбу ҳуқуқ тижоратчилар урфида катта қийматдаги мол сифатида муомала қилингани туфайли савдоси жоиз бўлган моддий маҳсулотлар қаторига қўшилиши тўғри бўлади.
Аммо, мазкур ҳуқуқ савдосида битта шарт бор: ҳукуматда бу ҳуқуқни бошқа шахс ёки ташкилотга кўчириб ўтказилиши мумкин эканлигини тасдиқловчи қонун бўлиши керак. Агар бундай қонун ҳукуматда бўлмаса ва бу рухсатнома махсус одам ёки махсус ширкатгагина хосланган бўлса, бу ҳолатда уни сотиш жоиз эмаслигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки бунда уни сотишни иложи йўқ (рухсатномада фирма ёки шахс номи кўрсатилган бўлади), агар сотилса бу ёлғон, қаллоблик/фирибгарлик бўлади.
Манба: Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳиййа муъасиро” китоби.