Ислом дини кишиларни меҳнат қилишга ундайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (“Жумъа” сураси, 10-оят). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзида тарқалиб, ҳалол меҳнат билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда.
Инсонларнинг ризқ топиш услублари турлича: баъзилар тижорат қилади, баъзилар ҳунармандлик билан машғул, бошқалар эса давлат ёки хусусий ташкилотларда ишлайди. Меҳнат фаолиятининг туридан қатъий назар унинг динимизга мувофиқ, ҳалол бўлиши ва у орқали топилаётган ризқ пок бўлиши талаб қилинади.
Инсон ҳар қандай йўналишда меҳнат қилар экан, хоҳ бошлиқ бўлсин, хоҳ ходим бўлсин, маош, иш ҳақи деган тушунчага тўқнаш келади. Ушбу молиявий муомала адолатга таянган ҳолда бўлиши жиҳатидан, шариатнинг бу борада ўз қоида ва кўрсатмалари мавжуд. Қуйида ишчилар ва уларнинг иш ҳақи борасидаги баъзи масалаларни ёритамиз.
Шариатда ишчи ходимлар икки турга бўлинади:
1. Умумий ишчилар – омма учун хизмат қиладиган ишчилар бўлиб, улар бир киши ёки ташкилотга боғланган бўлмайдилар. Ким тарафидан буюртма берилса, келишув асосида ишни бажариб, ҳақларини оладилар.
2. Хос ишчилар – маълум бир шахс ёки ташкилот бошқаруви остида, келишувга асосланиб, муайян вақт мобайнида ўз меҳнатини ижарага топширган инсонлар. Улар келишилган муддат ичида фақат ўша ташкилот ёки шахс учун ишлайдилар.
Бу икки турдаги ишчиларнинг иш ҳақларидаги фарқ шундаки, биринчиси буюртмада келишилган ишни бажаргач, яъни натижадан келиб чиққан ҳолда маош олса (халқ тилида “ишбай”), иккинчи турдагиларнинг иш ҳақи, асосан, келишилган муддатга боғлиқ бўлади (“кунбай”).
Юқоридаги икки ҳолатда ҳам ходимлар бажарадиган ишларининг сифати ва келишилган вазифалар талабга мос даражада бажарилишини таъминлашлари керак. Иш берувчи эса керакли ускуна, иш жиҳозлари ва ашёлар (келишув доирасида), иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим.
Ҳозирги кунда иш берувчи шахс ёки ташкилот ва ишчи-ходимлар ўртасида иш вақтида бошқа нарсалар билан машғул бўлиш, ишга кеч қолиш ва шу каби турли вазиятлар туфайли иш ҳақидан ушлаб қолиш, жаримага тортиш каби муомала кенг тарқалмоқда ва низоларга сабаб бўлмоқда. Ушбу масалага тааллуқли бир нечта ҳолатлар мавжуд бўлиб, шариат бу масалада қуйидагича ечимлар берган:
Киши давлат ёки хусусий корхонада фаолият олиб борар экан, шариат наздида у хос ишчидир. Хос ишчи бу – шартномага биноан иш берувчи учун муайян вақт давомида ишловчи шахс. Фақиҳларнинг асарларида келишича ходим келишувда талаб қилинганидек ишлаш жараёнида барча шартларни бажармас экан, маошга лойиқ ҳисобланмайди. Демак, меҳнат шартномасида белгиланган вақт иш берувчиникидир ва ушбу муддатда келишувдагидан бошқа иш билан машғул бўлиш ишчи учун жоиз эмас. Аммо, иш берувчи ҳам бу каби ҳолатларда қандай чора ёки жазо қўлланилишини олдиндан меҳнат шартномасида кўрсатиб ўтиши лозим. Ишчи тарафидан қилинган хатолар жуда кичик бўлиб, иш жараёни ва натижага таъсир қилмас экан, иш берувчи ҳам сунъий тарзда иш ҳақини камайтиришга уринмаслиги керак. Акс ҳолда, бу ишчига нисбатан зулм бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Бундан ташқари, юқорида айтилган ишга кеч қолиш ва шу каби муаммолар ечими меҳнат шартномасида қайд этилмаган бўлиб, аммо, ишчи тарафидан кўп такрорланаётган бўлса, унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш, яъни маошини кесиш чораси қўлланилиши мумкин. Сабаби, бу жазо тури ҳозирги кунда кенг тарқалган ва кўп инсонларни бундан хабари бор. Албатта, бу ҳолатда иш берувчи ҳам виждонан, адолатга таяниб чора кўриши лозим. Борди-ю вазият кенгайиб, катта низога айланиб кетса, иш ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига ўтади ва улар тарафидан бу борада ечим ва ҳукм чиқарилади.
Қуйида шу мавзуга оид савол-жавобни ҳам эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз:
Ишчининг иш ҳақидан ушлаб қолиш
#Савол:
Ишчи белгиланган иш вақтидан озгина кечикса, бошлиқ унинг маошидан жарима деб ушлаб қолишга ҳаққи борми? Олдиндан ташаккур! Аллоҳ сизни ва оилангизни Ўз паноҳида асрасин!
#Жавоб:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Шартномада қайд қилинган бўлса, ушлаб қолишга ҳаққи бор. Чунки ишчи соатига ҳақ олади. Ишламай ҳақ олиши мумкин эмас. Шунинг учун ортиқча ишласа, ортиқча ҳақ олади.
Манба: https://savollar.islom.uz/