❗️ ЗАКОТНИ КИМЛАРГА БЕРИБ БЎЛМАЙДИ?
Закот беришнинг муҳим қоидаларидан бири – бу закотни уни олишга лойиқ/ҳақдор инсонга мулк қилиб бериш ҳисобланади.
Демак, закотни қуйидагиларга бериб бўлмайди:
- Жамият фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларга;
- Шифохоналарга;
- Мактаб-мадрасаларга (лекин закотга ҳақдор толиби илмларга бериш мумкин, балки бу афзали ҳамдир);
- Масжид қурилишига;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига [1];
- Бой кишига [2];
- Хотин эрига ёки эр хотинига [3];
- Киши ўз ота-онасига ёки бобо-бувисига ва улардан юқоридагиларга [4];
- Киши ўз фарзандларига ёки набира-абираларига;
- Ғайримуслимга;
- Қўл остидаги ходимларга иш ҳақи сифатида;
- Маҳбусларга бериб бўлмайди. Лекин ҳибсдаги инсоннинг оила аъзолари закот олишга лойиқ бўлишса, уларга бериш мумкин.
[1] «Саҳиҳи Муслим»да Язид ибн Ҳиббондан қилинган ривоятда шундай келган: «Ҳусайн ибн Субра Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан: «Аҳли байт кимлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари аҳли байтларми?» деб сўради. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг аёллари аҳли байтларидир. Шунингдек, Расулуллоҳдан сўнг (уларга) садақа бериш мумкин бўлмаган яқинлари ҳам аҳли байтларидир. Улар Али, Ақийл, Жаъфар, Аббос авлодларидир», дедилар. Хорис ибн Абдумутталибга ҳам садақа берилмайди. Мазкурларнинг барчаси Абдумутталиб ўғиллари, Ҳошим набираларидир».
Демак, Бану Ҳошимга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмуттолибнинг икки ўғли –Ҳорис билан Аббоснинг авлодлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг авлодлари бўлган Алий, Жаъфар, Ақийлларнинг зурриётлари киради.
Бану Ҳошим авлодлари халқимиз орасида «саййидлар» деб аталади. Бундан келиб чиқадики, саййидларга ҳам закот бериб бўлмас экан.
[2] Бойга закот қуйидаги ҳолатларда ҳалол бўлади: 1. Аллоҳ йўлидаги ишга чиқса. Албатта, Аллоҳ йўлидаги ишга ўз молидан сарфласа, жуда яхши бўлади. Аммо закот молидан сарфласа ҳам, ҳаром бўлмайди. 2. Садақага омил бўлса, яъни закотчи бўлиб ишласа, иш ҳақини бой бўлатуриб закотдан олиши жоиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи бунга рухсат берган. 3. Қарздор бўлса. Ўзи бой бўлиб, аммо кўпчилик фойдаси учун бирор каттароқ сарфни бўйнига олиб қарзга ботган одам ҳам закотдан олиб қарзига берса, жоиз.
[3] «Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига закотини берса бўладими?» деган саволга баъзи мазҳаблар «бўлади», деб жавоб берганлар. Ҳужжат маъносида, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Закотимни эримга берсам, бўладими?» деб сўраганида, ул Зот: «Бўлади», деб жавоб қилганларини келтирадилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳодисаси хусусий, деб биладилар ва хотин эрига закотини бериши дуруст эмас, чунки эр уни олиб, яна хотиннинг ўзига ишлатади, дейдилар;
[4] Закотни ўз болаларига бериш мумкин эмаслиги ҳақида айтган эдик. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки боланинг мол-мулки ота-онаники ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир фарзандга, сен ҳам, молинг ҳам отангга мулксизлар, деганлар.
«Бошқа қариндошларга закотини берса бўладими?» деган саволга, баъзи уламолар «Уларнинг нафақаси лозим бўлса, бўлмайди, нафақа ўрнига закот бериш ила ўзи фойда топади», дейишган. Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари, «бўлади», дейишган. Чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади, яқин қариндошлар билан ота-болага ўхшаб мулки бирлашиб кетиши йўқ.