Закот – Ислом дининг беш рукни (устуни)дан бири бўлиб, намоздан кейинги 3-ўринда турадиган ва шариатда фарз қилинган амалдир.
Закот Мадинаи Мунавварада ҳижрий 2-йили фарз қилинган. Қуръони Каримнинг 27 та жойида намоз билан бирга зикр қилинган.
«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закотини бермаса эса аксинча бўлади. Шунингдек закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Закотга шариатда қуйидагича таъриф берилади:
“Закот – бу махсус молдан махсус қисм (жуз)ни махсус шахсларга Аллоҳ таолонинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.
“Махсус мол” – нисобга, яъни закот беришга лойиқ деб топиладиган энг кам миқдорга етган ва ундан ошган мол-мулк демакдир. Нисоб нақд пулларда бошқача, чорва молларида бошқача, зироатларда бошқача миқдорда белгиланган бўлиб, ўз ўрнида у ҳақда батафсил маълумот берамиз.
“Махсус қисм” – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдор.
“Махсус шахс” дегани закот олишга ҳақдор бўлган инсонлар тушунилади. Улар ҳақида ҳам келгусида тўхталамиз.
“Шариатда тайин қилинганидек” деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилган. Озгина садақа бериб, “шу закот” деб бўлмайди.
“Мулк қилиб бериш” деган жумладан эса “ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди” деган маъно англанади.
Манба: “Мўминнинг нажоти”
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф