Шахсларнинг ижараси 2 хил кўринишда бўлиши айтилади:
- Фақат бир ижарачи томонидан ишлаш учун ижарага олинган ходим. Баъзи фақиҳлар уни “якка ёлланган ишчи” ёки “хос ходим” деб номлашган. Бундай кишиларга муайян вазифага олинган, масалан, молия бўлими ходими, ғазначи (кассир) каби ишчилар мисол бўлса олади.
- Фақат бир ижарачига боғланиб қолмасдан, кўпчилик учун иш бажарадиган ишчи. Бундай кўринишда ишловчи шахслар “муштарак ходим, ишчи” деб ҳам аталади. Бу каби касбларга турли беморларни кўриши мумкин бўлган мустақил шифокорлар, косиблар, адвокатлар, тикувчилар мисол бўла олади.
Хос ходим (ишчи)лар муддат эвазига иш ҳақига эга бўлаверадилар, муштарак ишчилар эса, одатда, бажарган иши эвазига ҳақ олишади.
Хос ходим вақтинчалик муайян шахс ёки муассаса учун ишлайдиган кишидир. У иш берувчи билан муддатли ақд – шартнома тузади. Ўша муддат оралиғида ўз меҳнатини ижарачига топширади. Ижарачи эса бу муддат давомида ишчидан келадиган манфаатни ўзига олади.
Ҳанафий мазҳабимиз фақиҳлари аёл кишини хизмат учун ижарага олишни макруҳ дейишган. Чунки ижарага олган киши унга кўзи тушишдан ёки гуноҳга ботиб қолишдан сақланиши қийин бўлади. Зеро, номаҳрам аёл билан ёлғиз қолиш гуноҳ ҳисобланади.
Имом Аҳмад аёл кишини ходима сифатида ёллаш/ижарага олишни жоиз деганлар. Лекин унинг аврат ўринларига қараш, ҳатто юзига ҳам сабабсиз қарайвериш, аёл киши билан ўзи ёки бошқа номаҳрам ишчилари ёлғиз қолиши мумкин эмас.
Ёлланма ишчининг зиммий ва ижарачининг мусулмон бўлиши жоиз.
Бунга мисол сифатида Пайғамбаримиз соллаллалу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуларнинг Мадинагача йўл кўрсатиб бориши учун Қурайш мушрикларидан бирини ижарага олишгани мисол бўлади.
Оиша роҳияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Бану ад-Дийл қабиласидан бир уста йўл кўрсатувчи қишини ўзларига (ишга) ёлладилар. У одам (исми Абдуллоҳ ибн Урайқиз) асли Бану ад-Дийл қабиласидан ажраб чиққан Бану Абд ибн Адий қабиласига мансуб эди. Бунинг устига у Ос ибн Воил ас-Саҳмий хонадонининг иттифоқчиси бўлиб, Қурайш кофирлари динида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр ўз туяларини унга ишониб топширишди-да, уларни уч кечадан сўнг Савр тоғидаги ғорга олиб келишига ваъдалашишди. У учинчи кеча тонгда туяларни олиб келди. Кейин Омир ибн Фуҳайра (Абу Бакр Сиддиқнинг чўпони) ва йўл кўрсатувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр билан бирга йўлга тушишди. Йўл кўрсатувчи уларни денгиз соҳили томон бошлаб кетди.
Имом Бухорий ривояти
(давоми бор)
Манба: “Катта фиқҳ энциклопедияси” асосида тайёрланди