“Қарз” сўзининг луғавий маъноси “кесиш” дегани. Қарз берувчи ўз молидан бир қисмини кесиб (узиб) бергани боис шундай дейилган. Қарз, “кимдир фойдаланиши ва қайтариб бериши учун берилган маблағ”, дея таърифланган. Қарз берувчи берган қарзидан ортиғини талаб қилиши, рибо (судхўрлик)дир. “Қарзи ҳасан” – яхши қарз дегани. Демак, қарз беришнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлади.
Қарз, қайтариш шарти билан Аллоҳ таоло розилигини истаб муайян муддатга берилади. Аммо қарзни кечиб юборган яхшироқдир, зеро Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
«Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни қарздорга) cадақа қилмоғингиз, ўзингиз учун яхшидир» (280-оят).
Қуръони каримда “қарзи ҳасан” ибораси бир неча бор зикр этилган, жумладан Ҳадид сурасининг 11-оятида Аллоҳ таоло: «Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор» дея хитоб қилади. Муфассирлар қарзи ҳасананинг мукофоти жаннат, дейишган.
Қарздор ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, қарздорга енгиллик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан енгиллик яратилар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.
Албатта қарздор қарзини ваъда қилинган кунда ёки иложи бўлса ундан олдинроқ қайтариши керак. Олган қарзини мол-мулкини сотиб бўлса ҳам узиши шарт. Қарзни узиш зарурлиги исломда шу қадар кучли таъкидланганки, қарздан қутулиш учун садақа ёки закот сўрашга ҳам изн берилган. Чунки бу масала нафақат молиявий, балки маънавий мажбуриятдир.
Қарзни тўлашга қодир бўла туриб уни ўз вақтида тўламаслик ҳаромдир.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қарз юки, айниқса қайтарилмаган қарзнинг хунук оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, ундан эҳтиёт бўлишга чақирганлар.
“Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқиб бўлиб, уч марта: “Бу ерда Бану Фулондан ким бор?” дедилар. Бир киши: “Мен”, деди. “Соҳибингиз қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб турибди” дедилар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Ислом банкчилигида қарзи-ҳасан тушунчаси:
Ислом молияси бўйича таниқли олим Munawar Iqbal қарзи-ҳасанни қуйидагича таърифлаган:
“Фоизсиз қарз. Банк бундай қарз шартномаси тузган ҳолатда мижозга маълум бир пул миқдорини беради, мижоз эса айтилган муддатда қарзни қайтариш мажбуриятини олади. Банк, қарзни қайтариш кафолати сифатида гаров талаб қилиш ҳуқуқига эга. Қарзни қайтараётган мижоз маъмурий харажатларни (яъни банкнинг шу қарзни бериш билан боғлиқ турли харажатлари) қоплаш учун ихтиёрий мукофот – ҳиба кўринишида банкка маълум бир миқдорда пул бериши мумкин”.
Бугунги кунда, баъзи уламолар қарз фақат фоизсиз бўлиши мумкин, қарзи ҳасан эса Аллоҳ таоло розилиги йўлида қилинган эҳсондир. Мўмин киши қилган эҳсонининг ажрини Аллоҳдан умид қилади, деган маънода ислом молия тизимида “қарз-ҳасан” иборасини “фоизсиз қарз” маъносида қўллашдан қайтаришади (маълумки фоиз асосидаги қарз эса айни рибо бўлиб, бундан динимиз қаттиқ қайтарган). Шунга асосан ислом банклари қарзи-ҳасан иборасини қўллашмайди, балки оддий “қарз” сўзини ишлатишади.
2 comments
[…] солинади? Ислом молияси сайтида эълон қилинган мақолада шу саволга жавоб олишингиз […]
[…] bu ijtimoiy muomala qanday tartibga solinadi? Islom moliyasi saytida e’lon qilingan maqolada shu savolga javob olishingiz […]