Савол: Закотни ҳамма бериши керакми?
Жавоб:
Закот бериши шарт бўлган инсонда қуйидаги сифатлар мавжуд бўлиши керак:
- Мусулмон бўлиши;
- Балоғатга етган бўлиши;
- Оқил бўлиши;
- Ҳур бўлиши;
- Нисоб эгаси (яъни моли нисобга етган) бўлиши.
Демак, юқоридаги сифатлардан келиб чиқиб қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
1️⃣ Закот ибодат бўлгани учун мусулмон бўлмаганларга алоқаси йўқ. Чунки мусулмон бўлмаган инсонлардан Ислом дини ибодатларини бажариш талаб этилмайди;
2️⃣ Балоғатга етмаган болалардан ҳам закот олинмайди. Чунки улар ҳали фарз ибодатларни бажаришга мажбур эмас;
3️⃣ Оқил бўлмаслик 2 хил кўринишда бўлади:
– Вояга етмаган бола. Улғайгунига қадар ёш болалар ўз маблағларини ақл билан тасарруф эта олмасликлари сабабли ҳам закот беришдан озод қилинадилар. Лекин эсини таниб, улғайиши билан закот тўловчилар сафига киритилади;
– Мажнун (эс-хуши жойида бўлмаган, жинни) инсон. Агар унинг мажнунлиги бир йил давом этадиган бўлса, ўша йил учун закот берувчилардан ҳисобланмайди. Борди-ю, мажнунлик йилнинг бир қисмида содир бўлиб, кейин тузаладиган бўлса, бундай инсонлар учун яна закот бериш фарзга айланади.
4️⃣ Ҳур инсон ва қул инсон бўлиш каби масалалар исломнинг аввалида бўлган бўлиб, ислом қарор топиши билан қулчилик секин аста йўқолиб кетди.
5️⃣ Нисоб эгаси бўлиши учун Ислом шариатида муайян миқдордаги бойликка эга бўлиш талаб этилади. Нисоб ҳақида мақоланинг кейинги қисмида батафсил маълумот берилади.