Ушр ҳисоблаб чиқаришда уламолар ўртасида айрим ихтилофлар мавжуд.
1 – ихтилоф: Қандай экинлардан ушр чиқарилади.
а) Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва яна бир гуруҳ салафлар: Буғдой, арпа, xурмо ва майиздан бошқа экинлардан ушр чиқарилмайди, деганлар.
б) Имом Молик ва Имом Шофеъий роҳимаҳумаллоҳлар “Одамларга қут бўладиган ва сақлаш мумкин бўлган зироат маҳсулотларидан закот берилади, бошқаларидан берилмайди”, деганлар. Ёнғоқ, бодом, писта каби нарсалар оддий ҳолларда қут ҳисобланмайди. Шунингдек, олма, анор, нок, шафтоли, полиз экинлари ва шунга ўxшаш кўп турса айниб қоладиган маҳсулотлардан ҳам закот олинмайди, деганлар.
в) Имом Ахмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир қуритиладиган, бир муддат боқий қоладиган ва ейиладиган нарсадан закот олинади, лекин полиз экинлари ҳамда (узоқ вақт) турмайдиган мевалардан закот олинмайди, деб бу зот олдингиларидан кенгроқ олганлар.
г) Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ердан чиққан ҳар бир нарсадан закот олинади, деганлар. Бу зот ўзларига «Анъом» сураси 141-ояти ва «Бақара» сураси 267-оятини далил қилиб, “Аллоҳ бирини айтиб, бошқасини ажратмаган”, дейдилар. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини далил қилиб у зот ҳам зироат маҳсулотларини “қут бўладиган, бўлмайдиган ёки қуримайдиган, қурийдиган” деб ажратмагалар. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларини далил ва ақл томонидан ҳам, мантиқ ва воқеълик томонидан ҳам, кўпчилик уламолар қўллаб-қувватлашган. Улар барча зироат маҳсулотларидан закот бериш зарурлигини айтишган.
Бизнинг диёрда ҳам ушбу фатвога амал қилинади, яъни барча зироат маҳсулотларидан 1/10 ёки 1/20 қисм кўринишида закот, яъни ушр берилади.
2 – ихтилоф: Зироат маҳсулоти нисоби.
а) Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам закот берилади, дейдилар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Аби Рабоҳ. Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар. Улар, закот фарзлиги тўғрисидаги оят ва ҳадисларда нисоб ҳақида сўз йўқлигини ҳужжат қилиб келтирадилар.
б) Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ҳамда жумҳур уламолар зироат беш васақ миқдорига етса, кейин закот берилади, камидан берилмайди, деганлар. Бунга улар Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил қиладилар:
“Беш васақдан кам маҳсулотда садақа йўқдир”.
Васақ оғирлик ўлчови бўлиб, бир васақ 130,6 кг бўлади. Беш васақ эса 653 кг бўлади. Демак, зироат маҳсулоти 653 килограммга тенг бўлганда нисобга етган бўлади.
Манба: www.fiqh.uz асосида тайёрланди.