Мамлакатимиз иқтисодиётида аграр тармоқнинг ҳиссаси юқори эканлиги (!), шунингдек асосий йиғим-терим даври ёз охирлари ва куз фаслига тўғри келишини …инобатга олган ҳолда, асосий молиявий ибодат турларидан бири бўлган Зироат маҳсулотлари закоти – Ушр (https://islommoliyasi.uz/uz/islomda-majburiy-tulovlar/) масаласини кўтаришга қарор қилдик.
Зироат маҳсулотларидан олинадиган закот, одатда, Ушр деб номланади. Чунки араб тилида “ушр” сўзи “ўндан бир” деган маънони ифодалангани ва табиий суғориш тизимидан фойдаланиб етиштирилган маҳсулотларнинг ўндан бир қисми закот сифатида олингани учун ушбу атама зироат маҳсулотлари учун хосланиб қолган. Демак, моҳиятан ушр ҳам закотнинг бир кўриниши экан. Лекин закотда қўйиладиган нисобга етганига бир йил тўлиши, ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши каби талаблар ушрда шарт қилинмайди.
Ушр бериш лозимлиги тўғрисида далиллар:
1) Аллоҳ таъоло “Анъом” сураси, 141-оятида, шундай марҳамат қилган:
«Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки у зот исрофчиларни яхши кўрмас».
Ушбу оятда Аллоҳ таъоло зироат экинлари ҳосилини йиққан кунда ҳақини – закотини беришга амр қилмоқда.
2) Яна Аллоҳ таоло «Бақара сураси»да шундай марҳамат қилган:
«Эй имон келтирганлар касб қилган пок нарсаларингиздан ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар».
Мазкур оятлар зироат бойликларидан закот бериш фарз эканини билдиради.
3) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан ушрнинг ярми», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ислом уммати зироат бойликларидан закот (ушр) ёки ушрнинг ярмини чиқариш фарзлигига доимо ижмо қилганлар.
❗️ Маълумот учун, 2020 йилда ЯИМ да қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 28,2 фоизни ташкил этган.