Банклар фоизсиз молиялаштириш тамойилларига риоя қилишлари учун янги назорат ва аудит тизими яратилди.
Туркия душанба куни (5-октябр) шерикчиликка асосланган банкларнинг ўз мижозларига (анъанавий банк тизимига муқобил ўлароқ) фоизсиз молия тамойилларига мувофиқ хизмат кўрсатишида ёрдам берадиган ҳуқуқий инфратузилмани ишлаб чиқиш ишларини якунлади.
Янги инфратузилма яратилиши туфайли анъанавий банк-молия тизимига муқобил равишда фоизсиз ишлашга асосланган тизим эндиликда қонунчиликка киритилди. Ушбу ташаббус Банкларни тартибга солиш ва назорат қилиш давлат агентлиги ҳамда Туркия шерикчиликка асосланган банклар уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Марказий маслаҳат кенгашини тузиш, тегишли мажбурий стандартларни белгилаш, ҳар бир банкда маслаҳат қўмитасини шакллантириш ва қабул қилинган қарорларнинг мувофиқлигини таъминлаш учун назорат ва аудит тизимини шакллантириш кабилар инфратузилмани ривожлантиришдаги янги вазифалар қаторига киради.
Марказий маслаҳат кенгашининг асосий вазифаси – шерикчиликка асосланган банкларнинг тизим тамойилларига мувофиқ бўлмаган турли амалиётларини чеклаш / бартараф қилиш ҳисобланади. Шерикчиликка асосланган банклар ва уларнинг мижозлари ўртасида низо юзага келган тақдирда, Марказий маслаҳат кенгаши қабул қилинган қарорларни ўзгартириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, шерикчиликка асосланган ҳар бир банкда маслаҳат қўмитаси бўлиши керак.
Марказий маслаҳат кенгаши ва маслаҳат қўмиталарининг мақсади – банкларнинг доимий равишда белгиланган тамойиллар ва стандартларга риоя қилишларини таъминлаш ва томонларнинг, биринчи навбатда мижозларнинг тизимга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Банклар ҳар чоракда юқори ташкилот раҳбариятига ўзларининг назорат ва аудиторлик фаолияти тўғрисида ҳисобот беришлари шарт.
Мувофиқлик ва аудит жараёнларида қатнашадиган ходимлар фоизсиз молия тизими бўйича камида магистр даражасига эга бўлишлари ёки бунга муқобил равишда махсус тренингларнинг сертификатларини олган бўлишлари талаб этилади.
Шерикчиликка асосланган банклар (Katılım Bankaları)
Шерикликка асосланган банклар – асосан Туркия, шунингдек Шимолий Африка минтақасидаги ва бошқа бир нечта мусулмон мамлакатлардаги ислом молияси тамойиллари асосида фаолият кўрсатувчи банкларига берилган номдир.
Туркия ўзини ислом молияси, шу жумладан шерикчиликка асосланган банкларининг марказига айлантириш мақсадида дадил қадамлар ташламоқда.
Жорий йилнинг бошида Moody’s кредит рейтинг агентлиги, ҳукумат томонидан ислом молияси бўйича олиб борилаётган ишлар натижаси ўлароқ, Туркиядаги ислом банклари активлари ҳажми ўн йил ичида икки баравар ошишини таҳмин қилган эди.
Кўриб турганимиздек, ислом молиясини татбиқ қилишда Туркия ўзига хос йўлни танлаган ва албатта мамлакатнинг бу йўналишдаги тажрибаси ислом молия тизимини татбиқ қилишни бошлаган ёки бошламоқчи бўлиб турган бошқа мамлакатларга ҳам асқотиши шубҳасиз. Шу билан бирга, ҳар қандай соҳада биринчилардан бўлиб иш бошлаган ва керакли тажриба орттирган томон бошқалардан бир қадам олдинда бўлиши ва шунга яраша манфаат кўришини биз тарихда кўп маротаба кузатганмиз.