Сукуклар XXI асрга келиб жадал равишда чиқарила бошлади ва сўнгги 10 йилликда асосий эмиссиялар амалга оширилди. 2001 йилда йиллик 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида сукук чиқарилган бўлса, 2020 йил якунига кўра бу кўрсаткич 174,6 млрд. АҚШ долларига етган (1-расм). Бу эса ўтган давр мобайнидаги йиллик энг катта кўрсаткич ҳисобланади. Ўсиш даражалари турлича бўлса-да йиллик эмиссиянинг амалга оширилиши сукукка талабнинг мавжудлигини билдира олади. Жаҳон бўйича жами 36 мамлакат сукук эмитенти ҳисобланиб, 2021 йилга қадар 1,4 трлн. АҚШ долларидан ортиқ сукук чиқарилган[1].
Ўрганилаётган сўнгги ҳисобот йилида бозорга эмитент сифатида янги иштирокчи мамлакат сифатида Миср кириб келганлигини кўриш мумкин. Миср 2020 йилда 286 млн. АҚШ доллари қийматидаги ўзининг дастлабки иккита эмиссиясини амалга оширди.
Жаҳон бўйича ўтган давр мобайнида 2020 йил якунига қадар 27та валютада сукук чиқарилган бўлиб, унда Малайзия ринггити 50,5%лик улуш ёки 719,2 млрд. АҚШ долларилик қиймат билан яққол етакчилик қилган (2-расм). Валюталар кесимида АҚШ доллари 22,5% (320,3 млрд.) ва Саудия Арабистони риёли 7,7% (109,3 млрд. АҚШ доллари)лик улуш билан учликдан ўрин олган. Шунингдек, Индонезия рупийси (7,3 %, 103,8 млрд. АҚШ доллари) ва турк лираси (3,4%, 49 млрд. АҚШ доллари) қиймати бўйича энг кўп эмиссия қилинган валюталардан ҳисобланади. 2020 йилда Миср дастлабки эмиссияларини миллий валютасида амалга оширганлиги сабабли, бозорда миср фунтида сукуклар пайдо бўлди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Индонезия рупийси ва турк лирасининг улуши ортиб бормоқда. АҚШ долларидан ташқари халқаро тан олинган валюталардан ҳисобланувчи Буюк Британия фунт стерлинги, евро ва Хитой юанида ҳам сукук чиқарилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 326,6 млрд. АҚШ доллари (қарийб 23%)га тенг бўлган. Эътиборли жиҳати шундаки, бу қиймат халқаро сукуклар қийматидан кам. Бу эса, халқаро сукуклар маҳаллий валютада ҳам чиқарилаётганлигини англатади.
Сукук эмиссиясини мамлакатлар кесимида кўрилса, ўрганилаётган даврда амалга оширилган жаҳондаги жами эмиссиянинг 56,2 % ёки 800 млрд. АҚШ доллари Малайзия ҳиссасига тўғри келади (3-расм). Малайзия 7,8 минг маротаба эмиссия амалга оширган бўлиб, бу ўз навбатида, 708 маротаба сукук эмиссия қилган Туркиядан 11 баробар кўпдир. Малайзия асосан миллий валютасида эмиссияларни амалга оширади. Эмиссиялар қиймати бўйича иккинчи йирик кўрсаткич Саудия Арабистонида бўлиб, у 174,4 млрд. АҚШ доллари ёки 12,3 %ни ташкил этади. Мос равишда Индонезия 125,0 млрд. АҚШ доллари (8,8 %), БАА 98,4 млрд. АҚШ доллари (6,9 %) ва Индонезия 66,9 млрд. АҚШ доллари (4,7 %) қийматидаги сукук чиқарган. Мазкур 5 мамлакатнинг ўзи жаҳондаги сукукларнинг 88,9 %ига эгалик қилади. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистонда ҳам 77 млн. АҚШ доллари қийматида сукук эмиссияси амалга оширилган.
Тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, чиқарилувлар сони бўйича Туркиянинг нисбий улуши жадаллик билан ортиб бориб, биргина 2020 йилнинг ўзида 123 та эмиссия амалга оширилган.
Жаҳон бўйича жами 36 мамлакат сукук эмитенти ҳисобланиб (4-расм), минтақалар бўйича таҳлил қилинганда сукукларнинг энг катта ҳажми Осиёга тўғри келади ва 98 %ни ташкил этади. 2000 йилга қадар жаҳон бўйича фақат Малайзия сукук чиқарган бўлса, 2010 йилда мамлакатлар сони 17 тага ва 2018 йил якунига келиб, 35 тага етган. 2020 йилда Миср томонидан сукук эмиссия қилиниши натижасида эмитент мамлакатлар сони яна биттага кўпайган. Аммо Халқаро ислом молия бозори (IIFM) ташкилотининг 2019 йилги ва ундан кейинги ҳисоботларда Эрон сукук эмиссия қилган мамлакатлар қаторида қайд этмаган. Ваҳоланки 2018 ва ундан аввалги ҳисоботларда бу мамлакат маълумотлари келтирилган. Ушбу қимматли қоғоздан фойдаланишга бўлган саъй-ҳаракатлар бошқа давлатларда ҳам мавжудлиги инобатга олинса, эмитентлар рўйхати яна ортишини таҳмин қилиш мумкин.
Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлмаган АҚШ, Буюк Британия, Люксембург, Германия, Япония ва Франция каби иқтисодиёти тараққий этган мамлакатларда сукук эмиссия қилинаётганлиги унинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Тажриба, ўз навбатида, мазкур қимматли қоғозни анъанавий молия бозорларида ҳам жорий этиш мумкинлигидан далолат беради. Айтиш жоизки, турли мамлакатларда сукук эмиссия қилинган, аммо мамлакатимизда ушбу молиявий маҳсулот хозирча мавжуд эмас.
Кейинги йилларда Буюк Британияда ислом молияси, хусусан, исломий қимматли қоғозлар тармоғи тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. 2013-2020 йилларда сукук эмиссияси ҳажми йиллик ўртача 35%дан ошиши кузатилган. Бугунги кунда Лондонда жаҳондаги кам сонли ислом молияси ҳабларидан бири ташкил этилганлиги юқоридаги фикрларни асослайди. Қолган иккита ҳаб Малайзия ва БААга тегишли ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда бу турдаги қимматли қоғозлар жаҳон бўйича тобора ривожланиб, иштирокчилари сони ортиб бормоқда. Аҳолисининг аксар қисми мусулмонлар ташкил этувчи Ўзбекистонда ҳам сукукларни жорий этиш иқтисодиёт учун манфаатли ҳисобланади. Зеро, ушбу қимматли қоғоз воситасида молия тизимида фойдаланилмаётган маблағлар “хуфёна иқтисодиёт” таркибига ўтиб кетиб қолиши ҳавфини ва самарасиз жамғариш даражасини ҳам камайтириш мумкин бўлар эди.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p29.
[2] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p29.
[3] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p83.
[4] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p80-81.
[5] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p80-81.
[6] Sukuk report: A comprehensive study of the global sukuk market. International Islamic Financial Market, July 2021, 10th edition. p80-81.