Шартномалар ислом молияси маҳсулотларининг асоси ҳисобланади. Молиявий маҳсулотлар мижозларнинг талабларини қондириш мақсадида бир ёки бир неча анъанавий шартномалардан фойдаланиш натижасида пайдо бўлади. Шартномаларнинг асл мақсади – инсонларнинг бир-бирларидаги ҳаққоний эҳтиёжларини амалдаги қонун доирасида қондирилишини енгиллатишдир. Араб тилида шартнома «Ақд» сўзи билан ифодаланиб, ўзбек тилига «боғлаш», деб таржима қилиш мумкин. Содда қилиб айтадиган бўлсак, шартнома таклиф қилувчи билан таклиф олувчини ўзаро боғлайди.
Қуръонда шартномаларнинг кўплаб турлари ҳақида айтиб ўтилган, жумладан молиявий хусусиятга эга ўнлаб турдаги савдо/тижорат шартномаларига оид 40 га яқин оят мавжуд.
Мана шу Қуръон оятлари ичида 5-суранинг 1-ояти алоҳида аҳамият касб этиб, унда иймон келтирганларга «шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш» буюрилади. Ушбу оят, аҳдга вафо қилиш ва зиммага олинган мажбуриятларни тўлиқ адо этиш мавзусидаги бошқа оятлар билан ҳам қувватлангандир.
Бажариш учун яроқли ва қонуний бўлган шартнома талаблари
Ислом тижорат қонунчилигига асосан бажариш учун яроқли ва қонуний бўлган шартномани тузиш учун маълум шартларга риоя қилиниши лозим. Умуман олганда, ислом тижорат қонунчилигида яроқли / қонуний шартноманинг олтита таркибий қисми мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз моҳиятига кўра ҳал қилувчи таъсирга эга бўлиб, қисмлардан бирига риоя қилмаслик шартноманинг бекор бўлишига ёки заифлашишига, яъни унинг баҳсли/ихтилофли бўлишига олиб келади, гарчи бошқа қисмларга тўлиқ риоя қилинган бўлса ҳам.
Қуйида шартноманинг мазкур олти қисми ҳақида тушунча берилади:
- таклиф
- таклифни қабул қилиш
- таклиф қилувчи
- таклифни қабул қилувчи
- шартнома мавзуси
- тўлов.
Бундан ташқари, шартноманинг мақсад ва вазифалари шариат тамойилларига тўғри келиши керак.
Таклиф
Таклиф – томонлардан бирининг иккинчи томонга қаратилган баёноти бўлиб, унда биринчи томон иккинчи томонни ўз таклифини қабул қилишга чорлайди. Техник жиҳатдан олганда, таклифни шартномада иштирок этаётган ҳар қайси томон, хоҳ эҳтимолий (потенциал) харидор, хоҳ сотувчи илгари суриши мумкин. Таклифни илгари сурган томон таклиф қилувчи, таклиф юборилган томон эса таклифни қабул қилувчи, деб аталади. Таклиф аниқ ва узил-кесил ҳолда қабул қилувчига етказилган бўлиши керак.
Таклифни қабул қилиш
Таклифни қабул қилиш – қабул қилувчи таклифнинг унда қилинган шартлар асосида қабул қилишини тасдиқловчи баёнотидир. Таклифни қабул қилиш жараёнида унинг айрим ёки барча шартлари бўйича ўзгариш киритилиши, таклифни қабул қилувчи томонидан қарши таклиф киритилишини англатади. Агар таклиф қабул қилинса, бу ҳақдаги хабар таклифни илгари сурган томонга аниқ-тиниқ ҳолда етказилиши лозим. Шуни таъкидлаш лозимки, таклифни илгари суриш ва уни қабул қилиш оғзаки ёки ёзма равишда ёки томонларнинг муайян таклиф киритилганлиги ва уни қабул қилинганлигини англатувчи хатти-ҳаракатлари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Таклиф қабул қилинганда
Таклифнинг етказилиши ва унинг қабул қилиниши томонлар бир-бирининг ниятидан хабардор эканлигини англатади. Шартномани томонларга етказиш усуллари томонларнинг бевосита ёки билвосита иштирокида тузилганига қараб турлича бўлиши табиий. Таклиф қабул қилингани ҳақидаги хабарни етказишнинг турли шакллари мавжуд бўлса-да, таклиф қабул қилингани қачон узил-кесил маълум бўлиши аниқ эмас. Агар таклиф масалан телефон орқали қабул қилинса, таклиф қилувчи унинг таклифи қабул қилинганини эшитган вақт ва жойда таклиф қабул қилинган ҳисобланади.
Бошқа ҳуқуқий тизимларидан фарқли ўлароқ, ислом тижорат қонунчилиги таклиф қабул қилиниши бир вақтнинг ўзида, яъни таклиф ҳам, унинг қабул қилиниши ҳам бир жараён давомида ўртада узилишларсиз амалга оширилишини талаб қилади. Бу – вақт узвийлиги талаби бўлиб, техник тилда шартнома жараёни дейилади, бунда жараён узилишларсиз кечиши назарда тутилади. Шу боис шартнома жараёнидаги узилишлар, жумладан овқатланиш учун танаффус ёки ухлаб қолиш шартнома жараёнининг бузилганлигини ва таклифнинг вақт нуқтаи назаридан бекор бўлишини англатади. Мазкур талаб томонларнинг бевосита иштирокида тузиладиган шартномалар доирасида нисбатан осон ҳал бўлади, аммо шартномалар томонларнинг бевосита иштирокисиз тузилаётган пайтда уларни бажариш бирмунча мушкул вазифа. Бундай ҳолатларни кўриб чиқишда Ислом ҳуқуқшунослари таклифни қабул қилувчи таклифни қабул қилиб олган вақтни инобатга олган ҳолда хулоса чиқаришига тўғри келади. Қабул қилишга келадиган бўлсак, вақт узвийлиги қуйидаги ҳолатларда бекор бўлади ёки тўхтатилади: агар таклифни қабул қилувчи таклифга унда кўрсатилган вақт ичида жавоб бермаса, таклиф қилувчи таклифни бекор қилса ёки таклифни қабул қилувчи таклифни қабул қилишини изҳор этса.
Шартнома томонлари
Шартноманинг доимо икки томони бўлиши шарт: таклифни илгари сурувчи ва таклифни қабул қилувчи. Томонлар жисмоний шахслар, шахслар гуруҳи ёки юридик шахс, масалан компания бўлиши мумкин. Шартнома тузилиши учун томонлар камида иккита бўлиши лозим, акс ҳолда таклиф қабул қилинмайди ва шартнома тузилган ҳисобланмайди. Шу ўринда инглиз қонунчилигидан фарқли ўлароқ Ислом қонунчилигида бир томонлама шартномалар, жумладан хайр-эҳсон, ҳадя, васият ва ҳоказолар одатий шартнома сифатида қаралиб, бунда таклифни қабул қилувчи шартноманинг қонуний кучга эга бўлиши учун таклифни қабул қилиши шарт эмаслигини ҳам инобатга олиш даркор. Гарчи таклифни қабул қилувчи томон таклифни илгари сураётган томоннинг таклифидан хабардор бўлмаса ҳам, бу каби шартномалар қонуний кучга эга ва бажарилиш учун яроқли ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, шартнома, таклифни илгари сурувчи, масалан васият қилувчи, кимнингдир номига васият ёзиш истагини билдирган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади ва бунда таклифни қабул қилиши кўзда тутилган томоннинг таклиф ҳақидаги баёнотдан хабардорлиги ёки хабардор эмаслигининг аҳамияти бўлмайди.
Шартнома томонларига тааллуқли бўлган муҳим масалалардан бири, бу уларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш салоҳиятига эгалиги масаласидир. Ислом тижорат қонунчилигида шартнома тузиш учун муайян салоҳиятга эга бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳатто Қуръоннинг 4-сураси 6-оятида ҳам бу талабга билвосита ишора мавжуд: “етимларни улар никоҳ ёшига етгунча синанг ва эс-ҳуши жойида эканига ишонч ҳосил қилсангиз, молларини уларнинг ўзларига топширинг”.
Жисмоний ва ақлий етуклик
Ислом тижорат қонунчилигига кўра, ҳеч бир шахс жисмоний ва ақлий балоғатга етмасдан туриб қонуний битим тузишга ҳаққи йўқ. Ҳуқуқий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун эркак ёки аёл жисмоний балоғат ёшига етган бўлиши (Булуғ) ва тўғри қарор қабул қила олиши (Рушд бўлиши) талаб этилади.
Шу боис мусулмон давлатларидаги аксарият замонавий фуқаролик кодексларида қонунларнинг изчиллиги ва барча ҳолатларда қўлланилишини таъминлаш учун муайян ёш балоғат ёши сифатида қабул қилинган. Кўпчилик давлатларда балоғат ёши, яъни инсон шартнома тузиш салоҳиятига эга ёш, деб 18 ёш қабул қилинган. Бундай ёндашув, қонунчиликда аниқликни таъминлаш учун хизмат қилади.
Шартнома мавзуси (предмети)
Шартнома мавзуси мулк, хизматлар, пул маблағлари, сармоя, мажбурият, ҳуқуқлар ва қарздан иборат бўлиши мумкин.
Масалан, олди-сотди шартномасида харидор сотувчидан сотиб олишни истаган мулк ёки буюм олди-сотди мавзуси ҳисобланиб, у – уй, автомашина ёки асбоб-ускуна каби нарсалар бўлиши мумкин. Валюта алмаштириш чоғида, мулк – бошқа бир пул бирлиги (валюта)га алмаштирилиши керак бўлган пул бирлиги ҳисобланади. Ижара шартномасида эса шартнома мавзуси бирор мулк ёки муайян шахс томонидан тақдим қилинаётган хизмат бўлиши мумкин.
Ислом тижорат қонунчилигида мулкнинг шариат тамойилларига мувофиқ бўлиши бўйича бир неча шартлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:
а) Мулк шариат тамойилларига мос келиши керак. Айрим мулк ёки буюмнинг олди-сотдиси шариат тамойилларига зид. Улар сирасига, жумладан, чўчқа гўшти, спиртли ичимликлар ва бошқалар киради. Хизматлар ва фаолият турларига порнография маҳсулотлари ва қимор ўйинлари киради. Шу боис ислом молия муассасалари ўз мижозларига, нафақат спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, балки улар учун махсус шиша идишлар ишлаб чиқарувчи абоб-ускуналарни сотиб олиш учун ҳам маблағ ажратмайди.
б) исломда таъқиқланган ғарарнинг (ноаниқлик/мавҳумлик) ҳар қандай кўриниши пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун шартномада кўзда тутилган буюм ёки мулк аниқ-тиниқ бўлиши керак. Ғарар, одатда, томонлар ўртасида низони келтириб чиқаради. Аниқ маълум бўлмаган буюм, жумладан, ҳайвон бачадонидаги ҳомила, ҳаводаги қуш ёки кейинчалик маълум бўладиган мулк шартноманинг мавзуси бўла олмайди. Шартнома тузилаётган пайтда савдо моли мавжуд бўлмайдиган Истисна ва Салам каби шартномалар бундан мустасно. Шундай бўлса-да, Салам ва Истисна шартномаларининг предметини муайян хусусиятлар орқали аниқлашнинг имкони бўлиши лозим. Албатта бу ғарарнинг олдини олиш учун керак. Ислом қонунчилигида шартнома мавзусининг аниқ бўлиши борасидаги талаб, шартноманинг бекор ёки ихтилофли бўлишини олдини олишга қаратилган.
в) Шартномада бажарилиши назарда тутилган мажбурият ўз вақтида бажара олинадиган бўлиши керак. Шартнома тузишдан мақсад (харидор нуқтаи назаридан) шартнома туфайли келадиган нарсадан олинадиган қулайлик ёки манфаатдан фойдаланишдир. Шу боис йўқлиги туфайли етказиб берила олмайдиган буюм, хусусан, йўқотилган, таъқиқ остидаги ёки гаровга қўйилган мулк тўлақонли шартнома мавзуси бўла олмайди. (албатта назарий жиҳатдан тақиқ остида бўлган ёки гаровдаги мулкнинг олди-сотдиси таъқиқ қўйган томон ёки гаровни ушлаб турган томоннинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин).
г) Мулк табиати тегишли битим шартларига мувофиқ бўлиши керак. Мисол учун, Истисна шартномасининг мавзуси қурилаётган бино ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бўлиши мумкин. Аммо мавжуд мулк ёки маҳсулот Истисна мавзуси бўлолмайди, чунки Истисна шартномаси хом-ашёнинг қайта ишлаш жараёнида муайян даражада ўзгариб, тайёр маҳсулотга айланишини назарда тутади. Лизинг / Ижара шартномасига кўра, (ижарага берилган) мулк табиати ундан фойдаланиб бўлингандан сўнг ҳам ўзгаришсиз қолиши лозим. Мисол учун, кимдир транспорт воситаси ёки уйини ижарага бериши мумкин, аммо мева-сабзавот ёки ёқилғи каби нарсаларни эмас, чунки булар истеъмол қилинганидан ёки фойдаланилганидан сўнг ўз асл табиатини сақлаб қолмайдиган нарсалардир.
Тўлов
Тўлов – шартнома ҳақиқий / қонуний / яроқли бўлиши учун бажарилиши лозим бўлган сўнгги талабдир. Бу, одатда, харидор ёки ижарачи томонидан сотувчи ёки ижарага берувчига тўланадиган тўловдир. Олди-сотди шартномасида бу – нарх, ижара шартномасида эса ижара ҳақи деб аталади. Ислом қонунчилигида шартномалар доирасидаги тўлов масаласини тартибга солувчи тамойиллар қуйидагилардан иборат:
а) Тўлов ўз табиатига кўра ҳалол бўлиши лозим, чунки ислом тижорат қонунчилигига кўра, тўлов пул, мол ёки хизматлар шаклида амалга оширилиши мумкин. Масалан Истисна шартномаси доирасида харидор тўловни пул, мол ёки хизматлар кўринишида амалга ошириши мумкин, жумладан, сотувчига ўз транспорт воситасини бериши ёки унга бухгалтерлик хизматларини кўрсатиши мумкин. Тўлов сифатида фойдаланиладиган мол-мулк ва хизматларга дин нуқтаи назаридан рухсат берилган бўлиши керак.
б) мавҳум ҳолат юзага келишини олдини олиш мақсадида тўлов миқдори аниқ белгиланган бўлиши керак. Шартномада тўлов миқдори, вақти ва жойи аниқ келишилган бўлиши лозим. Ижара шартномасида ижара ҳақи ўзгарувчан бўлиши кўзда тутилган бўлса, ижара ҳақи миқдори нимага боғланган бўлса (яъни нимага боғлиқ бўлса) шу кўрсаткич маълум бўлиши ва иккала томон ўртасида келишилган бўлиши шарт.
в) Шартнома мавзуси (предмети) сингари тўлов ҳам амалга оширилиш (яъни бошқа томонга тўловни етказиш) имконияти мавжуд бўлиши керак, акс ҳолда бу, шартноманинг бекор бўлишига сабаб бўлади.