Ушбу қоида мавжудлигининг мақсад-моҳияти – мусулмонларнинг ўртасида ихтилоф ва тафриқанинг олдини олиш орқали уларнинг бирлигига таъминлашдир.
Масалан, тақиқланган битимнинг бир кўриниши мавҳумлик/ноаниқлик мавжуд бўлган савдо битимидир.
Мавҳумлик/ноаниқлик мавжуд бўлган битимнинг таърифлари, кўриниш ва аломатлари жуда кўп. Масалан савдо қилинаётган нарса ёки унинг нархи ноаниқ бўлиши, ёки ўша нарсани келишилган пайтда тақдим қилиш ёки етказиб бериш иложсиз бўлиши ёки бўлиши аниқ эмаслиги шулар жумласидандир.
Битимнинг қайси жиҳатларида мавҳумлик мавжуд бўлиши мумкин?
– шартноманинг ўзида, масалан унинг тузилганлиги, кучга кирган ёки кирмаганлиги;
– нархида, масалан шартномада икки хил нарх кўрсатилган бўлиши мумкин;
– шартномада мавзусида (яъни битимда кўзда тутилаётган нарса) харидорга номаълум бўлган нарса сотилиши кўзда тутилаётган бўлса (масалан баъзи мамлакатларда ёпиқ халтадаги нарсани фалонча (айтайлик 1000 сўм) деб нарх қўйиб сотиш кенг тарқалган, лекин харидор у халтани сотиб олмагунча унинг ичида нима борлигини билмайди);
– шартномада сотилиши кўзда тутилган нарсанинг сони ёки сифати харидорга номаълум бўлиши (масалан сигирнинг елинидаги сутни сотиш, албатта бунда харидор сут соғилганда қанча чиқишини ҳам, унинг сифатини ҳам билмайди);
– тақдим қилиниши аниқ бўлмаган нарса устидаги савдо битими, масалан қочиб кетган ҳайвон савдоси (яъни у харидорга тақдим қилиниши ноаниқ);
– бажарилиш ёки тақдим қилиш муддати битимда кўрсатилмаслиги ёки қачондир бўлиши кутилаётган вақеа-ҳодисага боғлиқ бўлиши (масалан шартномада қуйидагича шартнинг мавжуд бўлиши: “маҳсулот харидорга долларнинг сўмга нисбати фалонча бўлганда тақдим қилинади”).
Мана энди мавҳумлик/ноаниқлик мавжуд бўлган савдо усуллари/шаклларига тўхталиб ўтамиз
Қуръон ва суннатда айтиб ўтилган савдо усуллари:
– тош ташлаш орқали. Масалан, қайси мол сотилиши ёки унинг нархи тош ташлаш орқали аниқланади. Ер-олди сотдисида ҳам тош отиб унинг чегарасини белгилашган. Албатта бундай савдо усулида ноаниқлик бор ва шу туфайли бундай усул таъқиқлангандир.
Муломаса савдоси – «муломаса» луғатда, «ушлаб кўриш», амалда эса, «ушлаганини олиш» қоидаси асосида савдо қилишни англатади. Бунда савдо молини айлантириб кўриш, яхшилаб текширишга имкон берилмайди. Қўлинг тегдими, оласан, деб туриб олинади.
Мунобаза савдоси – «мунобаза» сўзи луғатда «ирғитиш» маъносини, амалда эса, «қачон сенга ушбу кийимни ташласам, савдо вожиб бўлади», деб шарт қўйишликдир.
Албатта, бу каби савдо турларида ноаниқлик ва ғирромлик бор. Шунинг учун ҳам ислом дини бундай савдо усулларидан фойдаланишни ҳаром қилган.
– икки савдо битимини биттада жамлаш. Бунда, сотувчи бир молнинг икки нархини бир шартномада жамлайди, масалан нақдга сотиб олинса фалонча, насияга бўлса фалонча. Албатта бу, шартнома тузилгунча молнинг нархи устида бўладиган савдолашишни ўз ичига олмайди. Аммо шартномада молнинг битта нархи кўрсатилиши керак. Насия савдо шартномаси алоҳида, нақд савдо шартномаси алоҳида бўлиши зарур. Иккисини бир-бирига аралаштириш ноаниқликка сабаб бўлади, бу эса ўз навбатида турли зиддиятлар келтириб чиқаради.
– маҳсулотни бир неча йил олдиндан сотиш. Масалан, келаси икки-уч йиллик хурмо ҳосилини (аввалдан) сотиш. Бундай битим исломда тақиқланган, чунки икки-уч йил ичида қандай ўзгаришлар бўлиши номаълум (чунки об-ҳаво / иқлим ўзгариши, ернинг, дарахтнинг ҳолати каби ҳосилдорликка таъсир қиладиган омиллар бор).
– номаълум истиснони назарда тутувчи савдо битими. Масалан, сотувчи харидорга шу дўкондаги барча телефонларни сизга сотаман, фақат бу ерда йўқ иккитасидан ташқари дейиши. Агар ўша икки телефон харидорга маълум бўлса у ҳолда бундай савдо жоиз, аммо ўша икки телефон харидорга номаълум бўлса у ҳолда жоиз эмас.
– ўсиб, кўпайиб турувчи нарсанинг савдоси. Масалан, қўйнинг ҳали олинмаган юнги (яъни унинг устида ўсиб турган юнг) ёки сигирнинг елинидаги сут. Бундай савдо дарҳол бўлса жоиз, аммо бирор муддатдан кейин бўлиши жоиз эмас.
– истеъмол учун яроқли бўлмаган ҳосил савдоси. Бундай савдо ўша маҳсулот истеъмол учун яроқли бўлгандагина мумкин бўлади. Бу дегани ўша боғдаги хосилнинг хаммаси тўлиқ пишиб етилиши шарт дегани эмас, балки боғдаги мевалар истеъмол учун яроқли ҳолга келиши маълум бўлгунча, яъни шунинг аломатлари пайдо бўлгунча уларни олиш-сотиш мумкин эмас дегани.
Биз юқорида мавҳум/ноаниқ савдо турлари ҳақида сўз юритдик. Шу билан бирга уламолар ноаниқликнинг енгил кўринишларига рухсат беришган. Уламоларнинг бу борада айтган фикрлари қуйидагича: агар ноаниқлик бор деб бирор ниманинг савдоси тақиқланса ва бундай муносабат / ёндашув натижасида ўша нарсанинг савдоси бутунлай иложсиз бўлиб қоладиган бўлса, у ҳолда бундай тақиқ қўллаш мумкин эмас. Масалан, бино, турар-жойлар савдосини олайлик. Бинонинг пойдевори ёки қаерига қандай нарса ишлатилганлиги унчалик аниқ эмас деб, турар-жой, бинолар савдосини тақиқлаш каби.