Бешинчи қоида: “Савдо шартномаси фақат молга нисбатан тузилади”.
Мол – ҳалол (яъни шаръий нуқтаи назардан рухсат берилган) манфаати бор бўлган нарсадир.
Шартнома ҳар қандай ҳалол манфаати бўлган ва шариатда тақиқланмаган мол-мулкни олди сотди қилиш ёки ундан фойдаланиш юзасидан тузилиши мумкин.
Хўш, нима манфаатли (фойдали), нима эса йўқ деган саволга қандай жавоб берамиз? Агар бирор нима урфда фойдали (манфаати бор) дейилса, демак шу нарса фойдали (юқорида айтиб ўтганимиздек бу фақат шаръий жиҳатдан тақиқланмаган нарсаларга таалуқлидир). Масалан, агар одамлар сайроқи қуш боқиш фойдали деб билишса, демак шундай қушларнинг савдоси ҳам ҳалол. Акс ҳолда бу исроф сифатида баҳоланади.
Савдо молларини, уларнинг ҳалоллиги (жоизлиги) нуқтаи назаридан қуйидаги 4 тоифага ажратиш мумкин:
1. манфаати аниқ-тиниқ жоиз бўлган нарсалар, масалан, кийим-кечак;
2. фойдаланиш очиқ-ойдин тақиқланган (ҳаром бўлган) нарсалар. Масалан, чўчқа ёки маст қилувчи ичимликлар.
3. фақат эҳтиёж бўлганда фойдаланиш мумкин бўлган нарсалар, яъни асли ҳаром қилинган, лекин эҳтиёж туғилганда фойдаланиш мумкин. Масалан, аслида ҳаром бўлган итлардан овчилар овда ёки чўпонлар подани қўриқлашда фойдаланишлари мумкин.
4. ҳеч қандай (яъни, рухсат этилган ҳам, тақиқланган ҳам) манфаат олиш мумкин бўлмаган нарсалар. Баъзи олимлар бундай нарсаларни сотиб олиш мумкин эмас дейишади. Бошқа олимлар бундай пайтда урфга мурожаат қилиш керак, яъни урфда қандай бўлса шунга қараб иш тутилади дейишади. Шунингдек, агар бирор-бир одам муайян маҳсулотда ўзи учун аниқ бир манфаат бор деб ҳисобласа ҳам ўша нарсани сотиб олишига рухсат берилади.
Масалан, кимдир тошбақа боқишни ўз асабларини тинчлантириш нуқтаи назаридан фойдали деб билади.
Ёки бирор тадбиркор эсда қоладиган телефон рақами унинг бизнеси учун манфаатли деб ҳисобласа, ўша телефон рақами гарчи қиммат бўлса ҳам сотиб олиши жоиз бўлади (албатта, Аллоҳ қалблардагини билувчидир).
5. фойдаси ҳам, зарари ҳам бўлган нарсалар, масалан аёллар атири ёки хатто ўзимизнинг интернет, яъни ҳалол йўлда ҳам, ҳаром йўлда ҳам ишлатса бўладиган нарсалар. Бундай нарсалар савдосида аниқлик киритиш зарурати пайдо бўлади, яъни агар сотувчи олинган нарса харидор томонидан ҳаром йўлда сарф қилинишини очиқ-ойдин кўрса, у ҳолда ўша нарсани ўша харидорга сотиши жоиз бўлмайди, аксинча бўлса сотиши мумкин.
Масалан, мусулмон давлатда (яъни, мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилган мамлакат) мусулмон одамга эшак сотаётган одам харидор эшакни қандай ишлатишини аниқ билмаётган бўлса ҳам (эшакни миниш ҳалол, аммо гўштини ейиш ҳаром), у мусулмон харидор ҳақида яхши гумонда бўлган ҳолда ўша эшакни унга сотаверади (агар ўша харидор фосиқлиги билан ном чиқарган одам бўлмаса албатта).
Лекин агар одам мусулмон бўлмаган давлатда яшаётган бўлса, у ҳолда у ўзи сотаётган нарсани одамлар қандай тасарруф қилишини таҳлил қилиши керак бўлади. Масалан, узумдан шинни қилиш ҳам мумкин, шароб қилиш ҳам мумкин. Агар ўша жамиятда одамлар узумни асосан шароб қилиш учун сотиб олишса, у ҳолда узум сотиш жоиз бўлмайди.