Moody’s глобал рейтинг агентлиги маълумотига кўра, жорий йилда Саудия Арабистонининг жами молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи икки бараварга ошиб, 85 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Қироллик 2019 йилда бюджет харажатларини қоплаш мақсадида жами 41 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги молиявий маблағлар жалб қилган.
COVID-19 глобал пандемияси нефтга бўлган талабнинг қисқариши ва нефт нархларининг кескин пасайишига олиб келди, натижада мазкур ҳолат Саудия Арабистонининг даромадлари даражаси тушиб кетишига ва мамлакат бюджети тақчиллигининг сезиларли даражада ўсишига сабаб бўлди. Moody’s глобал рейтинг агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Саудияда бюджет тақчиллиги 2019 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 4,5 фоизни ташкил этган бўлса (мамлакат ЯИМи 2019 йилда 792.97 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган), 2020 йилда бу кўрсаткич ЯИМнинг деярли 11 фоизини ташкил этиб, ҳукуматнинг ялпи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжининг мутаносиб равишда ўсишига олиб келади. Ушбу қийин иқтисодий вазиятдан чиқиб кетишнинг бир йўли сифатида Саудия Арабистони сукуклар чиқаришни режалаштирмоқда.
Сукук – бу ислом молияси тизимидаги қимматли қоғоз ҳисобланади. Таниқли олим, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний сукукка қуйидагича таъриф берган: «Сукук бойликларни адолатли тақсимлаш воситасидир, чунки сукук сармоядорларга лойиҳадан келадиган фойданинг маълум қисмини олиш имконини беради ва шу сабабли бир сармоядорнинг кучи етмаган катта корхона/лойиҳаларни молиялаштиришнинг энг яхши усулларидан бири ҳисобланади».
Сукук чиқарувчи муассаса сукук сертификатларини сармоядорлар гуруҳига сотади ва ундан тушган маблағларни бирор мулк (актив)ни сотиб олишга ёки маълум бир лойиҳани амалга оширишга йўналтиради.
Шундай қилиб сукук – қўпгина сармоядорлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларда ўз эгасининг (яъни сукук сертификатини сотиб олган томоннинг) умумий лойиҳа сармоясидаги ҳиссасини ва олинадиган фойда ёки зарарда сармоядорнинг улушини ифода этувчи ҳужжат ҳисобланади.
Шунингдек, Moody’s агентлиги, молиялаштиришга бўлган талаб 41 миллиард АҚШ долларидан (2019 йилда) тахминан 85 миллиард АҚШ долларигача (2020 йилда) кўтарилишини ва жами молиялаштиришнинг деярли ярми сукук чиқариш ҳисобидан амалга оширилишини таъкидлади.
Агентлик ҳисоботига кўра, ҳукумат томонидан бюджет харажатларини қоплаш мақсадида чиқарилган сукуклар 2019 йилда жами 21 миллиард долларга тенг бўлган бўлса, 2020 йил якунига қадар қарийб икки бараварга ошиб, 40 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
Саудиянинг сукук бозоридаги ўрни
Саудия Арабистони ҳукуматнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш учун анъанавий молиявий воситалар асосида қарз олиш ва олтин-валюта захираларини қисқартиришга таяниб келган.
Бироқ, 2017 йил апрел ойида мамлакат 9 миллиард доллар миқдоридаги ўзининг биринчи (бир неча босқичли) халқаро суверен сукукини чиқарди. Кўп ўтмай, 2017 йил июл ойида ҳукумат маҳаллий валютадаги сукук дастурини тузди ва 2019 йилга келиб ҳукумат томонидан бюджетни молиялаштиришда сукукнинг улуши 50 фоиздан ошди.
2017-2019 йиллар мобайнида мамлакат томонидан чиқарилган маҳаллий ва халқаро сукуклар баҳоси 61 миллиард долларидан ошиб, Сукук бозорида сўнгги йиллар давомида етакчилик қилиб келаётган Малайзия ва Индонезия ҳукуматларини ортда қолдирди.
Хулоса
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳукуматнинг реал инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда сукукдан фойдалана олиши, биринчидан, аҳолининг бўш турган маблағларини иқтисодиётга жалб қилиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Иккинчидан, кўпчиликнинг маблағи ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг фаол жамоатчилик назорати остида пухта бажарилишига сабаб бўлади. Бу хоҳ йўл ва кўприклар қурилишида бўлсин, хоҳ сув иншоотлари қурилишида бўлсин, фарқи йўқ, ишни сифатли бажарилишига сабаб бўлади. Учинчидан эса, сукук сармоядорлар учун яна бир манфаатли молиявий маҳсулот сифатида уларнинг сармояларини диверсификация қилишга ҳамда ислом молияси бўйича билим, кўникма ва амалий тажриба олишларига ёрдам беради.