Китобнинг ушбу қисмида, бизнинг иймонимиз, биз бугунги кунда олиб бораётган моддийликка йўналган тор ҳаёт тарзимизни қандай қилиб кенг ва самарали ҳаёт тарзига айлантириш мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қиламиз.
САМАРАДОРЛИКНИНГ ИСЛОМИЙ ШАКЛИ
Инсониятга сўнгги илоҳий хабар сифатида, Ислом бизни масъулиятли ва самарали инсонлар бўлиш орқали ўз ҳаётимизда ҳам, жамиятда ҳам тинчлик ва фаровонликка эришиш йўлларини кўрсатади. Албатта, биз буни асосий мақсадимизни кўздан қочирмаган ҳолда амалга оширамиз.
Ислом самарадорликка мақсад эмас, балки восита сифатида қарайди. У бизга мақсадни ҳам, яшаш учун қадриятлар тўпламини ҳам тақдим этади. Бундан ташқари, кундалик ҳаётимизда тана, онг ва руҳ ўртасидаги мувозанат сақланиб туриши учун қалбимиз/руҳимизни чуқур озиқлантиради. Қуйида бу масалани батафсилроқ кўриб чиқамиз.
- МАҚСАДГА МУВОФИҚ САМАРАДОРЛИК
Мақсад–моҳиятни англаш бизнинг самарадорлигимизга катта таъсир кўрсатади. Бу замонавий психологияга кўра, инсонни рағбатини оширишнинг учта устунидан бири ҳисобланади, қолган иккитаси ўз-ўзини бошқариш ва маҳоратдир. Афсуски, бугунги жамиятдаги самарадорлик омилларини кўриб чиқсак, кўпинча мақсад ноаниқлигига дуч келамиз. Ушбу мақсадлар, уларга қандай қарашимиздан қатъий назар, жуда саёздир. Улар Яратган билан бўлган муносабатларимизга эмас, балки бу ўткинчи дунёга боғлиқдир.
Биз барчамиз аниқ билишимиз керак бўлган нарса бор: бизнинг яратилишимиз ва мавжудлигимиз мутлақо бежиз эмас. Бунинг аниқ мақсади бор. Ана шу мақсад бизнинг самарадорлигимизга бевосита таъсири бор, яъни бизнинг ҳар бир ҳаракатимизни бошқарадиган аниқ мақсад бор ва бу мақсадни бизга ислом дини белгилаб берган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бизнинг ҳаётимиздаги мақсадимизни аниқ баён қилган икки оят бор:
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56).
“Эсланг, Роббингиз фаришталарга: «Мен ер юзида халифа яратмоқчиман»,–деганида, улар: «Унда (ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ) қон тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени улуғлаймиз»,–дедилар. У (Аллоҳ): «Мен сизлар билмаганни биламан», – деди” (Бақара, 30).
Демак, юқоридаги икки оятга асосан, Аллоҳ таоло инсониятга икки вазифа юклаган:
- Аллоҳнинг қули бўлиш
- Ер юзида вакил ёки халифа бўлиш
Келинг, энди ушбу икки вазифани батафсил кўриб чиқамиз.
- АЛЛОҲНИНГ ҚУЛИ БЎЛИШ
Аллоҳ таолонинг инсониятни Унга ибодат қилиш учун яратган деган оятига назар ташласак, биз ибодатни куннинг маълум вақтларида баъзи амалларни бажариш ва ҳаётимизда муайян қоидаларга амал қилган ҳолда яшаш деб тушунамиз. Келинг, яъбудун (араб тилида “ибодат”ни англатади) сўзини кўриб чиқайлик; туб сўз “абд” бўлиб, “қул” деган маънони англатади. Биз шуни англашимиз керакки, Аллоҳ таоло бизни Ўзига шунчаки ибодат қилишимиз учун эмас, балки ҳақиқий қуллар сифатида ибодат қилишимиз учун яратган. Бу иккисининг фарқи нимада?
- Ибодат қилувчида қачон ибодат қилиш ёки қилмаслик танлови бор, аммо қулнинг бундай танлови йўқ, қул ҲАММА ВАҚТ қул.
- Ибодат қилувчини ибодат қилиши учун белгиланган вақти бор, аммо қулни ҲАР ҚАНДАЙ ВАҚТда хизмат қилиш/ибодат қилиш учун чақириш мумкин.
- Ибодат қилувчи ўзига хос ибодатларни бажаради (намоз, садақа, рўза), қул эса буларни ҳам бажаради, Хожаси талаб қилган БОШҚА ИШЛАРНИ ҲАМ қилади.
- Қуллик ДОИМИЙДИР, ибодат эса доимий эмас.
Кўпчилик “қул” сўзини салбий маънога эга бўлганлиги учун ёқтирмайди ва “хизмат қилиш” сўзидан фойдаланишни афзал кўрадилар, чунки улар бу сўзни тарихи ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қулликни камситиш, деб қабул қилади. Аммо, биз Аллоҳга бўлган қулликни тўғри талқин қилишимиз керак. Аллоҳга бўлган қуллик, Унинг Ўзига боғлайдиган ва бизни бу ҳаёт кишанларидан озод қиладиган қулликдир. Устозлардан бири айтган: “Агар сиз Аллоҳга қул бўлишни истамасангиз, у ҳолда сиз ниманидир ёки кимнингдир қули бўласиз!”. Инсон табиати шунақа. Биз қул сифатида яратилганмиз ва шу билан бирга бизда танлов имконияти бор: ёки биз чин дилдан осмонлар ва ернинг Яратувчисига, бизнинг ягона ва ҳақиқий Хожамиз Аллоҳ таолога қул бўламиз, ёки пулимизга, ишимизга, оиламизга, нафсимизга ва ҳоказоларга (хоҳлаган ёки хоҳламаган ҳолда) қул бўламиз. Сиз ким бўлишни афзал кўрасиз? Раҳмоннинг қулими ёки ниманингдир қули бўлишними?
Ҳозир сиз, Аллоҳ таолонинг қули бўлишнинг мақсадни аниқлаш ва самарали бўлишга қандай алоқаси бор, деяётган бўлишингиз мумкин. Бунга жавоб шуки, агар биз ўзимизни Аллоҳнинг қули эканлигимизни тан олиб, қабул қилсак, демак биз нима қилсак ҳам, нима десак ҳам, Роббимиз истак-хоҳишига мувофиқ бўлиши керак, дегани. Аллоҳнинг қули эканлигингизни қабул қилишингиз билан сизнинг ҳаётингиз мақсади ва мазмун-моҳиятининг янги босқичи очилади. Энди сиз ҳаётнинг мантиқсиз пойгалари ва ундаги ўлжалар билан овора бўлмайсиз. Энди сизнинг асосий ташвишингиз, қандай қилиб Аллоҳ таолони рози қилишим мумкин, Унинг энг яхши бандаси бўлишим учун нималар қилишим керак, деган саволларга жавоб топиш бўлади.
Бу назарияга ўхшаб туюлиши мумкин, лекин биз буни кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз мумкин. Бунинг натижаси қуйидагича бўлади: биринчидан, сиз Аллоҳ таолонинг қули сифатида Унинг амрига ўзингизни топширасиз ва сизнинг ҳаётга бўлган қарашингиз ўзгаради. Энди сиз инсонларнинг ўзгарувчан қадриятларига эмас, балки Қуръон ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга интиласиз. Иккинчидан, сизнинг ҳаётингизда буюк мақсад пайдо бўлади, ва ана шу мақсад сизни ўз ҳаётингизда бажарадиган турли вазифалар (фарзанд, турмуш ўртоқ, ота-она, қўшни, ходим каби) ўртасида мувозанат сақлашга ёрдам беради. Учинчидан, сиз ўзингизни Аллоҳ таоло билан доимий алоқада эканлигингизни ҳис қиласиз ва ҳар бир қарорингиз ва ишингизда (қандай касб қилиш, кимга уйланиш, қандай лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳоказо) Унинг розилигини истайдиган бўлиб қоласиз. Бу эса сизда масъулият ҳиссини пайдо қилади ҳамда юқори ахлоқий қадриятларга ва кундалик ҳаётингизда мукаммалликка интилишга ундайди. Биз ўзимизнинг асл вазифамиз Аллоҳга қуллик қилиш эканлигини англаш, соғлом ва самарали инсон бўлишимиз учун жуда муҳимдир. Акс ҳолда, сиз ўз қадриятларингиз ва қалбингиз билан (ўзингиз, оилангиз ва жамият учун бунинг оқибатлари қандай бўлишидан қатъий назар) сиздан имкон қадар фойдаланишни мақсад қилган бирор катта ёки кичик бизнес манфаатларига хизмат қиласиз, холос.
Аллоҳ таолога қул бўлиш ва бунинг самарадорликка алоқаси ҳақида қанча кўп ўйласангиз, шунчалик самарали ҳаёт кечиришнинг муҳимлигини англайверасиз.
Муҳаммад Абдуллоҳ Фариснинг “Самарали мусулмон: иймон ва самарадорлик учрашганда” номли китоби асосида тайёрланди.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров