Яқин орада қирғизистонликлар илк бор шариат меъёрларига жавоб берадиган давлат ипотекаси (уй-жойни молиялаштириш) олишлари мумкин бўлади. Бу ҳақида Давлат ипотека компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати хабарига кўра, Қирғиз Республикаси фуқароларини арзон уй-жой билан таъминлашга қаратилган “Менинг уйим 2021-2026” уй-жой дастури доирасида “Давлат ипотека компанияси” ОАЖ ва “Бакай Банк” ОАЖ ўртасида тегишли шартнома имзоланган.
Ушбу келишув доирасида Давлат ипотека компанияси “Бакай Банк” қошидаги Ислом молия маркази (ИММ)га инвестиция маблағлари ажратади. Ўз навбатида, Ислом молия маркази муддатли тўлов асосида аҳолини ипотека учун зарур бўлган маблағ билан таъминлайди.
“ИММ Қирғиз Республикаси ва МДҲда очилган биринчи ислом дарчаси бўлиб, “Бакай Банк” ОАЖ қошида ташкил этилган ва ислом тамойиллари бўйича молиявий хизматлар кўрсатади. Қирғиз Республикаси Миллий банкининг ислом молияси тамойиллари асосида молиялаштиришга рухсат берувчи лицензиясига эга. ИММ ўз фаолиятини “Қирғиз Республикаси Миллий банки, банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун, Қирғиз Республикаси Миллий банкининг меъёрий ҳужжатлари ҳамда Ислом молия муассасалари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI)нинг Шариат стандартларига мувофиқ тарзда амалга оширади”, – дея таъкидланади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3-июль куни ушбу Ислом молия маркази раҳбари, Қирғиз Республикаси Ислом молияси Уюшмаси раиси Талант Керимбоев билан ҳамкорликда банк ходимлари ва молиячилар учун “ИСЛОМ БАНК ИШИ: АМАЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ” мавзусида семинар-тренинг ташкил этган эдик.