“Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини (дўсти) шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин (дўст)!”
Ушбу оятда Аллоҳ хуш кўрмайдиган мутакаббир ва фахур (мақтанчоқ) кимсаларнинг баъзи сифатлари зикр қилинмоқда. Улар аслида бахил бўлиб, молни яхшиликка сарфлашдан қочадилар. Аммо, бордию сарфласалар ҳам, ояти каримада келганидек, кишилар кўрсин учун, риёкорлик учун сарфлайдилар.
«Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар».
Демак, мумсик, бахил бўлиш ҳам Аллоҳ таолога ёкмайди. Риёкорона нафақа бериш ҳам Аллоҳ таолога ёқмайди. Чунки, риёкорнинг мол сарфлашдан кўзлаган мақсадлари одамлар кўрсин ва эшитсин, гап қилсин, мақтасин, дейишдир. Аллоҳ учун, унинг розилиги учун эмас.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Дўзахда энг аввал куядиганлар учтадир: риёкор олим, риёкор козий, риёкорона нафақа қилувчи. Мол эгаси: «Сен нафақа қилишни хуш кўрган ҳеч бир нарсани қўймай ҳаммасига нафақа қилдим», дейди. Аллоҳ эса:
«Бекор айтибсан, сени сахий дейишларини истаган эдинг, бу гап айтилди ҳам», дейди.
Яъни, нафақа қилишдан кўзлаган мақсадингта ҳаётий дунёда эришгансан, дейилади. Улар шундай номаъқулчиликларни қилишади.
«Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар».
Бунинг асосий сабаби эса, шайтоннинг гапига кириб, унинг йўлига юришларидир.
«Кимнинг яқини (дўсти) шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин (дўст)».
Шайтонга яқин бўлиб, уни дўст тутгандан кейин, албатта, у ўз «дўсти»ни ёмон йўлга, куфрга, риёкорликка, бахилликка ва бошқа разолатларга бошлайди. Демак, улар ўзларига ўзлари ёмонликни раво кўрибдилар.
Манба: “Тафсири ҳилол”