Муробаҳа билан боғлиқ баъзи масалалар
Мақоламизнинг биринчи ва иккинчи қисмларида муробаҳанинг моҳияти ҳақида сўз юритдик. Мана энди муробаҳани амалда қўллаш билан боғлиқ баъзи долзарб масалаларни кўриб чиқамиз. Зеро, муробаҳанинг назарий моҳиятини тушуниш, уни амалда қандай қўлланишини билиш дегани эмас. Ушбу масалаларни тўғри тушуниб олсак, назарий билимларни амалда қўллаш пайтида турли хато ва адашишлардан ўзимизни маълум даражада ҳимоя қилган бўламиз.

Маҳсулотни нақд ва қарзга (насияга) турли нархларда сотиш
Муробаҳанинг ислом молия муассасалари томонидан молиялаштириш маҳсулоти/усули сифатидаги қўлланиши асосан маълум бир муддат ичида тўлаш шарти билан мижозга бирор маҳсулот олиб беришдан иборат. Маҳсулотни насияга сотишда молия муассасаси бошқа турли омиллар қаторида мижоз тўловни қанча муддатда амалга оширишини ҳам инобатга олади албатта. Одатда тўлов муддати қанча узоқ бўлса, насияга сотилаётган маҳсулот шунча қиммат бўлади. Шу ерда, бу амалиёт (яъни нақдга бир нарх, насияга бошқа нарх қўйиш) тўғрими ўзи деган савол туғилади? Баъзилар бу ҳолат, яъни муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишда маҳсулотнинг нархи нақдга олинганидан кўра қиммат бўлишини вақт учун тўлов деб, муробаҳани фоизга берилган кредитга қиёслашади. Аммо бу нотўғри фикр, чунки насияга сотилган маҳсулот нархининг юқори бўлиши фақатгина вақтга боғлиқ эмас, бунинг яна бир неча муҳим омиллари бор:
· молиявий хатарлар
ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ (бизнес) хатарлар
(буларнинг ичига миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсининг кескин ўзгариши, пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ хатарлар, божхона тўловларининг ошиб ёки тушиб кетиши, солиқларнинг кўтарилиши ёки янги турларининг жорий этилиши, бозордаги нархларнинг қандайдир сабабларга кўра кескин ўзгариши, муробаҳа шартномаси доирасида олиниши режалаштирилган маҳсулот нархини белгилаш билан боғлиқ хатарлар, маҳсулотни сотиб олиш, ташиш ва сақлаш билан боғлиқ хатарлар, харидорнинг муробаҳа шартномаси доирасида олинган маҳсулотни олишдан бош тортиши, харидорнинг муробаҳа бўйича тўловларни амалга ошира олмай қолиши ва ҳ.к.з.лар киради).
Кўриб турганмиздек фақат кредит хатарини инобатга олувчи анъанавий банклардан фарқли равишда ислом молия муассасаси юқорида санаб ўтилган барча хатарларни бўйнига олишга мажбур.
Хуллас, маҳсулотнинг эгаси уни насияга сотаётганда ушбу кўрсатиб ўтилган хатарларни инобатга олади ва маҳсулотга ўзи хоҳлаган нарх қўяди. Харидор ҳам шу нархга турли сабабларга кўра рози бўлиши мумкин. Масалан сотувчи ишончли /ҳалол (яъни харидор шу сотувчига ишонади) ва бирор айби бор молни сотмайди, сотувчининг харидорга бўлган муносабати яхши, маҳсулот сотилаётган жой (дўкон, омбор..) озода ва ҳ.к.з. Шу бир қарашда арзимаган сабаблар ҳам маҳсулот нархининг шаклланишида маълум аҳамият касб этади. Юқорида айтиб ўтганимиздек сотувчи маҳсулотга нарх белгилашда вақт омилини ҳам инобатга олади, аммо маҳсулотга нарх белгиланиб бўлиши биланоқ вақт омили йўқолади. Шунинг учун ҳам харидор муробаҳага олган маҳсулот учун ўз вақтида тўловни амалга оширмаса ҳам маҳсулотнинг нархи ўзгармайди, яъни сотувчи маҳсулот нархини кўтаролмайди. Агар маҳсулотнинг нархи фақат вақтга боғлиқ бўлганда сотувчи унга вақт қўшиб берган ва охир-оқибат харидор кўпроқ пул тўлаган бўларди. Кредит шартномаларида шундай, яъни берилган қарз вақтга бевосита боғлиқ, яъни қарздорга қўшимча вақт берилса (масалан кредит муддати чўзиб берилса) у шу қўшиб берилган давр мобайнида қўшимча пул (фоиз) тўлайди. Бундан ташқари, кредитга асосланган молиявий муносабатларда кредит бўйича ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун фоиз миқдори оширилади, бу ҳам етмагандек қўшимча жарималар ҳам белгиланади.
Муробаҳа шартномасида эса бундай эмас, харидор насияга олинган молнинг тўловини ўз вақтида амалга оширолмаса ҳам сотувчи ҳеч қандай жарима (пеня) белгилашга ҳақи йўқ. Чунки бу савдо-сотиқ шартномаси, кредит шартномаси эмас. Шартномада бундай шартнинг бўлиши битимни ботил қилади (яъни шартнома шариат нуқтаи назаридан ўз кучини йўқотади). Шу билан бирга замонавий молия муассасаларининг шариат кенгашлари мижознинг (харидорни) жавобгарлигини ошириш мақсадида муробаҳа шартномаларига жаримани бир шарт билан киритишган. Бу шарт қуйидагича: жарима масъулятсиз мижозга нисбатан таъзир чораси сифатида қўлланиши мумкин, лекин мижоздан ундирилган жарима молия муассасасининг даромадига айланиши мумкин эмас, балки хайрия учун ишлатилиши лозим. Жарима тўлаш тартиби ва уни хайрияга сарфланиши шартномада акс этган бўлиши керак.
Шундай қилиб, нақдга ва насияга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилаётган маҳсулотнинг нархи турлича бўлиши мумкинлигини тўрттала мазҳаб ҳам тан олади. Ягона шарт: маҳсулотнинг нақдга ва насияга сотилаётган нархи савдо/муробаҳа битими тузилаётган пайтда (яъни шартнома имзоланмасдан олдин) аниқ бўлиши керак. Яъни масалан нақдга 100 доллар, насияга 120 доллар. Бунда харидор битим амалга ошмасдан олдин шу иккисидан бирини танлаши керак бўлади ёки томонлар бошқа нархга келишишади (масалан 95/115) ва шундан сўнг савдо/муробаҳа битими амалга оширилади. Бунда сотувчи молини сотишда товламачилик қилмаса (молида йўқ сифатларни айтиб ёки бор айбини беркитиб…) ёки харидорни шунга мажбур қилмаса бўлди (яъни харидор ўз ихтиёри билан маҳсулотни шу нархга сотиб олишга рози бўлиши керак).