Сармоядорлар хатар даражасини пасайтиришга бўлган интилиши сабабидан бу турдаги сукуклардан кенг фойдаланилади. Барча амалиётлар асосини савдо ташкил қилганлиги боис, моҳиятан SPV ва сармоядор ўртасида олди-сотди шартномаси тузилади.
Аввало инвестиция жалб қилмоқчи бўлган корхона ташаббускор сифатида SPV ташкил этади. SPV ҳузурида шариат кенгаши тузилади ва қонунчилик талаби ёки жамият ихтиёрига кўра андеррайтер ва рейтинг агентликлари жалб қилиниши мумкин. Ундан сўнг жараён қуйидаги тартибда давом этади:
1. SPV сукук чиқаради ва сармоядорлар тўловни амалга оширади.
2. Маблағ эвазига бирор маҳсулот ёки мол-мулк бозор нархи (Р0)да харид қилинади. Мулк аввал сармоядор номига ўтказилади.
3. Кейин мулк келишилган нарх (Р1) бўйича бўлиб тўлаш шарти билан (яъни муддатли тўлов асосида) SPV номига ўтказилади.
4. Ўз навбатида, SPV мулкни дарҳол бозорда сотиб юборади ва тушум лойиҳа учун молиявий манба сифатида шаклланади. Эмитент мулкни сотмай, лойиҳа фаолиятида фойдаланиши ҳам мумкин.
5. Мулкка эгалик ҳуқуқини олгандан сўнг сармоядорлар фойдаси мулкнинг бозор нархи ва уни келишув асосида қайта сотиш нархи орасида фарқ сифатида юзага келади (Р1-Р0=фойда). Бўлиб тўлаш муддати якунида охирги тўлов амалга оширилганда сукук сўндирилган/қопланган ҳисобланади.
Нархни бўлиб тўлашда SPV учун кредиторлик мажбурияти юклаганлиги боис сукук номинал қийматининг қайтиши ва даврий фойданинг тўланиши ишончли (яъни хатар даражаси паст) бўлади. Мулк сукук эгаси номидан SPV номига ўтганлиги ва сукук эгаси қарзни қайтариб олаётганлиги сабабли муробаҳа сукуки билан иккиламчи бозорда олди-сотди жараёнларини амалга ошира олмайди.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)