Мудораба – шерикчиликнинг ўзига хос бир тури бўлиб, бунда бир томон маблағ (сармоя) беради, иккинчи тараф шерикчилик доирасидаги бизнесни (яъни корхона ёки тадбиркорлик лойиҳасини) бошқаради. Малбағ берган «роббул мол» дейилади (арабчадан мол/мулк/маблағ эгаси ёки сармоядор деб таржима қилиш мумкин), лойиҳани бошқарувчи эса «мудориб» дейилади.
Мушорака билан Мудораба ўртасида фарқлар қуйидагилардир:
(1) Мушоракада сармоя барча шериклар томонидан киритилади, мудорабада эса фақат «Роббул мол» сармоя киритади ва у (сармоя) бўйича хатарни ҳам ўз бўйнига олади;
(2) Мушоракада шерикларнинг барчаси бизнес бошқарувида бевосита иштироқ этишлари мумкин, мудорабада эса бизнес фақат мудориб томонидан бошқарилади (яъни сармоя киритган шерик бизнес бошқарувида иштирок этолмайди).
(3) Мушорака доирасида кўрилган зарар ҳар бир шерикнинг киритган сармоясига мутаносиб равишда тақсимланади, мудорабада эса зарар фақат сармоя киритган томоннинг бўйнида бўлади, чунки мудориб бизнесга пул тикмайди. Агар тадбиркорлик фаолияти натижасида зарар кўрилса, Мудориб фаолият доирасида қўлга киритилиши керак бўлган фойдадаги улушдан қуруқ қолади, ҳамда унинг бошқарувчи сифатидаги обрўсига путур етиши мумкин (яъни агар Мудориб астойдил харакат қилмаганлиги, ишни тўғри ташкиллаштиролмаганлиги, пухта режа қилолмаганлиги учун зарар кўрилса, бошқа сармоядорлар уни бошқа бизнес лойиҳаларга Мудориб сифатида жалб қилмасликлари мумкин). Шу билан бирга, агар зарар унинг ўз вазифаларини бажармаганлиги, лоқайдлиги, ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли кўрилганлиги аниқланса, у ҳолда у зарарни қоплаб беради. Шу каби хатарларни инобатга олган ҳолда сармоядор мудораба асосидаги фаолиятни бошлашда Мудорибдан гаров талаб қилиши мумкин, исломда бунга рухсат берилган. Албатта, олинган гаров зарар Мудориб ўз вазифаларини бажармаганлиги, лоқайдлиги, ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли кўрилганлиги исботлансагина ишлатилиши мумкин. Бу масала томонлар ўртасида тузилган мудораба шартномасида кўзда тутилган бўлиши лозим.
(4) Мушорака доирасида олинган молиявий мажбуриятлар корхонанинг мол-мулки (активлари)дан кўп бўлса, у ҳолда ушбу мажбуриятлар шериклар киритган сармояга мутаносиб равишда тақсимланади. Лекин агар томонлар мушорака давомида ҳеч қандай қарз олмасликка келишишган бўлса-ю, шериклардан бири ушбу келишувни бузган ҳолда қарз олган бўлса, у ҳолда пайдо бўлган молиявий мажбуриятлар бўйича жавобгарлик унинг зиммасига тушади. Мудорабада маблағ киритган томон мудорибга унинг номидан қарз олиш ваколатини берсагина бизнесга қарз маблағлари жалб қилиши мумкин.