Ислом молиясининг республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги ролини ҳисобга олиб, белгиланган вазифаларни бажариш ва республикамизда ислом молиясини жорий қилиш учун ҳуқуқий-меъёрий асосларни шакллантириш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлашни рағбатлантириш мақсадида, жорий йилнинг 5 октябрь куни Тошкент молия институтида Ислом молияси бўйича соҳа мутахассислари иштирокида “Ўзбекистонда ислом молияси истиқболлари” мавзусидаги мастер-класс ташкил этилди.

Мазкур тадбир давомида Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ICD) маслаҳат-хизмат бўлими етакчи мутахассиси, МДҲ давлатлари бўйича лойиҳа бошқарувчиси Музаффаржон Низомиддинов Ислом молияси асослари бўйича мастер класс ўтди. Шунингдек, тадбирда “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси ва Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси директори Жаҳонгир Имaмназаров, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳусан Ҳасанов, Ислом тараққиёт банки мутахассиси Азиз Ғуломовлар илмий тадқиқотчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларга Ислом молияси бўйича керакли ва қизиқарли маълумотларни етказдилар.


Мастер-класс Ислом молияси асослари ва тамойиллари, Ислом молияси тарихи, Ислом молиясида пулнинг моҳияти ва вазифаси, Ислом молияси хизматлари саноати ва Исломий молиявий шартномалар, Ислом банкчилиги ва анъанавий банкчилик, Ўзбекистонда Ислом молиясини жорий этиш каби долзарб мавзуларни қамраб олди.

Тадбир якунида Ўзбекистонда исломий молиялаштиришни жорий қилиш масалаларини илмий-тадқиқ қилиш йўналишлари белгиланди ва бу каби амалий тадбирлар мамлакатимизда Ислом молиясини кенг ривожланиши, етишиб чиқаётган кадрлар Ислом молиясини чуқурроқ ўрганиши ва тадқиқ этишида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.