Камайиб борувчи мушорака шартномаси қуйидаги битимлар амалга оширилишини кўзда тутади:
1. Кўчмас мулкка нисбатан шерикчилик асосида эгалик қилишни ташкиллаштириш (Ширкат ул-милк);
2. Сармоядор улушини мижозга ижарага берилиши;
3. Мижознинг сармоядор қисмларга бўлинган улушларини сотиб олиш юзасидан ваъда бериши;
4. Сармоядор улушининг мижоз томонидан маълум муддат ичида сотиб олиниши.
Мана энди ушбу босқичларни батафсил кўриб чиқамиз:
i. Юқоридаги қайд этилган биринчи босқич шерикчилик асосида мулкка эгалик қилиш, яъни ширкат ул-милкни ташкиллаштиришдир. Ширкат ул-милк турли йўллар билан, жумладан томонлар биргаликда мулк сотиб олишлари билан юзага келиши мумкин. Буни барча мазҳаб вакиллари жоиз дейишган. Шерикчилик асосида мулкка эгалик қилишга ҳеч қандай монелик йўқ.
ii. Иккинчи босқичда сармоядор сотиб олинган уй-жойдаги улушини ўзининг мижозига ижарага беради ва эвазига ижара ҳақи олади. Бу ҳам очиқ-ойдин жоиз амалдир, чунки киши ўзининг мулкдаги улушини шеригига ижарага бериши борасида фуқаҳолар ихтилоф қилишмаган. Лекин бундай улушни учинчи шахсга ижарага бериш борасида ихтилоф бор. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Зуфарга кўра кишининг бўлинмас улуши учинчи шахсга ижарага берилиши жоиз эмас, аммо Имом Молик ва Имом Шофеъий, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасанларнинг наздида кишининг бўлинмас улуши (яъни унинг якка ўзига тегишли улуш) ҳар қандай кишига ижарага берилиши мумкин. Шундай қилиб, ўзига тегишли мулкни ўз шеригига ижарага бериш масаласида уламолар иттифоқ қилишган.
iii. Учинчи босқичда мижоз сармоядорнинг бўлинмас улушини бир неча қисмларга бўлиб сотиб олади ва бу савдо жоиз саналади. Бўлинмас улуш ерга тегишли бўлса ҳам, бинога тааллуқли бўлса ҳам, бу иккисини сотиш барча мазҳабларга кўра жоиз саналади. Шунингдек, бинодаги бўлинмас улуш шерикка сотилишини ҳам барча фақиҳлар жоиз санашган. Ихтилоф фақат бўлинмас улушни учинчи шахсга сотиш масаласида юзага келган.
Кўриб турганимиздек, юқоридаги уч босқичда кўриб чиқилган ҳар бир битим жоиздир, аммо уларни битта шартномага жамласа бўладими ёки йўқми, деган савол туғилади. Жавоб шуки, агар бунда бир битим иккинчисининг бажарилишини шарт қилса, у ҳолда бундай шартнома тузиш шариатда тақиқланган. Чунки ислом ҳуқуқида машҳур қоида борки, унга кўра бир битим иккинчи битимни шарти этиб белгиланиши мумкин эмас.
Аммо бунинг (яъни икки битимнинг бирини иккинчисига шарт қилишнинг) ўрнига, бир томон иккинчи томонга биринчи галда сармоядор улушини ижарага олиш ва келишилган ижара ҳақини тўлаш бўйича, иккинчи галда эса, сармоядорнинг уй-жойдаги улушини бир неча қисмларга бўлиб сотиб олиш бўйича ваъда бериши мумкин.
Бу эса бизни тўртинчи, яъни бундай ваъда бажарилиши мажбурийми ёки мажбурий эмасми, деган масалага етаклайди.
iv. Ваъда бериш ваъда берувчи зиммасига фақат маънавий масъулият юклайди, уни суд маҳкамаси орқали кучга киритиб бўлмайди, деган умумий тушунча шаклланиб қолган. Аммо, бир қанча фақиҳлар ваъдани қонуний кучга киритиш ва ваъда берувчи ваъдасини, айниқса, олди-сотди билан боғлиқ ваъдани бажаришга мажбурланиши мумкин, деган фикрдалар. Жумладан бир нечта моликий ва ҳанафий фуқаҳолари зарурат ҳолатида ваъдаларни маҳкама орқали бажартирса бўлади дейишган. Ҳанафий уламолар бу назарни ‘байъ бил-вафо’ деб номланувчи маълум бир савдо турига нисбатан ишлатишган. Байъ бил-вафо кўчмас мулкнинг махсус савдоси бўлиб, унда мулкни сотиб олаётган харидор “агар қачондир сотувчи мана шу баҳони қайтариб тўласа, мен унга уйни қайтариб сотаман” деган ваъдани беради. Бундай савдо илгари Ўрта Осиё мамлакатларида кенг тарқалган бўлган. Ҳанафий уламолар “агар уйни биринчи сотувчига қайтариб сотиш биринчи савдонинг шарти қилиб белгиланган бўлса, савдо жоиз бўлмайди” деган фикрда бўлганлар. Аммо, биринчи савдо ҳеч бир шартсиз амалга оширилган бўлса ва савдо амалга ошгандан сўнг сотиб олувчи уйни сотувчига айни нарх эвазига қайтариб сотишга ваъда берса, ваъда дуруст бўлади ва бунда фақат маънавий масъулият вужудга келади. Шу билан бирга, биринчи сотувчининг бу ваъдани бажартириш бўйича қонуний ҳуқуқи пайдо бўлади. Фуқаҳолар бундай келишувга рухсат берганлар ва ўзларининг фикрларини қуйидаги тамойил билан асослаганлар: “قد تجعل المواعيد لازمة لحاجة الناس” (Зарурат бўлганда, ваъдани бажаришга мажбур қилинади).
Ҳатто ваъда биринчи савдо амалга оширилишидан олдин берилган ва сотув ҳеч қандай шартсиз амалга оширилган бўлса ҳам, бундай ваъда айрим ҳанафий уламолар наздида жоиз бўлади.
Савдодан олдин қайтариб сотиб олиш ҳақидаги ваъда савдода шарт қўйилишининг худди ўзику, деб айтувчилар бўлиши ҳам мумкин. Чунки ваъда очиқ-ойдин шарт деб айтилмаса ҳам, томонлар савдо-сотиқ вақтида ваъдани ундан олдин айтилгани учун савдонинг шарти сифатида кўришади.
Бу танқидий фикрга жавоб шуки, савдо битимида шарт қўйиш билан битимдан ташқари / алоҳида ваъда ўртасида жуда катта фарқ бор. Агар савдо-сотиқда тўғридан тўғри шарт қўйилган бўлса, у ҳолда савдо фақат ана шу шартнинг бажарилиши билан дуруст бўлади. Агар келажакда бу шарт бажарилмаса, шартнома бекор бўлади. Бу ҳолда, савдодаги олди-берди келгусида рўй бериши ёки рўй бермаслиги мумкин бўлган шартга боғлиқ бўлиб қолаяпти. Бу эса шариатда қатъиян ман қилинган савдодаги ноаниқлик – ғарарга пайдо бўлишига олиб боради. Бу эса шариатда бутунлай тақиқланган.
Аксинча, агар савдо битими ҳеч қандай шартсиз тузилса, ҳамда икки томондан бири бир ишни қилишга шартномадан алоҳида равишда ваъда берса, савдонинг дурустлиги бу берилган ваъданинг бажарилишига боғлиқ бўлмайди. Ваъда берувчи ваъдасини бажарса ҳам, бажармаса ҳам савдо шартномаси кучга кираверади. Агар ваъдасидан қайтса ҳам, савдо кучда қолаверади. Ваъда берилган томон қилиши мумкин бўлган энг катта иш бу ваъда берувчи устидан суд маҳкамасига арз қилишдир. Агар ваъда берувчи ўз ваъдасини бажара олмаса ва бунинг оқибатида иккинчи томон зарар кўрса, у ҳолда у зарарни қоплаш учун ваъда берилган томон даъво киритиши мумкин.
Бундан равшан бўладики, алоҳида ва мустақил равишда қилинган ваъда битимни шартли қилиб қўймайди. Шунинг учун ҳам, бундай шартнома қонуний кучга эга бўлади.
Юқоридаги таҳлиллар асосида уй-жой сотиб олишни молиялаштириш учун камайиб борувчи Мушорака шартномасини қуйидаги тартибда амалга оширса бўлади:
а) Шерикчилик асосида мулкни сотиб олиш, уни ижарага бериш ва сармоядор улушини қисмларга бўлиб сотиш бўйича муносабатларни битта шартнома ҳужжатига жамлаш мумкин эмас. Шерикчилик асосида сотиб олиш ва ижара шартномаларини бир ҳужжатга жамласа бўлади. Бу ҳужжатда сармоядор мулкни биргаликда сотиб олганларидан кейин уни мижозга ижарага беришга розилик билдиради. Ижара келажак вақтга боғланиб амалга оширилиши мумкин. Бунга рухсат бор ва бу масала тегишли бобда ҳали ўрганилади. Айни дамда мижоз сармоядорнинг улушини маълум муддат ичида қисмларга бўлиб сотиб олиш бўйича бир томонлама ваъда бериши, ва сармоядор ҳам ўз навбатида мижоз улушнинг бир қисмини сотиб олганда ижара ҳақини тегишли равишда камайтириш мажбуриятини олиши мумкин.
б) Ҳар бир янги улуш сотиб олинаётган вақтда алоҳида таклиф ва қабул қилиш орқали олди-сотди амалга оширилиши лозим.
в) Мижоз улушнинг бўлинган қисмларини сотиб олаётганда ҳар бир қисмнинг нархи уй-жойнинг ўша савдо кунидаги бозор баҳосига асосланган бўлиши афзал ҳисобланади. Аммо, келишилган нархнинг мижознинг сотиб олиш ваъда хатида кўрсатилиши ҳам жоиз саналади.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
“Ислом молиясига кириш” китоби асосида тайёрланди