Муробаҳага оид мақоланинг аввалги қисмларида айтиб ўтганимиздек Муробаҳа битимида иштирок этаётган сотувчи, харидордан муробаҳа бўйича гаров ёки кафиллик талаб қилиши мумкин. Бугун биз кафиллик масаласини кўриб чиқамиз.
Кафиллик харидор тўловни ўз вақтида амалга оширмаган ҳолатда сотувчига кафилдан ушбу тўловни ундириш имконини беради. Кафил бўлиш ихтиёрий хатти–ҳаракат/битим, аммо шу билан бирга кафил кафиллик бераётгани учун ҳақ олиши мумкин эмас. Кафил харидордан фақат кафиллик бериш билан боғлиқ қандайдир харажатларни (масалан банкдан пул ўтказиш учун тўлов, ёзиш учун қоғоз каби) қоплаб беришини талаб қилиши мумкин.
Кафиллик учун ҳақ олишнинг таъқиқланиши рибога бориб тақалади, яъни агар қарз ёки насияга мол бераётгани учун ҳақ олиши мумкин бўлмаса, қандай қилиб кафилик бераётган ўз кафиллиги учун ҳақ олсин! Чунончи у (яъни кафил), харидор / қарздор фақат тўловни амалга оширолмаган тақдирдагина унинг ўрнига тўловни амалга оширади. Бунда агар кафил кафиллик учун ҳақ олса бу ўз пулини ёки молини қарзга/насияга бепул тақдим этганга нисбатан адолатсизлик бўлган бўларди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом фиқҳи ва молияси бўйича уламолар кенгаши кафиллик учун ҳақ олса бўлади деган қарори (ижмоси) йўқ, шу сабабли (юқорида айтиб ўтилганидек) харидор/қарздор кафиллик бериш билан боғлиқ харажатларнигина қоплаб бериши мумкин.