Янги молиявий манбалар топиш зарурати босими остида қолган Жазоирда, Ислом молия тизимини татбиқ қилишга масъул бўлган ташкилот тузилди. Бу ҳақда Рейтер ахборот агентлигининг хабар бермоқда. ОПEК аъзоси бўлган Жазоирнинг давлат молия тизими дунё миқёсида нефт нархининг кескин пасайиши оқибатида жиддий зарар кўрган бўлса, коронавирус пандемияси мамлакатдаги молиявий инқирозни янада чуқурлаштирди.
Ислоҳотларни амалга оширишдаги сусткашлик, шунингдек сўнгги ой ичида ёқилғи маҳсулотлари экспортидан келадиган тушумларнинг янада камайиши, Президент Абдулмаджид Таббунини ҳукуматга махсус топшириқ беришга мажбур қилди. Унга кўра, банкларга ўз маҳсулотларини диверсификация қилиш (яъни хизмат ва маҳсулот турларини кўпайтириш) имконини берувчи чора-тадбирлар кўришни тезлаштириш зарур.
Сешанба куни, Олий Ислом кенгаши, “Ислом молиясига оид масалаларида фатво чиқарувчи Шариат Кенгаши” тузилганлигини, ҳамда ушбу кенгаш банкларнинг фоизсиз молия маҳсулотлари билан боғлиқ фаолиятини назорат қилишини маълум қилди.
“Кенгаш банклар ва молия муассасалари учун шариатга мувофиқлик гувоҳномалари беради”, дейилади баёнотда.
Асосий хатти-ҳаракатлар асосан давлат банк тизимидан ташқаридан маблағ жалб қилишга қаратилади, ҳукумат жалб қилиниши мумкин бўлган маблағлар миллиардлаб динор қийматига тенг бўлишини таҳмин қилмоқда.
Шу билан бирга, ҳукумат чет эл сармоядорларидан кўра кўпроқ маҳаллий аҳоли ва тадбиркорларнинг маблағларига, яъни уларнинг жамғармаларига умид боғламоқда, чунки аксарият Жазоирликлар мамлакат банкларига ишонишмайди ва катта миқдордаги пулларни уйларида нақд ҳолда сақлашни афзал кўришади (агар ушбу пул маблағлари, ислом молияси киритилиши сабаб банк тизимига жалб этилса, банк тизими жуда яхши молиявий манбага эга бўлади).
“Ислом банкчилиги кўп масалаларда, шу жумладан қоғозбозлик (бюрократия)ни йўқ қилишда қўл келиши мумкин”, дейди иқтисодчи профессор Абдураҳмон Айа. “Албатта, бунда сиёсий ирода ҳам жуда керак бўлади”.
Бизнинг фикримизча, ислом молиясини тадбиқ қилиш Жазоир ва Ўзбекистон каби аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган мамлакатлар иқтисодиётига ижобий таъсир қилади. Хусусан, анъанавий банкларга мурожаат қилмасликни маъқул кўрадиган аҳолининг маблағларини молия тизимига жалб қилишга, мамлакатда ички инвестицияларни жонлантириш, савдо ва ишлаб чиқаришнинг ривожланишига ёрдам беради. Бунинг натижасида ички ва ташқи сармоядорлар, хорижий ислом фондлари ва банклари мамлакатга ўз инвестициялари билан кириб келишига кенг имкониятлар яратилади.