«Ижара» – бу ислом фиқҳига оид атама бўлиб, луғавий маъноси «бирор нимани ижарага бериш»дир. Ислом ҳуқуқшунослигида «ижара» атамаси иккита ҳолатда қўлланади. Биринчиси, «иш ҳақи эвазига ёлланган шахснинг хизматидан фойдаланиш» маъносини беради. Бунда иш берувчи «мустажир», ёлланган хизматчи шахс эса «ажир» деб аталади. Яъни, агар А томон В томонни иш бошқарувчи ёки оддий ходим сифатида ёлласа А мустажир, В эса ажир бўлади.
Ушбу ижара тури, бир томон иккинчи томонни (яъни унинг хизматини) ёллаган ҳар қандай битимни ўз ичига олади. Ёлланган шахс табиб бўладими, ўқитувчи бўладими, ҳаммол бўладими фарқи йўқ, уларнинг барчаси ажир деб, ёлловчи (иш берувчи) мустажир деб, ажирга бериладиган иш ҳақи эса «ужра» деб аталади.
Ижаранинг иккинчи тури инсонларнинг хизматларига эмас, балки мол-мулкка тааллуқлидир. «Ижара» бу маънода «бирор мулкни ижара ҳақи эвазига бошқа бир шахсга бериб туриш» деган маънони англатади. Бу ерда, «ижара» атамаси инглизча «лизинг» атамаси билан бир хил маънога эга. Бунда, ижара берувчи (яъни ижарага мулк тақдим қилувчи) “мужир”, ижарачи “мустажир”, ижара ҳақи эса “ужра” дейилади.
Ижаранинг ушбу икки тури ҳам Ислом фиқҳига оид китобларда батафсил муҳокама қилинган ва уларнинг ҳар бири ўз қоидаларига эга. Ушбу мақолада асосан ижаранинг иккинчи тури ҳақида сўз боради, чунки ижаранинг бу тури кўпроқ сармоя киритиш ва молиялаштириш билан боғлиқ.
Ижара қоидалари, лизинг маъносида, савдо қоидаларига жуда ўхшайди, чунки ҳар икки ҳолатда ҳам бирор нима, бошқа бир шахсга маълум бир қиймат эвазига берилади. Ижара ва савдо-сотиқ ўртасидаги энг асосий фарқ шундаки, савдо-сотиқда мол-мулкнинг эгалик ҳуқуқи харидорга ўтади, ижарада эса фақатгина мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи ижарачига ўтади (мулкка эгалик ҳуқуқи ижара берувчида қолади).
Кўриб турганимиздек, “ижара” аслида молиялаштириш маҳсулоти/усули эмас, балки савдо-сотиқ каби оддий тадбиркорлик фаолиятидир. Бироқ, баъзи солиқ имтиёзлари туфайли, кўп мамлакатларида ушбу битимдан молиялаштириш мақсадида фойдаланиш жуда оммалашиб кетган. Молия муассасалари ўз мижозларига фоизга асосланган анъанавий кредит беришнинг ўрнига ҳам ускуна ва жиҳозларни лизингга беришни бошлашди. Ушбу ускуналар учун ижара ҳақи белгилашда улар бу мулкни сотиб олишда ўзлари сарф қилган умумий харажатларнинг устига ижара муддати давомида бундай миқдордаги пулдан олишлари мумкин бўлган фоизларини қўшиб, ҳосил бўлган йиғиндини (суммани) ижара муддатининг умумий ойлари сонига бўлишади ва ойлик ижара ҳақини шу асосда белгилашади.
Хўш, лизинг шартномасини молиялаштириш учун ишлатиш мумкинми ёки йўқми, яъни бундай амалиёт ислом молияси талабларига жавоб берадими ёки йўқми? Бу битим шартларига боғлиқ. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, лизинг авваломбор молиялаштириш маҳсулоти эмас, балки оддий бизнес битимидир. Шу туфайли лизинг шартномаси доимо ижара учун белгиланган шаръий қоидалар доирасида тартибга солиниши керак. Мақоланинг кейинги қисмларида, Ислом фиқҳида кўрсатиб ўтилган ижара битимига оид асосий қоидаларни кўриб чиқамиз. Ушбу қоидаларни ўрганиб чиққандан сўнг, қайси ҳолатларда ижара битимидан молиялаштириш учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида тасаввур пайдо бўлади деган умиддамиз.
Албатта ижара мавзуси катта ва бирмунча мураккаб мавзу, шунинг учун биз бу ҳақидаги мақолани бир неча қисмларга бўлиб эътиборингизга ҳавола қиламиз.