Ушбу мақолада Дар аш-Шарианинг Айланма маблағларга бўлган талабнинг Ислом банклари томонидан қондирилиши юзасидан фатвоси келтирилади. “Dar Al Sharia” – 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган, шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат, ислом молияси ва банкчилиги масалалари билан шуғулланувчи компания.
Савол:
Бир компания Ислом банкидан молиялаштириш жалб қилмоқчи. Олинган маблағлар айланма маблағларларга бўлган эҳтиёжни қондириш, жумладан, янги ИТ системасини харид қилиб ўрнатиш ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
Компаниянинг юқоридаги талаби шариат кўрсатмаларига мувофиқ бажарилиши мумкинми?
Жавоб:
Компаниянинг талаби қуйидаги масалани ўз ичига олади:
Айланма маблағларга бўлган эҳтиёж
Мушорака (шерикчилик) битими доирасида молиялаштириш – бу компаниянинг айланма маблағларга бўлган талабларини қондириш учун жуда мос келадиган восита саналади, фақат бунда қуйидаги шартлар бажарилиши лозим:
а. Компаниянинг бизнес фаолияти шариат талабларига мувофиқ бўлиши шарт;
б. Компаниянинг молиявий маблағлари анъанавий кредитлар ва депозитлар, шунингдек тақиқланган бошқа манбалардан келадиган даромадлар юзасидан шариатнинг маълум мезонларига жавоб бериши керак;
c. Компания томонидан тайёрланган ва тақдим этилган техник-иқтисодий асослар / молиявий ҳисоб-китоблар ислом банкининг тижорий талаб ва истакларига жавоб бериши керак.
Айланма маблағ компания умумий бизнес фаолиятининг бир қисми бўлганлиги сабабли, Мушорака битими тузилган тақдирда, компаниянинг умумий бизнеси Мушорака компанияси сифатида қаралади.
Ислом банкининг ҳиссаси нақд пулда киритилади ва бу компания талаб қилган маблағ миқдорига тенг бўлади. Компаниянинг ҳиссаси эса (унинг соф активлари қиймати ёки соф бойликлари) компаниянинг шу кундаги баҳоси ҳисобланади.
Мушоракадаги фойда тақсимоти томонларнинг ҳиссаларига мутаносиб равишда ёки ислом банки билан компания ўртасида олдиндан келишилган нисбатда бўлиши мумкин. Лекин борди-ю, компания зарар кўрган ҳолатда, ушбу зарарлар Мушорака капиталидаги ҳар бир шерикнинг улуши миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади. Ислом банки ва компания даромадни Мушорака муддати тугаганда ёки Мушоракани конструктив тугатиш асосида вақти-вақти билан тақсимлашга келишиб олишлари мумкин.
Мушораканинг амал қилиш муддати –компания молиялаштиришни сўраётган даврга тенг. Мушораканинг келишилган муддати тугагач, компания ислом банки томонидан киритилган инвестицияларни қайтариш /сотиб олиш учун Мушорака активларини амалда ёки конструктив тарзда* тугатади. Шунингдек, Мушораканинг амал қилиш муддати ўзаро келишув билан яна узайтирилиши мумкин.
(!) Мушорака шартномаси/лойиҳасини амалда якунлаш билан конструктив, яъни ҳуқуқий жиҳатдан якунлаш ўртасидаги фарқ шундаки, конструктив якунлашда мушорака активлари бозор нархида баҳоланади ва ушбу баҳо ҳамда мушорака бизнеси доирасидаги молиявий мажбуриятлар ўртасидаги фарқ томонларнинг умумий капитали ҳисобланади. Мана энди мушорака лойиҳасига сармоя киритган ислом банкининг улуши тадбиркор шерик томонидан чиқариб берилади ва лойиҳа конструктив жиҳатдан якунланади.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар аш-Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба: https://daralsharia.ae/