Яна бир янглиш тушунча: ДУО ҚИЛИНГ ВА БАРЧАСИ ЯХШИ БЎЛАДИ.
Бизнинг самарадорлигимизга таъсир қиладиган ва кенг тарқалган яна бир нотўғри нарса, бу бизнинг дуога бўлган муносабатимиз. Кимдир қандайдир қийинчиликка дуч келса, биз унга “дуо қилинг” деймиз. Иш топилмаяптими? дуо қилинг, турмуш қурмоқчимисиз? дуо қилинг, бизнесингиз юришмаяптими? дуо қилинг, келаси ҳафта имтиҳонми? дуо қилинг. Гўёки биз мўжиза содир бўлишига ёлғон умид бераётгандек. Агар ҳеч нарса содир бўлмаса, биз уларга “эҳтимол, сизни яхшироқ нарса кутаётгандир, сабр қилинг” деймиз.
Шу ерда бир нарсага аниқлик киритиб ўтишимиз керак: биз дуони кучини камайтириш ёки уни таъсирини йўққа чиқармоқчи эмасмиз! Гап бу ерда, вазиятни ўзгартириш учун фақатгина дуога қилиб, ушбу дуодан кўзланган мақсадга эришиш учун ҳеч қандай чора кўрмаслик ҳақида. |
---|
Агар сиз иш излаётган бўлсангиз, малакангизни оширишингиз, ўзингиз ҳақингиздаги маълумот-CVни янгилашингиз, иш берувчилар билан алоқага чиқишингиз, эшикларини тақиллатишингиз ва ДУО қилишингиз керак. |
Агар сизнинг бизнесингиз юришмаётган бўлса, унинг асосий сабабларини аниқлашингиз, бизнес моделингизни ўзгартиришингиз, ходимлар ёллашингиз ёки бўшатишингиз, бошқарув маҳоратингизни оширишингиз ва ДУО қилишингиз керак. |
Агар сизда келаси ҳафта имтиҳон бўлса, сиз кўп ўқишингиз, астойдил тайёргарлик кўришингиз, қайта-қайта ёзиб-чизишингиз, тажрибалар ўтказишингиз ва ДУО қилишингиз керак. |
Фикрни англаяпсизми? Дуо, астойдил хатти-ҳаракат, самарали меҳнатни ўрнига берилган тирговуч/ҳасса эмас, балки булар ёрдамида етиштирилган ҳосилга барака киришига ва бу ҳосилни йиғишга, меваларини узишга кўмак берадиган маънавий ёрдамчидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам ва Аллоҳнинг бошқа барча пайғамбарлари зарур бўлган барча хатти-ҳаракатларни амалга ошириб кейин дуо қилганлар. Қуйидаги мисоллар фикримизга далил бўлиши мумкин:
- Нуҳ алайҳиссалом 950 йил давомида ўз қавмини ҳақ динга чақириб сўнгра дуо қилдилар;
- Мусо алайҳиссалом Фиръавндан қочиб қутулгандан сўнг дуо қилдилар;
- Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жангидан олдин Қурайш мушриклари қўшини устидан ғалаба қозониш учун зарур бўлган барча ҳарбий режаларни тузиб, эҳтиёт чораларини кўриб бўлганларидан сўнг дуо қилдилар.
Ана шунда дуонинг кучи ўзининг юқори чўққисига чиқади. Уйда ўтириб, ҳаёт машаққатларидан нолиб, ўзига-ўзи ачиниб, мўжизани кутиб дуо қилиб ўтирган билан эмас, балки астойдил меҳнат қилиб дуо қилган билан мўжиза содир бўлади, одатда. Ҳар доим деҳқон каби бўлинг. Унинг вазифаси ерни ҳайдаш, уруғ экиш, суғориш, экилганларни парвариш қилиш ва ана шундан кейин Аллоҳдан ёмғир, яхши об-ҳаво, баракали ҳосил сўраб дуо қилишдир. Ерни экинга тайёрламай, шийпонда ўтириб олиб ёмғир ёғишини сўраб дуо қилувчи деҳқон каби бўлманг.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров