Бир марталик (ягона) битимлар (тижорат амалиётлари)ни молиялаштиришда мушорака ва мудорабадан фойдаланиш жуда қулай. Кичик савдо амалиётларидан ташқари, экспорт-импорт амалиётларини молиялаштиришда ҳам мушорака ва мудорабадан фойдаланиш мумкин.
Импорт қилаётган тадбиркор молия муассасасига бир дона импорт амалиётини мушорака ёки мудораба доирасида молиялаштиришни сўраб мурожаат қилиши мумкин. Банклар ҳам ушбу молия маҳсулотларини импорт амалиётларини молиялаштириш учун қўллашлари мумкин. Бунда, агар аккредитив очилиши ва амалга оширилишида мижознинг маблағлари жалб қилинмаган бўлса, у ҳолда мудораба, агар мижознинг маблағи жалб қилинган бўлса мушорака ёки мудораба ва мушораканинг бирлашган шакли қўлланиши мумкин.
Импорт қилинган маҳсулот етиб келиб сотилгандан сўнг, молиялаштирувчи томон ва маҳсулот импорт қилган тадбиркор олинган фойдани аввалдан келишилган нисбатда бўлиб оладилар. Бунда, молия муассасаси ўзи молиялаштирган нисбатга (улушга) яраша маҳсулотнинг эгаси ҳисобланади.
Ушбу мушорака шартномаси муайян муддат билан чегараланган бўлиши мумкин. Агар шу муддат ичида маҳсулот сотиб бўлинмаса, маҳсулот импорт қилган тадбиркор молия муассасасининг улушини сотиб олиб, ўзи ушбу маҳсулотнинг ягона эгасига айланиши мумкин. Аммо бунда, маҳсулот бозор нархида ёки сотув амалга ошириладиган кундаги нархда сотилган бўлиши керак, мушорака бошланган кундаги нархда эмас. Агар нарх аввалдан келишилган бўлса, молия муассасаси мижоз (импорт қилувчи)ни ушбу маҳсулотни сотиб олишга мажбур қила олмайди.
Худди шу каби, мушорака экспорт амалиёти учун ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз қўлланиши мумкин. Маҳсулот экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркор чет элдан бирор бир муайян маҳсулотга буюртма олиши мумкин. Ушбу маҳсулотнинг нархи аввалдан маълум ва шунинг учун молиялаштирувчи томон олинадиган фойдани олдиндан ҳисоблаб олиши мумкин. Молия муассасаси ушбу амалиётни молиялаштиришда мушорака шартномасини ҳам, мудораба шартномасини ҳам қўллай олади, ҳамда экспорт бўйича харажатларни томонлар ўртасидаги тақсимоти бўйича ҳам (олдиндан) келишиб олади.
Молия муассасаси ўзини экспорт қилувчи табдиркорнинг ҳар қандай лоқайдлиги ва масъулиятсизлигидан кафолатлаш мақсадида унга (яъни экспортчига) экспорт амалиётини аккредитив шартларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга ошириш талабини қўйиши мумкин. Шунда, агар экспорт амалиёти давомида бирор бир хатоликка йўл қўйилган бўлса, бунга фақат тадбиркор жавобгар бўлади ва ушбу хатолик туфайли кўрилган ҳар қандай зарар фақат унинг бўйнига тушади (яъни молия муассасаси бу зарарларга шерик бўлмайди). Аммо экспортчи-тадбиркорнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги ва ноқонуний хатти-ҳаракатларидан бошқа ҳар қандай сабаблар туфайли кўрилган зарарлар томонлар ўртасидаги шартнома асосида бўлинади.