Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир”. (Муслим ривояти).
Ҳадисдан олинадиган баъзи сабоқлар
Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги.
Бир киши мол сотиб олиш истаги йўқ бўлса да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини егувчи хоин деб атаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этган бу қаллоблик “нажаш” деб аталади. Бу сўзни юқорида айтиб ўтилган савдо муомаласидан кенгроқ маънода шарҳлаш ҳам мумкин. Чунки “нажаш”нинг яна бир луғавий маъноси макр ҳийла ва авраш йўли билан бирон нарсани қўзғаш демакдир. Шу маъно эътиборга олинса, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича бўлади: бир бирингизга алдов, ўзаро муомалада ҳийла ишлатмангиз, айёрлик қилмангиз, озор етказмангиз.
Аллоҳ таоло бундай деган: “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур”. (Фотир сураси, 43-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Макр ва алдов дўзахдадир!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъун (лаънатланган)дир!” (Термизий ривоятлари).
Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.
Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, “Уруш ҳийладир!”, деганлар
Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром.
Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.
Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди берди қилмаган бўлсалар у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан” деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман”, деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.
Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?” деганлар.
Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати.
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш каби жазолар белгилаб қўйилган.
Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!” (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.
Манба: https://hadis.islom.uz/40