Мазкур қоида барча ниятга боғлиқ фиқҳ масалаларини, жумладан ибодат, битимлар, амаллар ва муносабатларни қамраб олади. Инсоннинг амаллари унинг ният-мақсадига қараб баҳоланди. Яъни, муайян бир амалнинг ёки келишувнинг натижаси ўша амал нияти ёки келишув мақсадига мувофиқ бўлиши керак. Хусусан, шартномаларда ҳам асосий эътибор сўзлар ва уларнинг ташқи тузилишига эмас, балки мақсад-моҳиятига қаратилади.
Турли масалаларда ҳукм чиқаришда ушбу қоиданинг ўта муҳимлигини ҳисобга олиб, мазкур қоиданинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан ният ва унинг амал билан боғлиқлиги борасида бир нечта мисоллар келтирамиз.
Инсоннинг бажарадиган барча амалларида ниятнинг ўрни жуда катта. Ниятнинг хусусиятлари қуйида қисқача баён қилинган.
Агар бир одам кўчада ёки бирор бошқа жойда бир нарса топиб олса ва ўша нарсани эгасига қайтариш нияти билан олса, бу қилган иш тўғри ва бу одам шу нарсанинг сақловчисига (امين) айланади. Лекин бу одам шу нарсани ўзиники қилиб олиш ниятида олган бўлса, у мулкни ботил йўл билан ўзлаштириб олувчи (غاصب) ҳисобланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам зоҳиран бир хил иш қилинди. Лекин ҳукми ниятга қараб фарқланади.
Шунингдек, бу қоида ибодат (عبادة) билан одатни (عادة) фарқлаб беради. Мисол учун, инсон саҳардан то кун ботгунга қадар рўза тутиш ниятисиз ўзини еб-ичишдан тийса, бу одам рўза тутган ҳисобланмайди. Бу шунчаки бир одат бўлиб, бу ишига савоб ёзилмайди. Агар ҳудди шу амал рўза тутиш нияти билан қилинса, бу энди ибодат ҳисобланади ва унга савоб ёзилади.
Мазкур қоида, ният (ният қалбда туғилади) ва унинг амалдаги кўриниши ўртасидаги фарқ борасида савол туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар ҳукм чиқарувчига асл ният аён бўлса, ҳукм ўша ният асосида чиқарилади (яъни амалнинг зоҳирий кўринишига эътибор берилмайди).
Ниятни аниқ билишнинг имкони бўлмаса, ҳукм амалнинг зоҳирий кўринишига қараб чиқарилади.
Агар ният ва амал (яъни унинг зоҳирий кўриниши) ўртасида тафовут бўлиб, бунда ниятни аниқлаш қийин бўлса, ҳукм амалнинг кўринишига қараб чиқарилади. Бу борада қуйидаги маънодаги ҳадис бор: «Биз амалларнинг ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқарамиз, қалбдаги ниятларни Аллоҳ билгувчи» (Саҳиҳ Бухорий).
Демак, ҳақиқатни/хақни билиш қийин бўлган ҳолатларда, амаллар зоҳирига қараб баҳоланади ва шу асосда ҳукм чиқарилади.
Юқорида ёзилганлардан келиб чиқадики, тўғри ҳукм чиқариш учун асл ниятни аниқлаш жуда муҳим, акс ҳолда ҳукм чиқаришда адолатсизликка йўл қўйилиши мумкин.
Ушбу қоидага қуйида бир нечта мисоллар келтирамиз:
• Одам ўзи яшаш мақсадида ёки сотиш мақсадида янги уй сотиб олиши закот миқдорига таъсир қилади;
• Қимматли қоғозларни сармоя киритиш ниятида (тадбиркорлик) ёки чайқов учун сотиб олиш (таъқиқланган амалиёт);
• Молини нисобдан кам миқдорда ушлаб туриш учун (бир қисмини) садақа қилиш;
• Совға бериш: совға-салом билан бировни қувонтириш (савоб) ёки пора таклиф қилиш (жиноят).