Мақоламизнинг ушбу қисмида муробаҳа орқали молиялаштиришда молия муассасалари йўл қўядиган асосий хатоларнинг баъзиларига тўхталиб ўтсак:
- Молия муассасалари йўл қўядиган биринчи энг асосий ва энг қўпол хато, бу анъанавий банклар фоиз асосида молиялаштирадиган ҳар қандай лойиҳа/шартномани муробаҳа орқали молиялаштиришдир. Масалан, баъзи молия муассасалари корхоналарнинг маош, коммунал тўловлар, бошқа корхоналар олдидаги қарзларини тўлаш каби харажатларини қоплаб бериш учун ҳам муробаҳадан фойдаланишади. Албатта бу ислом молияси тамойилларига тамомила зид амалиётдир. Мақоламизнинг аввалги қисмларида (https://t.me/IslomMoliyasi/196) айтиб ўтганимиздек, муробаҳа бу авваламбор савдо битими бўлиб, харидор учун зарур бўлган молни сотиб олишгагина ишлатилиши мумкин. Бошқа турли мақсадлар учун ислом молиясининг ижара, мушорака каби бошқа маҳсулотларидан мақсад ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш мумкин.
- Баъзи ҳолларда ҳали эгалик ҳуқуқи қўлга киритилмаган маҳсулот мижозга муробаҳа битими орқали сотилади, албатта бу ҳам мумкин бўлмаган амалиёт бўлиб, одатда бундай битимлар муробаҳа босқичлари кетма-кетлиги инобатга олинмаганлиги сабабли юзага келади. Биламизки, ислом молияси қоидаларига кўра ўзида бўлмаган маҳсулотни сотиш мумкин эмас*. Муробаҳа шартларига риоя қилинмасдан амалга оширилган битимнинг эса фоиз асосидаги анъанавий кредитдан фарқи йўқ, яъни битим номи ўзгаргани билан мазмуни ўзгариб шаръий нуқтаи назардан жоиз бўлиб қолмайди. Бундай ҳолатлар бўлмаслиги учун молия муассасалари шариат кенгашлари муробаҳа битимининг ҳар бир босқичи ҳақиқатда амалга оширилганлигига амин бўлишлари керак.
- Баъзи молия муассасалари мижоз учинчи тарафдан олиб бўлган маҳсулотни молиялаштириш учун ҳам муробаҳадан фойдаланишади. Албатта бу амалиёт ҳам ислом молияси қоидаларига зид, чунки:
- биринчидан, молия муассасаси мижоз олиб бўлган молни яна ўша учинчи тараф – сотувчидан қайта сотиб олиши мумкин эмас;
- иккинчидан, молия муассасаси ўша молнинг ўзини мижоздан сотиб олиб яна унинг ўзига қайта сотолмайди, чунки бундай амалиёт шаръий жиҳатдан ножоиз.
Умуман олганда, мижознинг олиб бўлинган мол устидан муробаҳа битими тузишга ҳаракат қилиши, бу унинг молия маблағларига эҳтиёжи борлигини, яъни у жалб қилинган маблағларни ёки сотувчи олдидаги ўз молиявий мажбуриятларини бажариш, ёки бошқа мақсадлар учун ишлатмоқчи эканлигини англатади. Ушбу икки ҳолатда ҳам ислом молия муассасаси муробаҳа битими тузолмайди.
- шу билан бирга, замонавий молия муассасалари бирор бир аниқ маҳсулотни мижознинг буюртмаси, ҳамда шу маҳсулотни сотиб олиш ваъдаси асосида сотиб олиб, кейин уни мижозга муробаҳа шартномаси асосида сотишади. Муробаҳанинг бундай шакли ислом молияси тамойилларига зид эмас.