Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли таъминот билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилган, шунингдек, жамият учун зарур бўлган оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилган. Эъзозга лойиқ бўлган аёллар эса ишлаш масъулиятидан озод қилинганлар.
Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.
Қуръондан далиллар: Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида марҳамат қилади:«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», (7-оят). Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:«Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш ота (эр)нинг зиммасидадир», (233-оят). Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида марҳамат қилади: «У(аёл)ларга имконингиз борича, ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», (6-оят).
Суннатда келган далиллар: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар:«Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар… Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор». Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилишган.
Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:
1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар ҳаддан ташқари талабни кучайтирмасликлари лозим. Ҳозирги кунимизда баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётгани ҳақида шикоятлар кўп. Баъзи “эркаклар” хотинини нафақа билан таъминламагани ҳам етмагандек, бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқ, деб талаб қўйишяпти.
Баъзи хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Яна келин тузалган кунининг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Аслида, бу ўзини билган ҳар бир эркак киши учун ор-номус бўлиши керак. Келин отасиникидан бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига келтириб даволатиши лозим.
Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
а) Таом. Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка ва унга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
б) Кийим. Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида «Ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади», дейилган.
в) Маскан. Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли нарсалар бўлиши лозим. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида қулфи бор уй аёлга кифоя қилади. Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам алоҳида яшашга лозим қулайликлари бор уй бўлса, етади.
г) Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
д) Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг бошқа керакли матоҳлари.
2. Агар эр моли бўла туриб нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса қамалмайди.
3. Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган аёлга нафақа йўқ.
4. Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади. Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати қуйидагича.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:«Агар қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим» (280-оят). Демак, ночор одамни кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас. Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади: «Ва ўзингиздан оиласизларни ва қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар, Аллоҳ ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ қамрови кенг ва ўта билимдон зотдир» (32-оят). Бу ерда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.
5. Фойиб, яъни йўқолиб қолган одамнинг молидан фақат хотини, боласи ва ота-онасининг нафақасини қози белгилаб беради.
Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг ҳолатидан ҳамда жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган. Масалан, ёш болаларни, хусусан қиз болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.
Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.
Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, эр ўз аёлига нафақа қилмаган вазиятда ёки оиласи муҳтож бўлганда эри билан келишиб, ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Баъзи уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.
Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч ким ҳақли эмас.
Манба: https://islom.uz ва https://savollar.islom.uz да берилган мақола ва маълумотлар асосида тайёрланди.