Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдан бир соатлик йўлда жойлашган кичик шаҳарчада, Ислом тамойилларига мос келадиган олтин маҳсулотлари ва хизматларининг ўсиб бораётган машҳурлигини кўрсатувчи юқори хавфсизлик талабларига жавоб берувчи янги омбор қурилди.
Швеция нақд пул ва қимматбаҳо металларни ташиш билан шуғулланувчи Loomis AB компаниясининг бўлинмаси ва Малайзия маҳаллий хавфсизлик фирмаси E2S Group томонидан биргаликда бошқариладиган Nilai шаҳрида жойлашган 20 тонналик ушбу иншоот мамлакатнинг ривожланаётган Ислом олтин тармоғига киришга қаратилган ҳаракатини ифодалайди.
“Маҳаллий олтин дилерларида хавфсиз сақлаш иншоотларига бўлган истак бор,” – деди Loomis International нинг Сингапурдаги офиси раҳбари Jeremy Beh, ўтган ҳафтада трейдерлар ва банкирлар иштирокида бўлиб ўтган анжуман доирасида берган интервьюсида.
“Сўнгги пайтларда бир неча маҳаллий банклар талаб ортиши сабабли ҳалол олтин инвестиция маҳсулотларини тақдим эта бошладилар,” – деди у.
Олтин, марказий банклар ва инвестицион талабнинг ўсиши туфайли ўтган йил давомида энг яхши натижа кўрсатган асосий маҳсулотлардан бири бўлди.
АҚШнинг Goldman Sachs Group Inc таҳмини бўйича олтиннинг бир унцияси нархи 4000 АҚШ долларигача кўтарилиши кутилмоқда.
Standard Chartered Plc маълумотларига кўра, Ислом молияси бозорининг умумий қиймати 2028 йилга келиб 5,5 триллион АҚШ долларидан 7,5 триллион АҚШ долларигача ошиши мумкин.
Олтин ислом молияси тамойилларига жуда мос бўлган маҳсулот, бироқ, бошқа эътибор қилиниши керак бўлган муҳим талаблар мавжуд: олтинга бўлган шариат талаблари бажарилиши шарт, хусусан инвестиция битимлари пайтида олтинга бўлган мулк ҳуқуқи бир томондан иккинчи томонга дарҳол ўтказилиши керак.
Шариатга мос келувчи олтин амалиётларига бўлган талаб нафақат Малайзияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам кучаймоқда.
Малайзияда рўйхатга олинган олтин билан таъминланган шариат талабларига мос келувчи биржа-савдо фонди бу йил рекорд миқдордаги активларга эришди, Дубай биржасининг Ислом олтин спот шартномаси бўйича савдо ҳажми биринчи ярим йилда деярли уч баробар ошган.
“Олтин инвестиция маҳсулотларига талаб жуда юқори,” – деди Bank Rakyat нинг чакана депозит ва бойлик бошқаруви бўйича катта вице-президенти Mokhrazinim Mokhtar, бу банк апрел ойида мижозларга Шариат тамойилларига амал қилган ҳолда жисмоний олтинга онлайн инвестиция қилиш имконини берадиган маҳсулотни тақдим этди.
“Мижозлар ўз жамғармаларини нақд пулдан олтинга ўтказишларини кўряпмиз,” – деди у.