Бугунги кунда баъзи ислом банклари ўз мижозларининг молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “ташкиллаштирилган таварруқ” деб аталадиган молиявий тузилма (схема) қўллашади.
Ушбу молиявий тузилма жараёнда мижоз молиявий муассасадан муддатли тўлов асосида мол сотиб олади (одатда бу металл, олтин ёки кумуш бўлади) ва кейин (аксарият ҳолларда бу дарҳол амалга оширилади) ушбу молни учинчи томонга сотиб юборади ва нақд пулга эга бўлади. Умуман олганда таварруқ жоиз амалиёт, лекин бунинг ислом банклари орқали ташкил этиш ислом уламолари ва ислом молияси мутахассислари жиддий эътирозига сабаб бўлади.
Хўш, “ташкиллаштирилган таварруқ” қандай амалга оширилади?
1. Насияга сотиб олиш.
Мижоз банк ёки молиявий муассасадан муайян актив (мол)ни муддатли тўлов асосида сотиб олади. Ушбу нарх банк маржаси (фойдаси)ни ўз ичига олади.
2. Дарҳол сотиш.
Мижоз сотиб олинган активни учинчи томонга дарҳол нақд пул эвазига сотиб юборади.
3. Ликвидлик (яъни керакли нақд пул)ни қўлга киритиш.
Мижоз ўз эҳтиёжи учун зарур бўлган пулларни қўлга киритади ва шу билан бирга, банкка муддатли тўлов шартлари бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади.
Оддий ва ташкиллаштирилган таварруқ ўртасидаги фарқ
– Оддий таварруқ.
Мижоз жараённи мустақил равишда амалга оширади, яъни молни бир сотувчидан сотиб олади ва бошқасига (яъни 3 томонга) сотади. Бунда банк воситачи сифатида иштирок этмайди.
– Ташкиллаштирилган таварруқ. (Tawarruq Munazzam).
Молиявий муассаса (ислом банки) воситачи сифатида иштирок этади ва мижоз учун активни ҳам сотиб олиш, ҳам сотиш жараёнини ташкил қилади.
Ташкил этилган таваррук бўйича баҳслар.
Баъзи ислом олимлари ташкиллаштирилган таварруқни танқид қиладилар, чунки уларнинг фикрича, у рибога (фоизга) жуда ўхшайди, лекин унга қўйилган тақиқни шаклан четлаб ўтади (яъни ҳийла қилинади). Бу бўйича асосий муаммо ва уни қўлланиши билан боғлиқ танқид шундаки, актив фақат расман иштирок этади, амалда эса битимнинг асосий мақсади мижозни нақд пул билан таъминлаш (бу худди кредит бериб фоиз олишга ўхшайди).
Аммо, афсуски бугунги кунда ташкиллаштирилган таварруқ ислом молиясида жуда оммалашиб кетяпти, чунки у сиртдан қараганда ислом молияси тамойилларини бузмаган ҳолда мижозларни ликвидликка (яъни нақд пулга) бўлган эхтиёжини қондирмоқда.
Бундай турли шубҳали амалиётларнинг пайдо бўлишига ислом молиясидаги асосий маҳсулотлар ҳисобланган мушорака ва музораба ислом молия муассасалари томонидан қўлланиши жуда чекланганлиги билан боғлиқ деб ўйлаймиз. Уларнинг қўлланиши чекланганлиги эса фақатгина ислом молия муассасаларининг ушбу молия битимларини қўллашни истамаганликлари билан эмас, балки жамиятда (энг ачинарлиси мусулмонлар ичида) омонатдорлик, диёнат, ишонч, масъулият масалаларида жиддий муаммолар борлиги билан изоҳланади. Зеро, музораба ва мушорака орқали лойиҳаларни молиялаштириш учун лойиҳа ташаббускори бўлган мижоз ва лойиҳани молиялаштиришда иштирок этувчи томон бўлган ислом банки лойиҳа доирасида бир бирларининг ишончли вакили ва бизнес ҳамкори сифатида ҳаракат қилишлари лозим. Агар икки томон бир бирига ишонмаса, бири иккинчисидан қайсидир муҳим маълумотларни беркитса, бир иккинчисини алдашга ҳаракат қилса, унда бундай бизнес “ҳамкорликдан” ҳеч қандай маъни/фойда йўқ (хайр-барака ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом молия муассасалари ислом руҳиятига мувофиқ ишлашлари учун биз, яъни жамият аъзолари ҳам ўзимизни ҳақиқий мусулмонлардек тутишимиз керак экан. Валлоҳу аълам.