12 ноябрь куни Россия Давлат Думаси (қуйи қонунчилик палатаси) учинчи, яъни якуний ўқишда бир қатор қонунларга ўзгартишлар киритди. Шу жумладан, меросга алоқадор бир қонунга ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда, нотариуслар зиммасига меросхўрларга марҳумнинг барча қарзлари ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилди.
Бу ўзгаришлар кучга кириши учун уни қонунчилик юқори палатаси (Федерация Кенгаши) маъқуллаши ва давлат раҳбари имзолаши керак. Қонун расман эълон қилинганидан бир йил ўтиб кучга киради.
Хўш, нима мақсадда ушбу қонун қабул қилиняпти ва нега меросхўрлар меросни қабул қилишдан олдин марҳумнинг қарзлари ҳақида билишлари муҳим (айнан ушбу қонунга боғлиқ ҳолда)?
Меросхўрларга марҳумнинг нафақат мол-мулклари, балки унинг барча қарзлари, хусусан коммунал тўловлар бўйича, алиментлар, солиқлар, марҳум зиммасига олган кафиллик(!), қарзлар ва кредитлар бўйича барча қарзлари ҳам ўтади. Меросни қабул қилган янги мулк эгалари марҳумнинг ушбу молиявий мажбуриятларини ундан қолган мол-мулк ҳисобидан (яъни уларнинг бозор қиймати доирасида) бажаришлари керак бўлади.
Масалан, мерос қолдирувчининг уйи ва машинаси қийматининг бозор баҳоси 10 000 000 рубльга тенг, аммо унинг 20 000 000 рубльга тенг қарзлари бор. Бу ҳолатда, меросни қабул қилиб олган меросхўр, қарз берувчиларга фақат 10 000 000 рубль тўлаши керак бўлади (яъни мерос сифатида қабул қилиб олинган мол-мулкнинг қиймати доирасида). Демак, бунда меросхўр қарзни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаб, мерос сифатида унга теккан мол-мулкни сақлаб қолиши ҳам мумкин, меросни сотиб, тушган пуллар билан марҳум мажбуриятларини ёпиши ҳам мумкин. Қабул қилинаётган қонун унга шу икки йўлдан бирини танлаш ҳуқуқини беради.
Эндиликда, меросхўрлар мерос қолдирувчининг қарзлари ҳақида маълумотга эга бўлишса, улар меросни қабул қилиб олиш ёки қабул қилмаслик бўйича қарор қабул қилишлари мумкин бўлади. Зеро, мерос очилган кундан бошлаб уч иш куни ичида нотариус меросхўрларга марҳумнинг банклар ва микромолия ташкилотлари олдидаги кредитлари (шу жумладан, улар бўйича фоизлар ва жарималар) ва бошқа турли қарзлари ҳақида маълумот бериши шарт.
Қабул қилинган қонуннинг мақсади — эҳтимолий меросхўрларни кутилмаган муаммолардан ҳимоя қилиш ва уларни мерос қолдирувчи ҳаётида ёпилмаган қарзлари ҳақида меросни расмийлаштирмасдан олдин огоҳлантириш.
Манба: https://notariat.ru/ru-ru/news/o-dolgah-nasledodatelya-rasskazhet-notarius-2411
“Ислом молияси”дан изоҳ: ушбу қонун тўлиғича ислом динидаги меросга оид талабларга мос келади дейиш мумкин, яъни динимизда меросхўрлар марҳумнинг барча қарзларини, меросдаги ўзларининг улушларини тасарруф қилишдан (ишлатишдан) олдин марҳумдан қолган мол-мулк ҳисобидан ёпишлари шарт. Россия каби дунёвий давлат қонунчилари ҳам динимизнинг ўзгармас қонун қоидаларига ўзлари истаган ёки истамаган ҳолда эргашишлари эътиборга молик…
Қўшимча равишда мавзуга оид қуйидаги мақолани ўқиб чиқинг: https://islommoliyasi.uz/uz/7657/