2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 34,8 фоизга ошди. Бу ҳақда 31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилган.
Бу даврда пул ўтказмалари ҳажми 11,62 миллиард долларни ташкил этди (2023 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 8,4 миллиард долларни кўрсатган). Ўзбекистонга энг кўп жўнатилган пул июлда келиб тушган — 1,78 миллиард доллар. 10 ой ичида бу сумма 12,5 миллиард долларни ташкил этди.
МБ раҳбарининг сўзларига кўра, Россиядан ўтказмалар 35 фоизга — 8,75 миллиард долларгача ўсди, унинг улуши эса — 77 фоиздан (биринчи ярим йил охирида) 75,3 фоизгача камайди. Жанубий Кореядан 420 миллион доллар (+76 фоиз), Қозоғистондан — 625 миллион доллар, АҚШдан — 415 миллион доллар, Туркиядан — 291 миллион доллар, Буюк Британиядан — 93 миллион доллар (+67 фоиз), Польшадан — 48 миллион доллар (деярли 2 баробар ўсиш) келиб тушди. БААдан тушумлар 66 фоизга ошди (ҳажми эълон қилинмади).
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши қарийб 87 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда у 78 фоизга камайган.
Ўтган йил охирида Жаҳон банки Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг босқичма-босқич қисқаришини қайд этган эди. Бу РФдаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сонининг қисқариши, сўмнинг рублга нисбатан мустаҳкамланиши, шунингдек, Россияда инфляциянинг ўсиши билан изоҳланган.
Январда давлат раҳбари ташкилий ишга қабул қилиш орқали хорижий давлатларга ишга жойлаштириш учун 100 мингга яқин фуқарони ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея, Польша, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун 50 минг бўш иш ўрни учун қабул эълон қилди. Бу борада меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.
Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2024/10/31/money-transfers/